Накамура: «Синдаров Жаҳон тожи учун баҳсда Гукешга мағлуб бўлади»

Жавоҳир Синдаров Номзодлар турниридаги муваффақиятли иштирокидан сўнг жаҳон шахматида энг кўп муҳокама қилинаётган ёш шахматчилардан бирига айланди. Унинг натижалари кўпчиликка бўлажак жаҳон чемпионлиги баҳсида асосий фаворит сифатида қарашга сабаб бўлди.
Бироқ дунё рейтингининг 2-рақамли шахматчиси Ҳикару Накамура бу фикрга тўлиқ қўшилмаяпти. У вазиятга анча бошқача ёндашиб, босим ва психологик омилларни алоҳида ажратиб кўрсатмоқда.
Накамуранинг фикрича, агар Гукеш Доммаражу ва Синдаров орасидан танлов қилиш керак бўлса, у айнан Гукешни афзал кўради. Унинг таъкидлашича, ҳозирги босқичда ҳиндистонлик шахматчига нисбатан босим анча кам.
Америкалик гроссмейстер ўз фикрини қуйидагича баён қилди:
«Синдаров ва Гукеш Доммаражудан кимнидир танлаш керак бўлса, мен Гукешни танлайман. Менимча, ҳозир унда катта босим йўқ. Аксинча, ҳамма ундан ютқазишни кутаяпти, Синдаров эса фаворит сифатида кўрилмоқда. Лекин агар Гукеш ўзининг энг юқори даражасига қайта олса, у бемалол ғалаба қозониши мумкин», — деди Накамура.
Унинг сўзларига кўра, шахматда фақат техник тайёргарлик эмас, балки руҳий барқарорлик ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди. Айниқса, жаҳон чемпионлиги каби катта босим остидаги баҳсларда ҳар бир майда детал муҳим аҳамият касб этади.
Синдаров эса ҳозирги кунда катта кутилмалар остида ўйнамоқда. Бу эса унинг ҳар бир партиясига алоҳида эътибор қаратилганини англатади. Бундай ҳолат баъзида устунлик берса, баъзида қўшимча босим ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Шу тарзда жаҳон шахматида интрига янада кучаймоқда. Ёш юлдузлар ва тажрибали гроссмейстерлар ўртасидаги рақобат эса ҳали энди қизий бошлагани аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!