Ҳусанов "Борнмут"га қарши асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда

Бугун “Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг навбатдаги муҳим учрашувида сафарда “Борнмут” билан куч синашади. Мавсумнинг ҳал қилувчи палласида ўтадиган ушбу баҳс олдидан бир қатор машҳур спорт порталлари “шаҳарликлар”нинг эҳтимолий бошланғич таркибини тахмин қилди.
Қувонарлиси, деярли барча манбалар Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни асосий таркибда кўрмоқда. Бу эса 22 ёшли футболчининг “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор кўрсатади.
“Sports Evening Standard” версиясига кўра, “Сити” қуйидаги таркибда майдонга тушиши мумкин:
Доннарумма, Нунеш, Ҳусанов, Гехи, О’Райли, Родри, Бернарду, Шерки, Фоден, Доку, Холанд.
“Sports Mole” талқинида эса Фоден ўрнида Семенё бор:
Доннарумма, Нунеш, Ҳусанов, Гехи, О’Райли, Родри, Бернарду, Шерки, Семенё, Доку, Холанд.
“Manchester Evening News” ҳам шунга яқин таркибни тахмин қилмоқда:
Доннарумма, Нунеш, Ҳусанов, Гехи, О’Райли, Родри, Бернарду, Шерки, Семенё, Доку, Холанд.
“Sports Illustrated” нашри эса футболчиларни 4-2-3-1 схемасида қуйидагича жойлаштирган:
Доннарумма, О’Райли, Геҳи, Ҳусанов, Нуньеш, Родри, Силва, Доку, Шерки, Семеньо, Ҳоланд.
Кўриниб турибдики, порталлар айрим позициялар бўйича турлича фикр билдирмоқда. Масалан, ҳужумкор ярим ҳимояда Фоден ёки Семенё варианти тилга олинган. Аммо ҳимоя марказида Ҳусановнинг номзоди деярли барча тахминларда бор.
Бу ўзбекистонлик футболчи учун катта ишонч белгиси. Чунки “Борнмут” ўз майдонида осон рақиб эмас. Жамоа тезкор ҳужумлар, юқори прессинг ва жисмоний кураш орқали рақибларга муаммо туғдира олади. Бундай ўйинда марказий ҳимоячилардан максимал концентрация ва совуққонлик талаб этилади.
Ҳусанов сўнгги вақтларда “Манчестер Сити” сафида барқарор ўйинлари билан ажралиб турибди. У ҳимоядаги қатъияти, тўп билан хотиржам ҳаракати ва рақиб ҳужумларини олдиндан ўқий олиши билан мутахассислар эътиборини қозонмоқда.
Қисқаси, “Борнмут”га қарши баҳс олдидан машҳур порталлар Абдуқодир Ҳусановни асосий таркибда кутмоқда. Бу оддий тахмин эмас, балки унинг “Сити” тизимида муҳим фигурага айланаётганининг яна бир белгиси. Энди ҳаммаси майдонда ҳал бўлади: Ҳусановга ишонч бор, мухлисларда эса катта умид.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!