30 та гол: Элдор Шомуродов Суперлигада қандай қилиб тўпурарликни сақлаб қолмоқда?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Туркиянинг «Сабаҳ» нашри Суперлигадаги тўпурарлик пойгасида «Галатасарой» ҳужумчиси Виктор Осимхен ва «Башакшеҳир» вакили Элдор Шомуродовнинг етакчилигини алоҳида эътироф этди.
- Элдор Шомуродов Туркия чемпионатидаги фаолияти давомида жами 30 та гол уришга муваффақ бўлиб, ўтган мавсумдаги «Олтин буца» совринини ҳимоя қилишда давом этмоқда.
Туркиянинг энг нуфузли ва оммабоп нашрларидан бири ҳисобланган Sabah Суперлиганинг тўпурарлик пойгаси бўйича кенг қамровли таҳлилий мақола эълон қилди. Нашр журналисти Ўғур Чэм тайёрлаган ҳисоботда чемпионатнинг энг қимматбаҳо юлдузи, «Галатасарой» сафида порлаётган нигериялик «Ниқобли Қирол» Виктор Осимхен ҳамда унга муносиб рақобат кўрсата оладиган ягона куч — «Башакшеҳир»нинг ўзбекистонлик тўпурари Элдор Шомуродовнинг кўрсаткичлари алоҳида эътироф этилди.
Туркиялик экспертларнинг якдил хулосасига кўра, ҳозирги кунда лигада Осимхеннинг даҳшатли тўпурарлик суръатига фақатгина Шомуродов тенгма-тенг қаршилик кўрсатишга қодир бўлиб турибди.
«Ниқобли Қирол» ва ўзбек форварди: Статистикалар нима демоқда?
Нашр томонидан тақдим этилган маълумотлар икки ҳужумчининг майдондаги мутлақ етакчилигини кўрсатиб турибди:
Осимхеннинг даҳшатли серияси: 2024/25 йилги мавсумдан буён «Галатасарой» сафида 23 та жамоага қарши майдонга тушиб, уларнинг 17 таси дарвозасини ишғол қилган Виктор Осимхен умумий ҳисобда 50 та гол билан яққол пешқадамлик қилмоқда. Жорий мавсумнинг 6 та баҳсида у 9 та гол уриб (3 та дубль), юқори самарадорлик намойиш этмоқда;
Шомуродовнинг муносиб жавоби: «Башакшеҳир» ҳужумчиси Элдор Шомуродов Суперлигадаги атиги иккинчи мавсумини ўтказаётган бўлса-да, рақиблар дарвозасига 30 та тўп киритишга улгурди;
«Олтин бутса»нинг амалдаги эгаси: Ўтган мавсумни 22 та гол билан чемпионатнинг бош тўпурари сифатида якунлаган Элдор жорий мусобақада ҳам тўхтаётгани йўқ — унинг ҳисобида аллақачон 8 та аниқ зарба мавжуд ва у совринни муваффақиятли ҳимоя қилмоқда.
Қолган юлдузлар нега ортда қолди?
Sabah нашри келтирган рўйхатда бошқа таниқли номлар турли сабабларга кўра бу курашдан чиқиб кетган:
Кетганлар ва кўрсаткичи пасайганлар: Суперлигада 29 та гол урган бразилиялик Андерсон Талиска ёзда «Фенербаҳче»ни тарк этди. Ҳисобида 26 та тўп бўлган Юссеф Эн-Несири эса қониқарсиз ўйини сабаб жамоадан кетказиб юборилган;
Барқарорликнинг йўқлиги: 28 та гол урган «Ризеспор» форварди Али Соу жорий мавсумнинг 10 та баҳсида бор-йўғи 2 бор рақиб дарвозасини нишонга ола билди.
Янги мавсум тўпурарлар жадвалидаги ҳолат
Жорий чемпионат тўпурарлар баҳсида жаҳон даражасидаги юлдузлар ўртасидаги рақобат кескинлашган:
1-ўрин: Виктор Осимхен ва Гифт Орбан — 9 тадан гол;
2-ўрин: Элдор Шомуродов ва Муҳаммад Салоҳ — 8 тадан гол;
3-ўрин: Ведат Мурики ва Душан Влахович — 7 тадан гол.
Элдор Шомуродовнинг Туркия чемпионатида Муҳаммад Салоҳ ва Душан Влахович каби таниқли ҳужумчилар билан бир сафда етакчилик қилаётгани маҳаллий ҳамда хорижий матбуотнинг диққат марказида турибди.































Изоҳлар 0
…