Ҳусанов “Манчестер Сити” билан иккинчи кубокни қўлга киритди

Англия футболида навбатдаги муҳим финал баҳси бўлиб ўтди. 16 май куни мамлакат кубоги учун ҳал қилувчи учрашувда "Манчестер Сити" ва "Челси" жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсда “шаҳарликлар” минимал — 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, навбатдаги совринни қўлга киритди.
Учрашувнинг дастлабки бўлими ҳар икки жамоанинг фаол ва тезкор ҳужумлари остида ўтди. Шунга қарамай, томонлар ҳисобни очишга эриша олмади. Иккинчи таймда ўйин темпи янада ошди. 57-дақиқада ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов рақиб Марк Кукуреляга нисбатан қўполлик ишлатгани учун ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.
Беллашувдаги ягона гол 72-дақиқада киритилди. Эрлинг Ҳоланд томонидан амалга оширилган аниқ узатмадан сўнг Антуан Семенё дарвозани ишғол қилди. Ушбу гол учрашув тақдирини ҳал қилиб берди — қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади.
Финал учрашувида Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди ва жамоа ҳимоясида ишончли ўйин намойиш этди. “Sofascore” портали унинг ҳаракатларини 6,7 балл билан баҳолади.
Мазкур соврин Ҳусанов учун “Манчестер Сити” сафидаги иккинчи кубок бўлди. Эслатиб ўтамиз, у жорий йил 22 апрель куни "Арсенал" устидан қозонилган ғалаба орқали Англия Лига кубогини ҳам қўлга киритганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!