date

"Ливерпуль" Янь Диоманде учун 100 миллион евро тўлайди

"Ливерпуль" Янь Диоманде учун 100 миллион евро тўлайди

Англиянинг "Ливерпуль" клуби мисрлик ҳужумчи Моҳамед Салаҳнинг ўрнини босувчи муносиб номзодни топди. Мерсисайдликлар Германиянинг "RB Лейпциг" жамоаси ҳужумчиси Янь Диоманде трансфери учун ҳар қандай чорани кўришга тайёр. 19 ёшли футболчи жорий мавсум якунида жамоани тарк этиши кутилаётган Салаҳнинг асосий вориси сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Хабарларга кўра, "Ливерпуль" мутасаддилари ва Диоманденинг агентлиги ўртасида аниқ музокаралар бошланган. Кот-дъИвуарлик иқтидор эгасининг немис клуби билан 2030 йилгача шартномаси борлиги сабабли, унинг трансфер нархи 100 миллион евродан ошиши кутилмоқда. Агар ушбу келишув амалга ошса, Диоманде Бундеслига тарихида 100 миллионлик довондан ўтган бешинчи футболчига айланади.


Ёш ҳужумчи жорий мавсумда 32 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол ва 8 та голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг хизматларига Франциянинг "PSJ" ва Германиянинг "Бавария" клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бироқ футболчининг ўзи болалигидан "Ливерпуль" мухлиси эканини ва "Энфилд"да тўп суриш унинг энг катта орзуси эканини таъкидлаган.

Айни дамда "Ливерпуль" Англия Премьер-лигасида бешинчи ўринни эгаллаб турибди ва Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашмоқда. Жамоа сўнгги турда "Эвертон"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ўз имкониятларини яхшилаб олди. Салаҳ эса март ойи охирида шартномаси тугашига бир йил қолганда жамоани тарк этишини расман эълон қилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Ливерпуль" Янь Диоманде учун 100 миллион евро тўлайди