Фабио Каннаваро штабига янги мутахассислар қўшилди, мақсад катта...

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жамоа атрофидаги иш жараёнини янада кучайтиришга бел боғлади. Итальян мутахассис ўз штабига бир нечта тажрибали ва ишончли кадрларни жалб этганини расман маълум қилди.
Каннаваронинг таъкидлашича, жамоа ҳозирда катта мақсадлар сари интилаётган бир паллада жамланган. “Табассум, меҳнат ва иштиёқ билан олға ҳаракат қиляпмиз. FIFA Series мусобақасини Тошкентда қарши оламиз ва бу — биринчи Жаҳон чемпионатимиз орзуси тобора яқинлашаётганини англатади”, — дея ёзди у ижтимоий тармоқда.
Мутахассис мураббийлар штабига уч нафар янги аъзони қўшганини ҳам очиқлади. Жумладан, унинг укаси Паоло Каннаваро ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб бормоқда ва у Дубайдаги йиғинидан буён жамоа билан фаолият юритяпти. Шунингдек, физиотерапевт Симоне Сижилло ҳамда тиббий соҳада катта тажрибага эга, 2006 йилги жаҳон чемпионлигида иштирок этган профессор Энрико Кастеллаччи ҳам штабга жалб этилди.
Бу ўзгаришлар “Оқ бўрилар”нинг тайёргарлик жараёнига янги нафас олиб кириши кутилмоқда. Айниқса, жисмоний ҳолат ва тикланиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилиши жамоанинг умумий ўйин сифатини янада ошириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси 27 март куни Габон терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув нафақат натижа, балки жамоанинг янги шаклланаётган услубини кўрсатиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!