date

Қийин ғалаба: Миржалол Қосимов ўйиндан кейин қандай фикр билдирди?

Қийин ғалаба: Миржалол Қосимов ўйиндан кейин қандай фикр билдирди?

Ўзбекистон Суперлигасининг 8-тури доирасида Олмалиқнинг ОКМК жамоаси ўз майдонида “Бухоро”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув кескин ва драматик тарзда кечиб, мухлисларга ҳақиқий футбол ҳаяжонини тақдим этди. Ўйиндан сўнг бош мураббий Миржалол Қосимов матбуот анжуманида ўз фикрларини билдирди.

Қосимовнинг таъкидлашича, жамоа қисқа вақт ичида яна ўз майдонига қайтиб, мухлислар олдида ғалаба қозонгани икки карра қувонарли ҳолат бўлган. У “Бухоро”ни ҳам уюшган ва тайёр жамоа сифатида баҳолаб, учрашув осон ўтмаганини қайд этди.

“Биз 2:0 ҳисобида олдинда бораётган пайтимизда рақиб таслим бўлмади ва биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни тенглаштириб улгурди. Улар айниқса стандарт вазиятларда жуда хавфли эканини яна бир бор исботлашди”, — деди мураббий.

Иккинчи бўлимда ОКМК ўйинни кучайтириб, ташаббусни яна қўлга олди. Қосимовнинг сўзларига кўра, жамоа характер кўрсатиб, охир-оқибат натижани ўз фойдасига ҳал қилди.

У мухлисларга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдириб, уларнинг қўллаб-қувватлови ғалабада муҳим роль ўйнаганини таъкидлади. Шунингдек, “Бухоро”га кейинги ўйинларда омад тилади.

"Иккинчи бўлимда йигитларимиз ўйинга қўшишди ва омад биз томонда бўлди. Бизни қўллаб келаётган мухлисларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. “Бухоро”га кейинги учрашувларда омад”, — деди мураббий.

Қосимов рақиб жамоанинг кучли томонларига ҳам тўхталиб ўтди. У стандарт вазиятлар — жарима зарбалари, бурчак тўплари ва ҳатто аутлар орқали ҳам хавф ярата олишини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, рақиб илгари ҳам шундай вазиятлар орқали натижа қайд этган.

"Рақибни кучли тарафи айтганимдек, стандартлар, жарима зарбалари, бурчак тўплари, аут...Бундан олдинги ўйинларда ҳам адашмасам “Навбаҳор”ни ҳам стандартдан урилган гол орқали ютиб кетганди”, — деди Қосимов. 

Мураббий учун бу ўйин тарихга кирган бўлса-да, энди эътибор тўлиқ кейинги баҳсларга қаратилган. Жамоа олдида навбатдаги учрашувларга жиддий тайёргарлик вазифаси турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Қийин ғалаба: Миржалол Қосимов ўйиндан кейин қандай фикр билдирди?