Ҳусанов 90 дақиқа ўйнади: «Сити» «Нюкасл»ни енгиб, чоракфиналга чиқди

Англия кубоги 1/8 финалида «Манчестер Сити» сафарда «Нюкасл»га қарши майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. Мезбонлар баҳсни фаол бошлади ва 18-дақиқада Барнс ҳисобни очиб, «Сент-Жеймс Парк»ни бир зумда “уйғотиб” юборди. Аммо бу гол «шаҳарликлар»ни тўхтатиб қўя олмади — аксинча, «Сити» кейинги дақиқаларда ўйинни ўз фойдасига буриб кетди.
Биринчи бўлимнинг охирларида, 39-дақиқада Савинио таблода мувозанатни тиклади — 1:1. Танаффусдан кейин эса «Сити» босимни янада кучайтирди: 47-дақиқада Мармуш гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Баҳс тақдири деярли ҳал бўлган пайтда ҳам меҳмонлар тўхтамади — 65-дақиқада Мармуш яна бир бор дарвозани ишғол қилиб, дубл қайд этди ва ҳисобни 1:3 кўринишига келтирди.
Бу учрашувда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Энг муҳими, у юқори босимли сафар ўйинида охиригача майдонда қолиб, жамоасининг чоракфиналга чиқишида ўз ҳиссасини қўшди. Бундай баҳсларда тўлиқ ўйнаш — ҳимоячи учун ҳам ишонч, ҳам мураббийлар штаби томонидан берилган катта баҳодир.
Шу тариқа, «Манчестер Сити» Англия кубогида навбатдаги босқич — чоракфиналга йўл олди. «Нюкасл» эса биринчи голдан кейин устунликни ушлаб тура олмади ва ўйин ритмини меҳмонларга бериб қўйди.
Англия кубоги. 1/8 финал
Нюкасл — Манчестер Сити 1:3
Голлар: Барнс 18 – Савинио 39, Мармуш 47, 65.
Нюкасл: Рамсдэйл, Триппиер (Берн, 63), Тиав, Ботман, Ҳолл, Эланга (Жоэлинтон, 62), Тонали, Уиллок, Волтемаде (Гордон, 72), Барнс, Осула (Висса, 63).
Манчестер Сити: Траффорд, Нунес, Ҳусанов, Стоунз, Аке, Нико, Рейндерс, О’Райли, Савинио (Шерки, 79), Доку (Доку, 79), Мармуш (Семенё, 73).