date

Нурислом Исмоилов WBC Eurasia камарини қўлга киритди (видео)

Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Нурислом Исмоилов профессионал боксдаги навбатдаги жангини муваффақиятли ўтказди. 24 ёшли ҳамюртимиз Тошкентда ташкил этилган проф бокс оқшомида танзаниялик Лупакисьё Шотига қарши рингга кўтарилди.

Супер ўрта вазн тоифасидаги 10 раундлик баҳс WBC Eurasia камари учун кечди. Жанг давомида Исмоилов рақибига нисбатан фаолроқ, аниқроқ ва ишончлироқ ҳаракат қилди. Якунда ўзбек боксчиси ўнинчи раундда техник нокаут орқали ғалаба қозонди.

Бу ғалаба Нурислом Исмоилов учун профессионал рингдаги тўққизинчи муваффақият бўлди. Эътиборлиси, у ҳалигача мағлубият нималигини билмай келмоқда — 9 та жанг, 9 та ғалаба. Танзаниялик 26 ёшли Лупакисьё Шоти эса фаолиятидаги 11-жангида иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.

Шу тариқа, Нурислом Исмоилов супер ўрта вазн тоифасида WBC Eurasia камари соҳибига айланди. Унинг ҳисобида аввалдан WBC CISBB камари ҳам бор эди. Бу натижа ҳамюртимизнинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади.

Исмоиловнинг навбатдаги ғалабаси ўзбек бокси учун яна бир ёқимли хабар бўлди. У рингда совуққонлик, куч ва характер намойиш этиб, катта жангларга тайёр эканини кўрсатди. Энди мухлислар Нурисломдан янада йирик баҳслар ва янги камарларни кутишга ҳақли.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Нурислом Исмоилов WBC Eurasia камарини қўлга киритди (видео)