22:42 / 11.03.2017
4 528

Мулоҳаза: Осуда футбол оғриғи

Мулоҳаза: Осуда футбол оғриғи

Баҳор - уйғониш ва янгиланиш фасли. Шу боис, кўклам остонасида ҳар бир футбол мухлиси кайфиятида ғалабалар соғинчи, ўзгачаликка интилиш иштиёқи ниш уриши табиий. Айниқса, янги мавсум бошида шундай некбин туйғулар тўфони мухлислар қалбида қўзғолон кўтаради. Бу мавсум ибтидосида ҳам аввалгилари каби соғинч ва саркаш ҳиссиётлар зиддияти ўз ифодасини топди.

Янги чемпионатнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, олий лигада икки нафар тажрибали мураббий иш бошлади. Гап Рауф Инилеев ва Виктор Кумиков хусусида бормоқда. Зукко мухлислар уларнинг олий лига баҳсларига тараққиёт шабадаси мисол кириб келишларига умид боғлашди.

Дейлик, мавсумолди тайёргарлик жараёнида «Обод» ва «Олмалиқ» иштирокидаги назорат учрашувлари натижаларини қизиқиш билан кузатишди. Одатдагидек, мавсумга шайланиш олий лига клубларининг аксариятида кўтаринки руҳда ўтди. Мухлислар ҳам «Бу йилги чемпионат бошқача кечади, чоғи», дея даст­лабки тур ўйинларини интизорлик билан кутишди. Мана, 1-тур ортда қолди, эртага эса иккинчиси бошланади.

Хўш, дастлабки тур натижалари мухлисларда қандай ҳис-туйғулар уйғотди? Аввало, тилга олинган икки тажрибали мураббий жамоаси сафарда мағлубиятга учраганини таъкидлаш жоиз. «Обод» ҳам, «Олмалиқ» ҳам муносиб рақиб билан куч синашди. Лекин улар жуда кучли саналмайди. Зеро, «Навбаҳор» ва «Бухоро»нинг бугунги ҳолати барчага маълум. Илҳом Мўминжонов ва Улуғбек Бақоев ўзлари раҳбарлик қилаётган жамоаларни деярли қайтадан шакллантиришди. Иккиси ҳам мураббийлик борасида тажрибасиз.

Рауф Инилиев ва Виктор Кумиков мана шу тажрибасиз мураббийларга ютқазишди. Тўғри, Рауф Талгатовичнинг маълум сабаблар боис, Наманганда жамоасини бевосита бошқаролмаганини айтиш керак. Лекин факт шуки, ёшлик тажрибадан устун келди.

Шундай хулоса чиқарсак, мантиқан тўғри бўладими? Зоҳиран бу хулоса мантиққа мувофиқ, ботинан тажрибали мураббийлар жамоаларининг мағлубияти баҳорги изғирин каби онгни жунжиктиради.

Биз Наманган ва Бухородаги футбол шодиёнасидан завқландик, қувондик, «Нав­баҳор» ва «Бухоро»даги туб ўзгаришлар вақти келиб, футболимизда жиддий ижобий янгиланишларга йўл очади.

Наманганлик ва бухоролик мухлисларнинг сафар учрашувларига сафарлари яна овоза бўлиши, мамлакатимиз бўйлаб довруқ таратиши аниқ.

Албатта, бу ҳол барчамизга мамнуният бағишлайди, аммо икки тажрибали мураббийнинг футбол фалсафаси бирданига мағлуб бўлгани ўйга толдиради. Рақиб «Насаф» ёки «Локомотив» бўлса ҳам, майли эди. Қолаверса, «Олмалиқ» таркибини кучсиз, дейиш адолатдан ҳисобланмайди. Ҳар ҳолда, мухлисларнинг янгиланиш босқичидаги умидлари дастлабки турда оқланмади.

Ана, Антонио Конте ва Юрген Клопп томонидан Англия премьер-лигасига олиб кирилган янги ҳавони таърифлашга тил жоиз. Тўғри, «Челси» ва «Ливерпул»нинг амалдаги мураббийлари «А» серияси ҳамда бундеслигада эришган ютуқлари билан мухлислар меҳрини қозонишган, лекин АПЛ ҳар иккиси учун янги муҳит эди.

Улар бу ўзгачалик олдида эсанкирашмади, аксинча, АПЛнинг таниқли «бўри»ларини эсанкиратишмоқда. Қаранг, ўйин профессори саналмиш Арсен Венгернинг боши хам, бемисл футбол тафаккури соҳиби нима қилишга ҳайрон.

«Бавария»нинг қақшаткич зарбасидан сўнг «Арсенал» ўнгланишга уринди, бироқ «Ливерпуль» бунга йўл қўймади ва «тўпчилар» яна ғалаба снарядларини очишолмади. Энди Клаудио Раньери ортидан Арсен Венгерга ҳам истеъфо «оқ йўли» тиланиши аниқ бўлиб турибди. Ҳаммасига Антонио Конте ва Юрген Клопп айбдор. Чунки бу икки мураббий АПЛдаги барча кўникиб бораётган «ҳаво»ни ўзгартириб юборди. Муҳитни янгилаш учун кураш ҳеч қачон осон кечмайди. Бу масалада айниқса, Юрген Клопп анча қийналди. Мухлислари бахтига, у январь ойида «Ливерпуль» осмонида қуюқлашган қора булутларни илож топиб, тарқатди ва ниҳоят, «Арсе­нал»дек жамоа устидан ғалабани таъминлади. Энди бечора «Арсенал» қудратли «Бавария»га қарши қандай кайфиятда ўйнайди? Бу - мухлислар учун жумбоқ. Нима бўлганда ҳам, Арсен Венгерни тушуниш мумкин. Уни Карло Анчелотти ва Юрген Клопп каби етук мураббийлар шакллантирган «мушт» гангитди. Мағлубиятга учраган онг рақибнинг юксак савиясини эътироф этмоғи даркор. Афсуски, ғалаба қозонган томон ҳар доим юксак савияли бўлавермайди, аммо кучли рақибни енгади. Шу маънода айтсак, Виктор Кумиков ҳолатини тушуниш шарт эмас. Негаки, у Арсен Венгер каби кучли мураббийдан эмас, балки Улуғбек Бақоевдан енгилди. Таъна қилса арзийдиган ҳолат. Бизни тўғри тушунинг, қайсидир клубнинг муваффақияти бир гуруҳ мухлислар учун муҳим, бироқ миллий чемпионатимизда «янги ҳаво» эсиши барча-барчамиз учун муҳимроқдир.

Савол туғилиши табиий: Виктор Кумиков мағлубияти хусусида мулоҳаза юритиляптию, Илҳом Мўминжонов ва Улуғбек Бақоевнинг ютуқлари «янги ҳаво» саналмайдими? Очиғи, машҳур собиқ футболчиларнинг олий лигага мураббий сифатида қайтишганини ҳар қанча олқишласак арзийди. Ҳарқалай, олий лиганинг ўртамиёна жамоасига мураббийлик қилишни унча-мунча мутахассис истайвермайди. Яқин футбол тарихининг таниқли футболчилари бунга журъат этибдиларми, демак, уларда қандайдир янгилик қилиш иштиёқи, аҳд, режа мавжуд. Бир пайтлар Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин ва Бахтиёр Ашурматов мураббийлик соҳасига шундай шиддат билан қадам ташлагандилар. Таассуфки, ўша шиддат бугун сўнди, ҳисоб. Ҳар қанча афсусланмайлик, собиқ бош мураббийларни тушунишга интилмайлик, бу - факт. Ўжар факт­лар раҳм - шафқат билмайди ва таққослаш сари йўллайди мулоҳазаларни. Ўз-ўзидан, табиий равишда, олий лиганинг 1-турида зафар қучган янги мураббийлар ва собиқ мақомини олганлар савиясини ўзаро таққослаймиз. «Янги»лар «собиқ»лар амалга оширолмаган ишларни рўёбга чиқаришга қодирми? Савол оғир ва аламли. Жавоб беришда иккиланасан киши. Умид ва умидсизлик, ишонч ва ишончсизлик курашади кўнгилда. Умид боғлашга уринасану, «собиқ» ва «янги»лар бир давр, ягона муҳит вакиллари эканликларини ўйлаб, бундай қилолмайсан. Умидсизлик эса инсонийликка зид. Хуллас, вазият қалтис ва яна кутиш, умид қилишга мажбурмиз.

Ўзга йўл бўлмагач, мавжудидан юрмоқ - инсонга хос одат. Ҳа, одат! Аммо унутмайликки, одатлар шаклланиш баробарида янгиланади ҳам. Ҳозир футболимизда фаолияти давомида юксак халқаро натижаларга эришолмаган собиқ футболчиларнинг мураббийлик даври ҳукмрон. Улар орасида бир ўйинда 2та пенальтини кўкка совурган Фёдор Смоловга учинчи марта имкон берган, бера олган Игорь Шалимов каби мураббий борми? Ишқилиб, бор бўлсин! Айни пайт ўша савияга етиш ҳам биз учун орзу. Начора, ҳозирча футболимиз онгидаги осудалик оғриғи билан яшаймиз...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мулоҳаза: Осуда футбол оғриғи