13:20 / 09.08.2017
6 549

Бокс: Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида порлади!

Бокс: Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида порлади!
Куни кеча, Финляндиянинг Тампере шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати якунлангани тўғрисида хабар берган эдик.
Спорт курашлари ниҳоясига етгандан сўнг Филиппинда бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунига етди.

Мазкур мусобақада Осиё қитъасининг 18 мамлакатидан 138 нафар ёш боксчи иштирок этди. Ўсмирлар ўртасидаги қитъа чемпионати 13 вазн тоифасида ўтказилди.
Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Филиппинга йўл олган 13 боксчидан ўнтаси учрашув якунида совринли ўринларга сазовор бўлди.

Финал жангларида рингга кўтарилган олти нафар боксчининг учтаси рақибларини мағлубиятга учратиб олтин медалларга сазовор бўлишди ва Осиё чемпионлигини тантана қилишди. Ҳал қилувчи баҳсларда мағлубият аламини тотиб кўрган уч нафар ўзбекистонлик боксчилар кумуш медаль билан кифояланишди.

Финал жанглари натижалари:
-52кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев - Бибарс Жекшен (Қозоғистон) - 1:4
-54кг: Раҳматулло Тошпўлатов - Аитжан Аширхан (Қозоғистон) - 0:5
-57кг: Жавлонбек Юлдашев - Сеон Гун Гох (Жанубий Корея) - 5:0
-63кг: Нурислом Исмоилов - Умар Куванчбек Ули (Қирғисистон) - 4:1
-66кг: Асадбек Жуманиёзов - Сора Танака (Япония) - 0:5
+80кг: Шоҳруҳ Алматов - Сатендер Сингҳ (Ҳиндистон) - 3:2

Осиё чемпионати якунларига кўра Жавлонбек Юлдашев (-57кг.), Нурислом Исмоилов (-63кг.) ва Шоҳруҳ Алматов (+80кг.) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлсалар, Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-52кг.), Раҳматулло Тошпўлатов (-54кг.) ва Асадбек Жуманиёзов (-66кг.)ларга кумуш медаллар насиб қилди.

Шунингдек, мусобақа якунланишидан бир кун аввал Муҳаммадмусо Абдурахманов (-46 кг.), Руслан Абдуллаев (-48 кг.), Шерзод Қодирбоев (-60 кг.) ва Камронбек Рахмонов (-80 кг.)лар бронза медалини Ўзбекистон делегацияси ҳисобига ёзиб қўйишганди.

Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 3 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларига эга чиқишди. Ушбу натижа эвазига Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатини Қозоғистон делегациясидан сўнг фахрли иккинчи ўринда якунлади.

Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун 7 август куни Германияга учиб кетишди.

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бокс: Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида порлади!