Италия футболи стадионларини замонавийлаштириш вақти келди

Серия А бош директори Луижи Де Сиерво Италиядаги эскирган футбол инфратузилмаси ҳақида очиқ ва кескин фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакатдаги стадионлар Европадаги энг қадимийлар қаторида ва уларнинг ўртача ёши 70 йилдан ошган. Бу ҳолат Италия футболининг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.
Де Сиерво янги иқтисодий моделни жорий этиш орқали вазиятнинг ўзгаришини кутмоқда, бироқ бу тизим камида 6–7 йилдан кейингина тўлиқ самарали ишлайди. Шу вақтгача Италия лигаси ва Европа бўйича бошқа чемпионатлар билан рақобатдаги фарқ фақат кенгайиб боради.
2032 йилги Европа чемпионати Италия учун охирги имконият саналади. Ҳозирда Миланда 1 миллиард евродан ортиқ инвестиция билан янги стадионлар қурилиши режалаштирилмоқда, шунингдек, "Лацио" ва "Рома"нинг муҳим инфратузилма лойиҳалари ҳам амалга ошириляпти. Генуя ва Флоренцияда стадионларни модернизация қилиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Италия ва Туркия Евро-2032 мусобақаси мезбонлари сифатида белгиланган. Бу эса мамлакат учун футбол инфратузилмасини модернизация қилишни тақозо қиладиган муҳим сигналдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!