Шу бир ҳафта Ўзбекистон футболи тарихида янги ёрқин саҳифани очиши мумкин. Иккита ўта муҳим ўйин ва ундаги ғалаба миллий жамоамизни ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқади.
Ҳа, бу ишни амалга ошириш осон бўлмайди, лекин уддалаш мумкин.
Кўпчиликнинг фикрича, термамиз бош мураббийи Самвел Бабаян тактика танлаш, шогирдларини ўйинга тайёрлаш бобида хитойлик ва кореялик ҳамкасбларига ён беряпти. Бу фикрга кўп жиҳатдан қўшилиш мумкин.
Айниқса, италиялик Марчелло Липпи масаласида. Ўз вақтида Италия термасини жаҳон чемпионига айлантирган мутахассис келгач, Чин юрти вакиллари ўйинида ижобий ўзгариш кузатилди.
Биз олдинда турган икки беллашув юзасидан таниқли футбол шарҳловчиси Даврон Файзиевдан интервью олдик(Суҳбат 28 августда ўтказилган).
- Даврон, ҳозирда кўпчилик миллий жамоамиз бош мураббийини аниқ бир ўйин услуби, тактикаси йўқлиги, ўйиннинг боришига қараб, уни ўзгартириб юбориш қобилиятига эга эмасликда айблаяпти. Бу масалада фикрингиз қандай?
- Биласизми, Хитой термасини шу пайтгача мағлуб этиб келганмиз ва бу борада ортиқча муаммога дуч келмаганмиз. Навбатдаги тўқнашувимизда ҳам ғалаба қозонишимизга ишоняпман.
Гарчи Чин юрти жамоасига Марчелло Липпи устозлик қилаётган бўлсада, футболчиларимиз бу ишни уддалай олишади.
Савия бўйича таққосласак, биз Хитойдан устунмиз. Термамиз таркибида тажрибали ижрочилар жамланган. Айнан шу томондан ҳам бизнинг устунлигимиз бор.
- Тўғрику-я, лекин италиялик мутахассис қисқа фурсатда Хитой термаси ўйинини ижобий томонга ўзгартира олди. Шу жиҳатдан 31 август куни ўтказиладиган баҳсда хитойликлар бизга чинакам бош-оғриқ бўлишлари мумкин...
- Фикрингизга қўшиламан. Лекин Липпи шу кунгача ўз даражасидан паст ўйин намойиш этган Хитойни асл даражасига олиб чиқа олди, холос. Ҳеч қачон бошдан баланд сакраб бўлмайди.
Шахсан мен ҳозирги Хитой даражасини Ўзбекистон термасидан устун деб ҳисобламайман. Агар савиямиз уларникидан паст бўлса, унда жаҳон чемпионатига чиқиб нима қиламиз?
Мундиал йўлланмаси учун курашаётган жамоа олдида Хитойни мағлуб эта олармикан, деган саволларнинг пайдо бўлиши бироз кулгили ҳолат. Таркибимиздаги футболчиларнинг аксарияти тажрибали. Уларда ҳеч қандай қўрқув йўқ. Шунчаки, бу футболчиларга кайфиятни бера олиш керак.
- Ўша кайфиятни ким беради?
- Биринчи навбатда, футболчиларнинг ўзлари бунга ишонишлари лозим. Яъни, уларда Хитой ва Жанубий Корея термаларини мағлуб этишга заррача шубҳа қолмаслиги даркор.
Иккинчидан, бош мураббий муҳим ўйинлар олдидан шогирдларининг руҳиятини кўтара олиши шарт. Учинчидан, мухлислар футболчиларга ишонч билдириб, уларга муҳим паллада руҳий далда бўлишлари керак.
Агар ҳозир ўйинчилар, мураббийларга танқид тошлари отишда давом этилса, бу зарарга ишлаши мумкин. Шу боис, ҳамма ягона мақсад йўлида бирлашиши лозим.
- Келинг, майдонни шахмат доскасига қиёслаймиз. Унинг икки томонида гроссмейстерлар, яъни бош мураббийлар, тахтадаги сипоҳлар эса - футболчилар. Икки гроссмейс-тер - Липпи ва Бабаяннинг тактик юришида кимни устун деб ҳисоблайсиз?
- Марчелло Липпига алоҳида таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Шу жиҳатдан олиб қарасак, бу икки мураббийни солиштириш, таққослашга ҳожат йўқ. Ҳамма кимнинг устун эканлигини жуда яхши билиб турибди.
Липпи жаҳон футболида оламшумул ютуқларга эришган. Марчеллонинг биргина Италияни жаҳон чемпиони қилганининг ўзи кўп саволларга жавоб беради. Шахсий фикрим, бу ўйин-да кўп нарса футболчиларга боғлиқ бўлади.
Агар улар чиндан ҳам мундиалга чиқишни исташса, рақибни мағлуб этишади. Буюк Хитой девори маҳв этилса, Тошкентдаги баҳс чинакамига финалга айланади. Бу суперучрашув барча рекордларни янгилайди.
- Аксарият мутахассислар ва мухлисларнинг фикрича, ҳозирги Жанубий Корея аввалгидек кучли эмас, гарчи таркибида юлдузлари бўлса ҳам...
- Ушбу мамлакат футболи раҳбарлари Қатардан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг жамоага маҳаллий мутахассисни бош мураббий этиб тайинлашди. Ҳозир кореялик мутахассиснинг термада қандай ислоҳотлар олиб бораётганини билмаймиз.
Нафақат биз, балки миллий жамоамиз мураббийлар штаби ҳам бундан бехабарлар, ҳойнаҳой. Билганимиз, у Ж.Корея олимпия термасини Олимпиадага олиб чиқиб, мазкур мусобақадаги муносиб иштирокни таъминлади.
Демак, бу мутахассиснинг қандай салоҳиятига эга эканлиги шундоқ кўриниб турибди. Агар ўша ёндашув, ўша ўйин бўлса, кореяликлардан катта хавф кутиш мумкин.
Эшитишимча, 5 сентябрь кунги баҳсда рақибларимизнинг айрим юлдузлари майдонга тушмас экан. Бу яхши хабар. Зеро ўзаро учрашувларда айнан кореяликларнинг етакчилари ўйин тақдирини ҳал қилиб келишган.
Ж.Корея - Эрон тўқнашуви натижасини кутиб ўтириш керак эмас. Чунки ҳозир ҳаммаси ўз қўлимизда, иккита баҳсда зафар қучсак, жаҳон чемпионати эшиклари биз учун очилади.
- «Узрепорт» телеканали бу мавсум ўз мухлисларига қайси чемпионатларни намойиш этишни режалаштирган?
- Биринчи навбатда, ЕЧЛ ва ЕЛ учрашувларини айтиб ўтиш лозим. Қолаверса, ўтган мавсумда бўлгани каби, мухлислар Испания ва Англия чемпионатларининг жонли трансляцияларидан ҳам баҳраманд бўлишлари мумкин.
Манба: interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади