Лука Модрич оғир жароҳат олди: у учун мавсум эрта якунланди

«Милан» яримҳимоячиси Лука Модрич жорий мавсумнинг қолган қисмида майдонга қайтмайди. Таҗрибали футболчи ёноқ суягидаги жиддий шикаст туфайли сафдан чиқди ва бу хабар жамоа мухлислари учун кутилмаган зарба бўлди.
Ҳодиса А Серия 34-турида «Ювентус»га қарши (0:0) ўйинда рўй берди. Ҳаводаги кураш пайтида Модрич рақиб футболчиси Мануиэл Локателли билан тўқнашиб кетди. Шундан сўнг унга майдоннинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилди ва 80-дақиқада алмаштирилди.
Хорватиянинг Jutarnji list нашри маълумотига кўра, футболчида ёноқ суягининг икки жойидан синиши аниқланган. Бу эса тикланиш жараёнини анча узоққа чўзади. Мазкур маълумотни таниқли инсайдер Фабрицио Романо ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда, 40 ёшли футболчи учун жарроҳлик амалиёти ўтказилиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Шу сабабли у «Милан»нинг мавсумнинг қолган ўйинларида иштирок эта олмайди.
Шу билан бирга, ижобий жиҳат ҳам бор: Модрич 2026 йилги жаҳон чемпионатигача тикланиши кутилмоқда. Ҳатто у мусобақада махсус ҳимоя ниқоби билан майдонга тушиши мумкин.
Қисқача айтганда, Модрич учун мавсум тугади, лекин карьера ҳали “pause”да — “stop” эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!