АПЛнинг 2 клуби Абдуқодир Ҳусановни қандай қўлга киритишни ўйламоқда

Англия Премьер-лигасининг икки тажрибали вакили “Манчестер Сити”нинг марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни ўз таркибида кўриш истагини билдирмоқда. Журналист Луис Хоббснинг маълумотларига кўра, “Эвертон” раҳбарияти ўзбек легионерини доимий асосда катта сумма эвазига сотиб олиш имкониятини ўрганмоқда. Ливерпуль шаҳри клуби юлдузи Жэррад Брантуэйтга бошқа гранд клублардан таклифлар келаётгани кузатилмоқда ва ушбу трансфер амалга ошса, тушадиган маблағ Ҳусановни олишга йўналтирилади.
Агар “Эвертон” Ҳусановнинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олиш имконига эга бўлмаса, клуб ижара шартномаси орқали уни ўз сафига қўшиш вариантларини кўриб чиқади. Бу режа Жек Грилишнинг трансфер ҳуқуқи тўлиқ амалга ошганидан кейин ишга тушиши режалаштирилган. “Манчестер Сити” раҳбарияти Грилиш масаласи ҳал бўлмаса, бошқа ўйинчиларни ижарага бериш бўйича музокараларни бошламайди.
Шу билан бирга, Премьер-лиганинг яна бир клуби – “Борнмут” ҳам Ҳусанов масаласида қизиқишини билдирмоқда. Улар ҳимоя ротациясини кучайтириш учун асосан ижара вариантини кўриб чиқмоқда. Абдуқодирни таркиб чуқурлигини таъминлайдиган ва тактик универсалликка эга футболчи сифатида танлаган.
Экспертлар таъкидлашича, “Манчестер Сити” Ҳусановнинг ривожланишига эҳтиёткор ёндашмоқда ва аниқ спорт лойиҳаси бўлмаган ҳолда унинг трансферини маъқулламайди. Клубдаги муҳит 22 ёшли футболчининг ўсиши учун идеал саналади.
Шу билан бирга, “Эвертон”дан келадиган жиддий таклифлар ёки Ҳусановнинг асосий таркибда мунтазам ўйнашга бўлган интилиши “шаҳарликлар”ни ўз позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин.
Ҳусановнинг тезлик, тактик онг, жисмоний куч ва ҳимоядаги хотиржамлиги уни нафақат “Эвертон” ва “Борнмут”, балки ҳар қандай жамоа учун муносиб вариантга айлантиради. “Эвертон”да у чуқур ҳимоя блокида Брантуэйтнинг жисмоний кучини алмаштириши мумкин, “Борнмут”да эса позицион ўйин ва тезликда устунлик беради.
Ёзги трансферлар ойнаси яқинлашгани сари иқтидори юқори Абдуқодир Ҳусанов олдида янги имкониятлар очилади. Бу жараён “Манчестер Сити” трансфер сиёсати, Хосеп Гвардиоланинг режаси ва футболчининг шахсий мақсадларига боғлиқ бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!