«Бавария» сафарда «Майнц» устидан 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди

Германия Бундеслигасининг навбатдаги турида "Бавария" жамоаси сафарда "Майнц" меҳмони бўлди. Голларга бой ўтган учрашув мюнхенликларнинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиннинг биринчи бўлими мезбонларнинг тўлиқ устунлигида ўтди ва танаффусга қадар "Майнц" учта гол уришга муваффақ бўлди. Кор, Небел ва Беккернинг аниқ зарбалари мезбонларни йирик ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда "Бавария" ўйин тизгинини ўз қўлига олди ва 65 фоизлик тўп назорати эвазига вазиятни ўзгартирди. Жексон 53-дақиқада ҳисобни қисқартирган бўлса, Олисе 73-дақиқада фарқни минимал даражага туширди. Баҳснинг сўнгги қисмида Мусиала ва Кейн томонидан киритилган голлар Мюнхен клубига муҳим уч очкони тақдим этди.
Статистик маълумотларга кўра, "Майнц" дарвоза томон 16 бор зарба берган бўлса, меҳмонлар 9 та уриниш билан чекланишди. Бироқ паслар аниқлиги борасида "Бавария" 90 фоизлик кўрсаткич билан рақибидан устун келди. Учрашув давомида ҳакам меҳмонларга икки бор, мезбонларга эса бир марта сариқ карточка кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!