18:05 / 09.08.2017
3 550

Алишер Аҳмедов: Олий лигада ўйнаш учун танишим йўқ

Алишер Аҳмедов: Олий лигада ўйнаш учун танишим йўқ
Тажрибали дарвозабон Алишер Аҳмедов фаолиятини яна легионер мақомида давом эттирадиган бўлди. У Тожикистоннинг кўп карра чемпиони Душанбенинг «Истиқлол» клуби билан шартнома тузди.

Эсласангиз, Аҳмедов 2 йилча олдин «Нью Радиант» сафида Мальдив чемпионати олтин медалини ютиш баробарида мавсумнинг энг яхши дарвозабони мақомини ҳам олганди.

Унинг янги клуби - «Истиқлол»га келсак, бу жамоа бир ҳафта мобайнида Тошкентда ўқув-машғулотлар йиғини олиб борди. Табиийки, унинг доирасида ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонга тушди.

Тожикистонликлар «Нефтчи»га имконият бой берган бўлсалар, «Металлург» ва «Машъал» билан баҳсларда дуранг қайд этишди.

Кеча «Истиқлол» юртимиздаги йиғинни якунлаб, ўз мамлакатига қайтди. Фурсатдан фойдаланиб, машғулотларнинг сўнгги куни Алишер Аҳмедовдан махсус интервью олдик.

- Алишер, бир муддат футболдан четда юрдингиз. Бунга жароҳат сабабми ёки бошқа омиллар бор?

- Биринчи вариант тўғри. Жароҳат ярим йилча яшил майдонга тушиш имконини бермади. Лекин ҳозир ҳаммаси жойида - яна севимли машғулотимга қайтдим.

- «Истиқлол» варианти қандай пайдо бўлди?
- Оддий, агентлар шу клубдан қизиқиш борлигини айтишди ва ўйлаб кўриб, таклифни қабул қилдим. Хуллас, клуб мураббийлари ўйинларимни кўриб, шартнома тузишни хоҳлашди. Шу тариқа аввалига жамоа йиғинида қатнашдим ва якунда келишиб олдик.

- Шартнома қанча муддатга мўлжалланади?
- Насиб қилса, имкон қадар узоқроқ ҳамкорлик қиламиз.

- Ўзи «Истиқлол» таклифи қайси жиҳати билан қизиқиш уйғотди?
- Биринчидан, жамоа Тожикистон чемпионати «гегемони». Иккинчидан, мунтазам равишда ОФК кубогида иштирок этади. Ҳаттоки, ушбу мусобақа финалида ўйнаган. Жорий йил ҳам гуруҳ баҳсларини муваффақиятли якунлаган. Умуман, доимо ўз олдига жиддий мақсадларни қўяди.

- Жамоа билан яқиндан танишишга улгурдингизми? Шароитлар, стадион, клуб инфратузилмаси...
- Энг маъқул келгани - жамоа жуда аҳил. Хусусан, мени илиқ кутиб олишди ва йигитлар билан тезда тил топишиб олдик. «Истиқлол» таркиби асосини Тожикистон термаси аъзолари ташкил қилишади. Шароитлар ҳам аъло даражада.

Жамоанинг ҳар бир уй учрашувига 15-20 минг мухлис ташриф буюради. «Истиқлол» айни пайт Тожикистон чемпионатида катта фарқ билан пешқадамлик қиляпти. Яъни 13та ўйинда ҳали мағлубиятга учрамаган ягона иштирокчи бўлиб турибди.

- «Истиқлол» Тошкентда йиғин ташкил қилди ва Ўзбекистон кубоги чорак финали доирасидаги «Локомотив» - «Бухоро» ўйинини янги жамоадошларингиз билан бевосита стадионда кузатдингиз. Уларнинг футболимиз ҳақидаги фикрлари қандай?
- Ҳаммамиз стадионни яхши таассуротлар билан тарк этдик. Ахир 120 дақиқа муросасиз футбол томоша қилдик. Менимча, «Бухоро» футболчилари қўшимча бўлимларга келиб, бироз чарчаб қолишди. Тожикистонлик футболчилар ҳам, жамоа легионерлари ҳам бизнинг чемпионат савия бобида анча устун эканлигини эътироф этишди.

- «Истиқлол»да қайси давлатлардан легионер бор экан?
- Сербия, Украина ва Ганадан. Осиёлик футболчи лимитини эса мен тўлдирдим.

- Алишер, сир бўлмаса, таклиф этилган шартноманинг молиявий томони ўзбек клубларидаги ҳолатда яхшироқми?
- Бунисини айтолмайман. Шартнома бандида молиявий маълумотларни ошкор қилмаслик кўрсатилган.

- Ўзи олий лига клубларидан ҳам таклиф олганмидингиз?
- Йўқ. Клубларда танишларим йўқ. Шунинг учун чорлов бўлмади. Ахир жамоаларда мураббийлар асосан ўз болаларини ўйнатишади...

- Душанбега боргач, клуб базасида яшайсизми?
- Аслида базадаги шароитлар ҳам яхши. Лекин менга алоҳида уй ажратишларини айтишди.

- Тожикистон чемпионатига ўтиш сиз учун олдинга ташланган қадамми ёки акси?
- ОФК кубогида қатнашаётган жамоа сафига қўшилдим. Демакки, олдинга силжидим. Дейлик, ўзимни кўрсатсам, янада жиддийроқ клублардан таклиф олишим мумкин. Тўғри, Тожикистон чемпионати бизникига қараганда, кучсизроқ ва буни тан оламан.

Аммо у ерда легионер сифатида ўйнайман ва шунга яраша талаб катта бўлиши аниқ. Мисол учун, 2015 йилги футбол мавсумини сира унутмайман: «Нью Радиант» сафида Мальдив чемпионати ғолибига айланганим, энг яхши дарвозабонга аталган совринни қўлга киритганим...

- Тахминингизча, бу йил олий лигамизда қайси клуб чемпионликка эришади?
- «Локомотив»!

- Сизнингча, миллий жамоамиз ЖЧ-2018 финал босқичига чиқа оладими?

- Насиб қилса, чиқади, албатта. Олдинда гуруҳ босқичининг 2та ўйини қолди ва футболчилар ва халқимизнинг кўп йиллик орзуси рўёби учун уларда ғалаба қозониш керак. Энг муҳими, ҳозир ҳаммаси ўз қўлимизда. Демак, умидсизликка тушишга асос йўқ.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Алишер Аҳмедов: Олий лигада ўйнаш учун танишим йўқ