date

Александр Усик Собиқ Иттифоқ бокс мактаби муаммосини айтди

Украиналик боксчи Александр Усик Собиқ Иттифоқ бокс мактабининг профессионал рингдаги асосий муаммоси ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳаваскор ва профессионал бокс ўртасидаги фарқ фақат раундлар сонида эмас, балки жанг фалсафаси ва тайёргарлик услубида ҳам намоён бўлади.

Усикнинг айтишича, Украина ва Собиқ Иттифоқ мамлакатларида бокс тарихи кўпроқ очко йиғишга асосланган. Ҳаваскор боксда спортчи уч раунд давомида кўпроқ аниқ зарба бериш, очко тўплаш ва ҳакамлар қарори орқали ғалаба қозонишни ўрганади. Аммо профессионал рингда 12 раунд давомида куч, чидам, зарба салмоғи ва рақибни синдириш қобилияти ҳам катта аҳамият касб этади.

Боксчининг фикрича, Америка ва Британия мактабларида жангчилар кучли зарбаларга кўпроқ эътибор қаратади. Улар камроқ ҳаракат қилиши мумкин, аммо ҳар бир зарбани оғир ва таъсирли беришга интилади. Усик буни “мушак — бу одат” деган фикр билан изоҳлаб, доим қаттиқ зарба уришга ўрганган боксчи вақт ўтиши билан кучли панчерга айланишини таъкидлади.

Усик Собиқ Иттифоқ мактаби вакиллари профессионал боксга мослашиши, фақат очко йиғиш услубидан чиқиб, зарба кучи ва узоқ масофали жангларга ҳам тайёр бўлиши кераклигини айтди. Унинг фикрича, бу жараёнда нафақат боксчилар, балки мураббийлар ҳам ўзини қайта тайёрлаши зарур. Чунки проф рингда эски схема билан узоққа бориш қийин — у ерда ҳар бир раунд алоҳида имтиҳон.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Александр Усик Собиқ Иттифоқ бокс мактаби муаммосини айтди