“Пахтакор” камбэк қилди: Тожиев жамоа ўйинидан мамнун

Ўзбекистон Суперлигасининг 4-турида "Пахтакор" ўз майдонида "Сўғдиёна"ни қабул қилди. Голларга бой ва шиддатли ўтган учрашувда “шерлар” ирода кўрсатиб, 4:2 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.
Беллашув кутилмаган тарзда бошланди — мезбонлар тезкор гол ўтказиб юборди ва бу жамоа учун маълум даражада босим юзага келтирди. Аммо "Пахтакор" футболчилари вазиятни тезда назоратга олишди ва биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.
Иккинчи таймда эса майдонда бутунлай бошқа манзара кузатилди. “Шерлар” ташаббусни тўлиқ қўлга олиб, ўз услубида ҳужумкор ўйин намойиш қилди ва рақиб дарвозасига яна бир неча бор йўл топди. Натижада жамоа муҳим уч очкони ишончли тарзда ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Камолиддин Тожиев ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
— Тез гол ўтказиб юборганимиз бизга бироз қийинчилик туғдирди. Шунга қарамай, биринчи бўлимдаёқ ҳисобни тиклашга эришдик. Танаффусдан кейин эса ўз ўйинимизни кўрсата олдик ва ғалабани таъминладик. Жамоадаги ҳар бир футболчи майдонга тушишга тайёр, шунинг учун таркибда ўзгаришлар бўлиб туради, — деди мураббий.
Шунингдек, Тожиев жамоанинг ҳар бир ўйинда ўсиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, Пахтакор ҳужум чизиғида янада самарали ҳаракат қила бошлайди ва голлар сони ҳам ортиб боради.
— Ўйиндан-ўйинга кучайиб борамиз, деб ишонаман. Кўпроқ гол урамиз ва ҳужумдаги ҳаракатларимиз янада яхшиланади. Илгариги баҳсларда айрим хатоларга йўл қўйдик ва имкониятлардан фойдалана олмадик. Лекин ўйин жиҳатидан ёмон эмасдик, — дея қўшимча қилди мураббий.
Ушбу ғалаба орқали "Пахтакор" ўз мухлисларига ижобий кайфият бағишлади ва чемпионлик учун курашда жиддий рақиб эканини яна бир бор намоён қилди. Агар жамоа шу руҳда давом этса, олдинда яна кўплаб ёрқин ғалабалар бўлиши аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!