Муҳаммад Салах Ливерпул билан хайрлашадими? Арне Слот жимликни сақламоқда

Ливерпул бош мураббийи Арне Слот якшанба куни Энфилдда бўлиб ўтадиган мавсумнинг сўнгги ўйинида Муҳаммад Салах майдонга тушиши ёки тушмаслигини тасдиқлашдан бош тортди. Бу эса клубни тарк этиши кутилаётган ҳужумчининг ўз уй стадионидаги сўнгги учрашуви сўроқ остида қолишига сабаб бўлди. 33 ёшли мисрлик афсона мураббий билан муносабатлари ёмонлашгани фонида Мерсисайддаги тўққиз йиллик фаолиятини якунлаш арафасида турибди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ливерпул сафида 441 та ўйинда 257 та гол урган тажрибали ҳужумчи яқинда ижтимоий тармоқларда жамоанинг тактик услубини танқид қилиб, кескин норозилик уйғотган эди. Ушбу очиқ танқид ва Чемпионлар лигаси доирасида Интерга қарши ўйинда қайдномадан четлатилиши Слот ва Салах ўртасидаги муносабатлар бутунлай узилганидан далолат беради. Шу сабабли, мураббий Брентфордга қарши баҳсда юлдуз футболчига хайрлашув имконияти берилиши ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди.
Матбуот анжуманида Слот таркиб танлаш борасида гапиришни истамаслигини таъкидлади: "Мен ҳеч қачон таркиб ҳақида олдиндан гапирмайман. Менинг бу борадаги ҳис-туйғуларим муҳим эмас. Энг асосийси — якшанба куни Чемпионлар лигаси йўлланмасини ҳал қилиш. Мен Муҳаммад Салах ва бутун жамоани ушбу муҳим ўйинга энг яхши тарзда тайёрлашим керак".
Мураббий жамоанинг ўйин услубини ўзгартириш ниятида эканини ҳам яширмади. Унинг сўзларига кўра, жамоа келгуси мавсумда мухлисларга манзур келадиган ва совринлар учун кураша оладиган футбол намойиш этиши лозим. Слот жамоа ичидаги тактик келишмовчиликларга қарамай, асосий мақсад клуб муваффақияти эканини ва ёзда таркибни ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилишини қўшимча қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!