Барселона Лаутаро Мартинез трансфери учун жиддий ҳаракатни бошлади

Барселона Жулиан Алварес трансфери амалга ошмагач, Интер сардори Лаутаро Мартинезни ҳужум чизиғини кучайтириш учун биринчи рақамли мақсад қилиб белгилади. Мадридда Барселона спорт директори Деко ва футболчининг агенти Александро Камано ўртасида учрашув бўлиб ўтди, Лаутаро Мартинез вакиллари эса Каталония клубига ўтиш эҳтимолига ижобий муносабат билдирди.
Испаниянинг Барселона клуби трансфер ойнасининг сўнгги ҳафталарида ўз ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Италиянинг Интер жамоаси сардори Лаутаро Мартинезга асосий нишон сифатида эътибор қаратди. Ушбу қадам каталонияликлар учун ёзги трансфер давридаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлиши кутилмоқда, чунки жамоа аввалроқ бошқа ҳужумчини ўз сафига қўшиб ололмаган эди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Goal.com нашри ва таниқли инсайдер Жерар Ромеронинг хабар беришича, Барселона раҳбарияти ёз давомида Атлетико Мадрид ҳужумчиси Жулиан Алваресни трансфер қилишга уринган, бироқ пойтахт клубидан рад жавобини олган. Шундан сўнг Блауграна спорт раҳбарияти бошқа вариантларни кўриб чиқиб, миланликлар ҳужумчиси Лаутаро Мартинез номзодини биринчи рақамли мақсад сифатида белгилаган.
Мадридда бўлиб ўтган махфий учрашув
Маълум бўлишича, яқинда Мадрид шаҳрида Барселона спорт директори Деко ва аргентиналик ҳужумчининг агенти Александро Камано ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Ушбу музокаралар давомида футболчининг вакиллари Каталония клубига ўтиш эҳтимолига ижобий муносабат билдиргани хабар қилинмоқда.Клуб бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ва раҳбарият жамоага рақобатбардош, ҳаракатчан марказий ҳужумчи кераклигини яхши тушунади. Жулиан Алварес трансфери амалга ошмагач, бор эътибор айнан Аргентина терма жамоаси аъзоси Лаутарога қаратилган.
Интер ва трансфер шартлари
Бироқ бу музокаралар Барселона учун осон кечиши даргумон. Интер клуби ўз сардорини сотиш ниятида эмас ва худди Атлетико Мадрид ўз футболчисини қўйиб юбормагани каби, миланликлар ҳам қийин музокараларни бошлашга тайёрланмоқда.Сўнгги шартнома янгиланишига кўра, Лаутаро Мартинез ва Интер шартномадаги 120 миллион евролик товвон пули (лекин маълум муддатдагина амал қиладиган) бандини олиб ташлаган эдилар. Шу боис, футболчини ўз сафига қўшмоқчи бўлган ҳар қандай клуб бевосита Италия клуби раҳбарияти билан келишиб олишига тўғри келади.
Ҳаммаси таклиф этиладиган суммага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Агар Барселона томонидан жуда юқори ва бозор қийматидан анча юқори бўлган таклиф келиб тушса, уни клубни молиялаштирувчи фонд вакиллари кўриб чиқиши мумкин, бироқ Италия спорт менежменти ўз сардорини қўйиб юборишни ҳозирча режалаштирмаяпти.






























Изоҳлар 0
…