Ҳусанов ва Фоден “Манчестер Сити”нинг кечаги ғалабасида ажралиб турди

Англия Премьер-лигасининг 31-туридан қолдирилган учрашувида “Манчестер Сити” ўз майдонида “Кристал Пэлас”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионлик пойгасида яна бир муҳим қадам ташлади. Хосеп Гвардиола шогирдлари ушбу ғалабадан сўнг турнир жадвали пешқадами “Арсенал” билан очколар фарқини икки очкогача қисқартирди.
Учрашув олдидан “Кристал Пэлас” осон рақиб бўлмаслиги тахмин қилинганди. Жамоа Конференциялар лигаси финалчиси сифатида анча жиддий кайфиятда майдонга тушди. Аммо “Манчестер Сити” яна ўз даражасини кўрсатди: совуққонлик, тўп назорати, ҳужумда аниқлик ва ҳимояда хотиржамлик.
Қизиғи, “Сити” бу мавсумда 3:0 ҳисобини деярли ўз “фирмавий натижаси”га айлантириб олди. Манчестерликлар мавсум давомида рақибларини тўққизинчи марта айнан шу ҳисобда мағлуб этишди. Бу жамоанинг нафақат гол уриш, балки дарвозасини дахлсиз сақлаш борасида ҳам қанчалик барқарор эканини кўрсатади.
Мавсум охири яқинлашган сари “шаҳарликлар” баъзан кучни тежаб ўйнаётгандек кўринади. Аммо шу ҳолатда ҳам улар натижани назорат қилишни, керакли паллада суръатни оширишни ва рақибни жазолашни яхши билади. “Кристал Пэлас”га қарши баҳсда ҳам бир нечта футболчи алоҳида ажралиб турди.
Райан Шерки
Франциялик футболчи майдонда бор-йўғи 10 дақиқадан ортиқроқ ҳаракат қилди, аммо шу қисқа вақт ичида ўйинга катта таъсир ўтказишга улгурди. Шеркининг майдонга тушиши “Сити” ҳужумига янгича нафас олиб кирди.
У рақиб назоратидан осон чиқиб кетди, яккакурашларга дадил киришди ва ўз жарима майдони яқинида тўпни олиб қўйиб, 60 метрга яқин масофани юқори тезликда босиб ўтди. Кейин эса Савио учун жуда аниқ, голга тенг узатмани амалга оширди. Бундай ҳаракатни “футболдаги люкс момент” деса ҳам бўлади.
Савио
Бразилиялик Савио бу мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. У нафақат ҳужумда фаол бўлди, балки ўнг қанотда жуда катта ҳажмда иш бажарди. Савио рақиб ҳимоячиларига тинчлик бермади, тезкор ҳаракатлари ва дриблинглари билан “Кристал Пэлас” мудофаасини доимий босим остида ушлади.
У еттита яккакурашда ғолиб чиқди, беш марта дриблинг орқали тўпни олдинга олиб ўтди. Аммо унинг энг муҳим жиҳати фақат ҳужумда эмас, ҳимояга қайтишда ҳам кўринди. Савио иқтидорли Пинони тўхтатиб туришда катта меҳнат қилди ва ўйин охирида Шерки бошлаган тезкор ҳужумни гол билан якунлади.
Абдуқодир Ҳусанов
Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”нинг ҳимоя ва таянч ҳудудидаги барқарорлигида муҳим роль ўйнади. Ушбу баҳсда Ҳусанов ўзини жуда ишончли, хотиржам ва тактик жиҳатдан пухта кўрсатди.
Аввалроқ айрим психологик босимлар ҳақида гаплар бўлган бўлса, бу ўйинда Ҳусанов уларни ортда қолдирганини исботлади. У олдиндан ҳаракат қилишда аниқ қарорлар қабул қилди, рақиб ҳужумларини вақтида ўқиди ва тўп билан муомалада жуда сокин кўринди.
Унинг ҳисобида 2 та тўп олиб қўйиш, прессинг пайтида 2 та самарали тозалаш ва 92 та аниқ узатма бор. Бу рақамлар ҳимоячи учун жуда юқори кўрсаткич. Ҳусанов ўйин давомида гўё тажрибали плеймейкердек тўп тарқатди ва “Сити”нинг орқа чизиқдан ҳужум бошлашида муҳим ҳалқага айланди.
Фил Фоден
Фил Фоден ҳам бу учрашувда ўзининг энг яхши сифатларини эслатди. Сўнгги вақтларда асосий таркибдаги ўрни бўйича турли саволлар пайдо бўлганди, аммо “Кристал Пэлас”га қарши баҳсда у жавобни майдонда берди.
Фоденнинг товон билан берган ажойиб узатмаси рақибнинг зич ҳимоясини ёриб ташлади. Кейин эса у Мармушга голли пас бериб, “Сити”нинг устунлигини янада мустаҳкамлади. Фил яна бир ассист билан хет-трик даражасидаги натижа қайд этиши ҳам мумкин эди, аммо Гвардиол унинг чиройли узатмасидан фойдалана олмади.
Умуман олганда, Фоден ҳисобида 5 та кескинлаштирувчи узатма қайд этилди. Бу эса унинг ўйинни ўқиши, бўш ҳудудларни топиши ва ҳужумда креативлик яратиш қобилияти ҳали ҳам юқори даражада эканини кўрсатди.
Қисқаси, “Манчестер Сити” навбатдаги муҳим ғалабани қўлга киритди ва чемпионлик пойгасида “Арсенал”га янада яқинлашди. Бу ўйинда Шерки тезлик ва ижодкорлик қўшди, Савио меҳнат ва гол билан ажралиб турди, Фоден ҳужумни очди, Ҳусанов эса орқа чизиқда хотиржамлик ва ишонч рамзига айланди. “Сити” яна ўзини эслатди: чемпионлик пойгаси ҳали тугамаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!