Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев бир неча кун аввал, билиб-билмасдан диний-экстремистик оқимларга кириб қолганларни махсус рўйхатдан чиқариш бўйича ўз тавсиясини берди. Шундан бошлаб «чеклов назорати рўйхатида турганларни оқлаш» бўйича тузилган ички гуруҳ Ўзбекистоннинг турли жойларида шу борада катта кўламли иш олиб бормоқда.
Бугун Тошкент шаҳри Чилонзор ҳокимиятида ушбу туманда яшовчи 56 нафар фуқарони «махсус рўйхатдан чиқариш бўйича» тадбир бўлиб ўтди. Йиғилишда шаҳар ва туман ҳокимиятидан вакиллар, маҳалла раислари, участка нозирлари, имом-домлалар ҳамда бошқа масъул шахслар қатнашишди. Чилонзор туманида сал аввал бу тадбирларнинг биринчи босқичи ўтказилган, унда юздан зиёд юртдошимиз «чеклов назорати рўйхати»дан ўчирилган эди.
Бугунги тадбирда таниқли журналист, маълум сабабларга кўра ушбу рўйхатга тушиб қолган Хайрулла Ҳамидов ҳам қатнашган ва ижтимоий тармоқда тарқатган хабарига кўра махсус рўйхатдан олиб ташланган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, бу мажлис анча самимий ўтган, қатнашчилар ўз ҳаяжонларини яширишмаган ва дилга тугилиб қолган сўзларини минбарда баралла айта олишган. Эҳтирослар жўш урган он ҳар ҳолда. Ишчи гуруҳ томонидан билдирилган тилаклар эса, қуйидагича бўлган:
— Президентимиз сизларга яна имконият бермоқдалар. Бугундан бошлаб ҳаётингизнинг янги саҳифаси очилади. Оппоқ қоғоздаги ҳаётни яшаб бошлайсизлар. Сизларга янги ҳаётингизда зафарлар ёр бўлишига тилакдошмиз. Биламиз, баъзиларингиз билиб-билмасдан кириб қолгансиз бу йўлга, баъзилар эса, кимнингдир турткиси сабаб жиноий жавобгарликка тортилган. Назорат чекловида рўйхатда турганингиз оилангизга салбий таъсир қилганини ҳам биламиз, кимлардир сизларни ҳатто тўйларга чақирмаганини ҳам биламиз. Бугундан бошлаб сизлар бу рўйхатдан ўчириласиз ва ҳар ой туман ички ишлар бўлимига қатнамайсизлар. Маҳалла нозири сизни безовта қилмайди. Сиз энди оппоқ одамсиз. Фақат мана шу ўринда Президентимизнинг илтифотларидан тўғри фойдаланишингиз лозимлигини эслатиб ўтсак. Энди Ватан равнақи йўлида маҳаллага, жамоага, ҳамма-ҳаммага қўшилиб хизмат қиласиз, деган умидимиз бор. Янги ҳаётингиз билан табриклаймиз.
Кун.уз мухбири ушбу тадбирда қатнашган Хайрулла Ҳамидов билан қисқача суҳбат уюштирди.
— Хайрулла ака, авваламбор табриклаймиз. Яхши кунларингиз бардавом бўлсин. Махсус рўйхатдан ўчиришганида ичингиздан қандай ҳислар ўтди?
— Раҳмат, кўзимдан ёш чиқди. Бу пайтдаги ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалаш бироз мушкул. Лекин оддий таъбир билан айтганда, икки йилдан бери бўйнимда турган тоғ ағдарилгандек бўлди. Президентимизнинг сўзлари, ишончлари ва келажакка бўлган даъватлари йиғилганлар учун янги ҳаёт мактаби бўлади, деб ўйлайман. Ҳатто бу йиғилишда ўзимдан кўра, йиллар давомида «ойлик рўйхатдан ўтиш учун» қатнаган аёлларнинг кўзларидаги ёшни кўриб, ғалати бўлиб кетдим. Улар учун кўпроқ хурсанд бўлдим.
— Бу «рўйхат»дан чиқиш сизга қандай имкониятлар беради, деб ўйлайсиз?
— Чеклов назоратига кўра, ҳар ой туман ички ишлар бўлимига қатнардим, шаҳардан чиқишим ҳам орган ходимларининг рухсати билан амалга ошарди. Чет элга қатнаш масаласи ҳам шу жумладан. Ҳар куни 22:00 дан 06:00 гача уйда бўлишим шарт эди. Мана шу чекловлар олиб ташланди. Шунингдек, кўпчиликнинг «рўйхатдаги одам» деган хавотирлари ҳам йўқолади насиб қилса.
— Шу масалада савол бермоқчи эдик. Сизни икки йилдан бери футбол ишқибозлари ТВга қайтиб қолади, деб кутишарди. Қайтмаётганингиз, аниқроғи, қайта олмаётганингизнинг сабаби шу рўйхатмиди?
— Айнан шу рўйхат, дея олмайман. Чунки «Ориат доно» радиосида ҳафтада иккита дастурда қатнашяпман. Мақолаларим газета ва сайтларда чиқиб турибди. Лекин барибир ишга олмоқчи бўлган раҳбарлар махсус рўйхатда турган одам билан фаолият олиб боришдан чўчишади. Бу бор гап. Энди ўйлайманки, ТВ раҳбарияти қўрқмасдан мени ишга чақиришлари мумкин. Шарҳни соғинганман.
— Ишларингизга омад. Биз ҳам сизнинг овозингизни терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларда, катта футбол баҳсларида эшитишни истаймиз!
Ш.Шокиржонов суҳбатлашди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи