Темур Кападзе «Бухоро»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди

Суперлига 2-туридан ўрин олган «Навбаҳор» - «Бухоро» (0:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида ўз фикрларини билдирди.
- «Бухоро»ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин жуда қийин бўлди. Рақиб яхши ҳимояланди ва ўйинни бузишга ҳаракат қилди. Бундай вақтда биргина вазият ёки гол ҳаммасини бирданига ўзгартириб юбориши мумкин эди. Афсуски, вақтида гол ура олмадик. Гол уриш учун ҳаракат қилдик, аммо кўп ҳам имкониятга эга бўлмадик. Бунга «Бухоро» жамоаси ҳам йўл бермади. Гол ўтказиб юборганимиз яхши бўлмади.
Очиғи, рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга қийналдик. Бу мавсумнинг боши. Бундай ўйинлардан кейин хатолардан хулоса чиқарамиз. Ваҳимали жойи йўқ. Кейинги баҳсларга яхши тайёргарлик кўрамиз.
Баҳс олдидан рақибни яхши ўргангандик. Кўпроқ ҳимояга эътибор қаратишини билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўргандик. «Бухоро»га қарши баҳс орқали камчиликларимизни кўриб олдик.
Вазиятлардан фойдалана олмаслик мени ташвишга солгани йўқ. Легионерлар сўнгги кунларда жамоага келиб қўшилди. Таркибдаги бошқа футболчиларнинг даражаси ҳам юқори. Футболчиларимга ишонаман. Мағлубият ёқимли бўлмаса-да, бундан етарлича хулоса қилишимиз мумкин.
Норчаев Италияда даволанмоқда. Даволаниш муддати якунига етганидан сўнг жамоага келиб қўшилади. Стандарт вазиятларга яхши тайёргарлик кўргандик. Рақиб айнан шу томондан бизни жазолади ва осонликча гол уриб кетди. Бундай ҳолатларни таҳлил қилиб чиқамиз», — деди Кападзе дея унинг сўзларидан келтиради «Навбаҳор» матбуот хизмати.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!