Родри трансфери Атлетико ва Вилярреалга катта фойда келтиради

Барселона Манчестер Сити яримҳимоячиси Родрини 65 миллион евро кафолатланган тўлов ва 10 миллион евро бонуслар эвазига ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди. FIFAнинг бирдамлик механизмига кўра, трансфер суммасининг 5 фоизи футболчининг 12 ёшдан 23 ёшгача шаклланишида иштирок этган клубларга берилади.
Испаниянинг Барселона клуби Манчестер Сити яримҳимоячиси Родрини ўз сафига қўшиб олишга яқин тургани нафақат каталонияликлар мухлислари, балки бошқа икки Ла Лига вакили учун ҳам молиявий жиҳатдан жуда фойдали бўлиши кутилмоқда. Mundo Deportivo нашри тарқатган хабарларга кўра, ушбу шов-шувли трансфер туфайли Атлетико Мадрид ва Вилярреал жамоалари FIFAнинг бирдамлик механизми қоидаларига асосан миллионлаб евро миқдорида кутилмаган даромад олишади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ҳозирда томонлар ўртасидаги музокаралар якуний босқичга етган бўлиб, келишувнинг умумий қиймати дастлабки 65 миллион евро кафолатланган тўлов ҳамда қўшимча 10 миллион евро бонусларни ўз ичига олади. 30 ёшли тажрибали футболчи келаси ёзда Каталония пойтахтига кўчиб ўтиши кутилмоқда ва бош мураббий Ханси Флик уни ўзининг асосий режалари ҳамда Чемпионлар лигасидаги муҳим ўйинлар учун тайёрлай бошлайди.
FIFA қоидалари орқали келадиган миллионлар
FIFA қоидаларига кўра, халқаро трансфер амалга оширилганда, умумий сумманинг 5 фоизи футболчининг 12 ёшдан 23 ёшгача бўлган даврда шаклланишида иштирок этган барча тарбиячи клублар ўртасида тақсимланиши шарт. Ушбу қоида туфайли Родрининг собиқ жамоалари мазкур йирик трансфердан ўз улушига эга чиқиши аниқ бўлиб улгурди.Маълумотларга кўра, футболчи 17 ёшигача бўлган даврда Атлетико Мадрид академиясида етти йил давомида таҳсил олган. Пойтахт клуби фақат дастлабки тўловнинг ўзидан камида 1,6 миллион евро ишлаб олиши кафолатланган. Агар шартномадаги барча қўшимча шартлар бажарилса, бу кўрсаткич 2 миллион еврога етиши мумкин. Бироқ футболчининг илк болалар клуби бўлган Раё Мажадаҳонда бу тўловлардан четда қолади, чунки Родри у ерни 11 ёшида тарк этган.
Вилярреал ҳам салмоқли маблағ олади
Вилярреал ҳам FIFAнинг бирдамлик тўловлари орқали сезиларли даражада фойда кўрадиган жамоалар сирасига киради. "Сариқ субмарин" сафида яримҳимоячи беш йил давомида, жумладан, икки йил ёшлар жамоасида ва уч мавсум асосий таркибда тўп сурган.Родри айнан Вилярреал сафидан 2018-йилда Атлетико Мадридга қайтган, бир йил ўтиб эса Манчестер Сити клубига ўта сердаромад трансферни амалга оширган эди. Эндиликда испаниялик футболчининг навбатдаги йирик трансфери унинг илк профессионал қадамларини қўйган клубларига яхшигина молиявий кўмак бериши ойдинлашди.
Ҳозирда трансферга оид барча майда деталлар ҳал этилмоқда ва Барселона клуби яқин кунларда ушбу харидни расман эълон қилиши кутилмоқда. Тажрибали футболчининг келиши жамоанинг ички чемпионатдаги рақобатбардошлигини янада ошириши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…