Тоттенхем раҳбарияти трансферлардаги хатоларни тан олди

Тоттенхем раиси Piтер Чаррингтон клуб мухлисларига йўллаган очиқ хатида жамоанинг сўнгги йиллардаги муваффақиятсизликлари ва трансфер сиёсатидаги хатолар учун узр сўради. Унинг тан олишича, Лондон клуби узоқ вақт давомида спорт натижаларини эмас, балки тижорий манфаатларни биринчи ўринга қўйган. Бу эса жамоанинг Англия Премер-лигаси тарихидаги энг оғир мавсумларидан бирини ўтказишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мавсумнинг сўнгги турида Эвертон устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалаба Тоттенхем жамоасини қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолди. Натижада, 1977-йилдан буён илк бор иккинчи дивизионга тушиш хавфи бартараф этилди ва уларнинг ўрнига Лондоннинг бошқа бир клуби Вест Хем чемпионатни тарк этди. Чаррингтоннинг сўзларига кўра, клуб ўзининг ўзига хослигини ва мухлислар билан алоқасини йўқотиб қўйган эди.
Клубда туб бурилиш ўтган йилнинг сентябрь ойида, Даниел Левй 25 йиллик бошқарувдан сўнг лавозимини тарк этганида бошланган. Чаррингтон ушбу ўзгаришлар анча кеч амалга оширилганини таъкидлади. Унинг айтишича, жамоа дунёнинг энг кучли лигасида рақобатлашиш учун етарли даражада шакллантирилмаган ва асосий ролларда керакли мутахассислар етишмаган.
Шунингдек, клуб раҳбарияти Тоттенхем сотилиши ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Люислар оиласи лойиҳага тўлиқ содиқ эканини ва Америка технология инвесторларидан келган таклифлар кўриб чиқилмаётганини билдирди. Эндиликда асосий эътибор ёзги трансфер ойнасига қаратилади, унда фақат спорт натижалари устувор вазифа этиб белгиланади.
Чаррингтон нафақат асосий жамоа, балки академия, тиббиёт бўлими ва аёллар жамоасини ҳам тўлиқ ислоҳ қилишга вада берди. "Биз ҳар мавсумда энг кучли жамоалар билан курашишимиз шарт. Ушбу мавсум Тоттенхем талабларига мутлақо жавоб бермади, аммо биз мухлислар ишончини қайтариш учун жамоани қайта қурамиз", — дея хулоса қилди клуб раиси.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!