Синдоров Гукешга ютқазди: ўзбекистонлик шахматчи Польшадаги йирик турнирда кетма-кет имкониятларни қўлдан чиқарди

Дунё шахматининг энг сара гроссмейстерларини жамлаган нуфузли Grand Chess Tour мусобақасининг 11-мавсуми старт олди. Анъанага мувофиқ, янги мавсум Варшава шаҳри мезбонлик қилаётган рапид ва блиц баҳслари билан бошланди.
Ушбу йирик турнирда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ҳамда чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири, ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров иштирок этмоқда. Регламентга кўра, икки гроссмейстер ўзаро уч марта — бир марта рапид ва икки марта блиц баҳсида тўқнаш келади.
Мусобақанинг дастлабки кунида иштирокчилар рапид йўналишида уч тур ўтказди. Жавоҳир Синдоров биринчи турда қора доналарда америкалик Ҳанс Ниэман билан дуранг қайд этди. Иккинчи турда эса оқ доналарда мезбон вакил Ян-Кшиштоф Дуда билан тинчликка рози бўлди. Учинчи турда ўзбекистонлик шахматчи қора доналарда ҳаракат қилганига қарамасдан, яна бир поляк гроссмейстери Радослав Войташекни мағлуб этишга эришди.
Бироқ иккинчи кун Жавоҳир учун омадсиз ўтди. Ўтказилган учала турда ҳам у имкониятлардан фойдалана олмади. Тўртинчи турда америкалик Уэсли Со ғалаба қозонган бўлса, бешинчи турда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўзбекистонлик шахматчидан устун келди. Куннинг сўнгги баҳсида эса Франция вакили Максим Ваше-Лаграв Синдоровни мағлубиятга учратди.
Турнир қоидаларига мувофиқ, ҳар бир ғалаба учун 2 очко, дуранг учун эса 1 очко берилади. Олтинчи тур якунларига кўра, Ҳанс Ниэман 9 очко билан қўшимча кўрсаткичлар асосида пешқадам бўлиб турибди. Уэсли Со ҳам худди шунча очко жамғарган. Амалдаги чемпион Владимир Федосеев 8 очко билан кучли учликдан ўрин олган. Гукеш 6 очко билан бешинчи, Синдоров эса 4 очко билан 9-поғонада бормоқда.
Турнирнинг тўлиқ иштирокчилари:
Жавоҳир Синдоров (Ўзбекистон)
Гукеш Доммаражу (Ҳиндистон)
Алиреза Фирузжа
Ҳанс Ниэман (АҚШ)
Фабиано Каруана
Владимир Федосеев (Словения)
Максим Ваше-Лаграв (Франция)
Ян-Кшиштоф Дуда (Польша)
Радослав Войташек (Польша)
Уэсли Со (АҚШ)
3 майдан 10 майгача давом этадиган мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Мусобақа давомида мухлислар 7 кун ичида 135 та қизғин партия гувоҳи бўлишади.
Турнир формати:
- Рапид — 9 тур
- Блиц — 18 турдан иборат икки даврали баҳс
Турнирда Grand Chess Tour’нинг 5 нафар доимий иштирокчиси ва 5 нафар махсус таклиф этилган гроссмейстер қатнашмоқда. Жавоҳир Синдоров мазкур мусобақага wildcard орқали жалб қилинган.
Янги мавсум қоидалари ва гранд финал
2026 йилги GCT мавсуми нафақат кучли таркиби, балки янгиланган тартиб-қоидалари билан ҳам эътиборга лойиқ. Мавсум давомида 9 нафар асосий иштирокчи сараланади. Ҳар бир шахматчи иккита классик турнир ва учта рапид-блиц мусобақасидан иккитасида қатнашиши талаб этилади. Мунтазам мавсум якунларига кўра энг кўп очко жамғарган тўртлик декабрь ойидаги гранд финалга йўл олади. Финалнинг мукофот жамғармаси эса 450 минг долларга тенг.
Очколар қуйидагича тақсимланади:
- 1-ўрин — 12 очко (тай-брейксиз ғалаба бўлса 13 очко)
- 2-ўрин — 10 очко
- 10-ўрин — 1 очко
Қатъий тартиб-қоидалар
Мусобақада дуранг таклиф қилиш тақиқланган. Дуранг фақат ҳакам рухсати билан, уч марта такрорланиш ёки 50 юриш қоидаси асосида қайд этилади.
Классик партияларда 10 дақиқадан, рапид ва блицда эса 3 дақиқадан ортиқ кечиккан иштирокчига техник мағлубият ёзилади.
Шунингдек, доналарга эҳтиётсиз муносабат ҳам жазосиз қолмайди. Агар шахматчи ўйин давомида доналарни ағдариб юбориб, уларни вақтида тўғриламаса, ҳакам огоҳлантириш беради. Бу ҳолат учинчи марта такрорланса, иштирокчи мағлуб деб топилади.
Мукофот жамғармаси:
- Ҳар бир рапид/блиц турнири — 200 минг доллар
- Ҳар бир классик турнир — 350 минг доллар
- Гранд финал — 450 минг доллар
Ғолиблар учун энг катта соврин миқдори 200 минг АҚШ долларини ташкил этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!