13:18 / 08.09.2017
3 828

Жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш керак?

Жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш керак?
Жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш керак? Уч кун олдин бу саволга «Жанубий Кореяда дарвозасига биргина гол урилса кифоя» деб жавоб берилган бўларди. Энди эса, жавоб янада мураккаб – миллий чемпионатни яхшилаш, келишилган ўйинларга қарши курашиш, болалар футболини ривожлантириш, федерациянинг ҳар бир ходимини ишдан бўшатиш ва ҳоказо ва ҳоказо... Наҳотки футболимизда сўз бирикмасига айланиб кетган бу оғир вазифаларнинг салмоғи биргина гол билан тенг бўлса? Наҳотки биргина гол уришимиз учун шунча ишни амалга оширишга мажбур булсак?

Умумий жавоблар, катта муаммоларни кўтариш гўёки вазиятга чуқур баҳо берилаётгандек тасаввурни пайдо қилса-да, аслида таҳлил қилишга ҳалақит қилади. Айбдорларни терма жамоанинг, федерациянинг ва ҳатто футбол соҳасининг ташқарисидан қидиришга мажбур қилади, бу аҳволимизда бундан ортиғига ҳам лойиқ эмасдик, деб фикр юритишга ундайди.

Албатта, жавобларнинг барчаси тўғри, ҳар бир муаммо, ҳар бир нотўғри қарор якуний натижага ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Лекин бу муаммолар ҳақида фақат Жанубий Корея билан ўйинининг эртасига эмас, ҳар доим, ҳатто Жанубий Кореяни йирик ҳисобда ютаётган пайтимизда ҳам гапиравериш керак. Муаммо борми, якуний натижадан қатъи назар, уни ечишга ҳаракат қилиш, у ҳақида гапириш лозим бўлиб қолади. Терма жамоа муваффақиятсизликка учраганда эса, айнан терма жамоа, унинг раҳбарлари ва мураббийлари, футболчилари мунозаралар марказида бўлиши шарт.

Қизиқ-да, айб Бабаянда эмас, бошқа мураббий бўлганидаям, бундай шароитларда яхшироқ натижа қила олмасди, дейдиганлар чиқади, бошқа мураббийлар давридаям чиққан – қандай қилиб, терма жамоага таркибни танлаган, тактикани ишлаб чиққан, тайёргарлик режасини тузган ва ўйинга футболчиларни бошлаб тушган шахсда айб бўлмаслиги керак?

Ўз навбатида, барча муваффақиятсизликларни бир шахсга боғлаб қўйиш ҳам хато, бу ҳолатда бош мураббийни истеъфога чиқариш орқали, гўёки барча масалани ечгандек кўринамиз ва 4 йилдан кейин яна айни нуқтага қайтиб келишимиз турган гап.

Самвел Бабаяннинг истеъфоси муаммонинг ечими эмас, ундан кейин амалга ошириладиган бир неча ҳаракатлар занжирининг дебочаси бўлиши керакки, айнан шу масаладаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Яъни, мавзуга, мақола аввалида берилган саволга жавоб излаб кўрамиз.

1. Футболчиларимизнинг бугунги аҳволини терма жамоа ракурсидан ўрганиш
Мутахассислардан иборат илмий гуруҳ тузилади ва терма жамоамизга номзодларнинг умумий ҳолати чуқур таҳлил қилинади. Қайси футболчилар кейинги циклларда бизга ёрдам бера олмайди, қайси футболчилар уларнинг ўрнини босиши мумкин? Уларнинг ўйин услуби қанақа? Умуман миллатимизнинг, футболчиларимизнинг салоҳияти, жисмоний кўрсаткичлари, ўзига хосликлари қандай ўйинга мосроқ келади? Олдинги ўйинларда қайси чизиқлар бизга кўпроқ панд берди ва қайси нуқталарга урғу беришимиз керак? Ёшлар ва ўсмирларнинг умумий аҳволи қай даражада? Ҳали эътиборимиздан четда бўлган легионерлардан тортиб, олий лигадаги ҳар бир потенциал номзод, керак бўлса, юзлаб футболчилар устида таҳлилий ҳисоботлар тайёрланиши керак бўлади. Якунда, терма жамоамиз қандай футбол ўйнаши керак, футболчиларимиздан қандай фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади, каби саволларга жавоб изланади.

2. Терма жамоамиз учун янги мураббий прототипини аниқлаш
Ҳар хил мураббийлар бўлади. Баъзи мураббийлар ёшлар билан яхши ишлайди, ким учундир тайёр шаклланган футболчилар қулайроқ. Кимдир алоҳида ўйинларга яхши тайёрлай олади – кўпроқ терма жамоалар билан яхши ишлайди. Бошқаси учун жамоавий муносабатлар муҳим – клубларда муваффақият қозонади.

Бир мураббий ўрнига бошқасини тайинлаш ҳеч қачон шунчаки содир бўлмаслиги керак. Бизнинг бугунги ҳолатимизга айнан қандай типдаги мураббий кераклигини аниқлаб олишимиз лозим. Авлодлар алмашинуви арафасида турибмизми ёки мавжуд футболчилар билан янги вазифаларни уддалаш мумкинми, бу ҳақида аниқ қарорга келгандан кейин, албатта, ўша вазифаларга мос мураббий қидириб топиш лозим бўлади. Тайёр юлдузлар билан ишлашда ўзини кўрсатган мураббийни чақириб, унга ёшларга эътибор беришни тавсия қилсак – унинг ишига аралашган бўлиб қоламиз. Аксинча, аввалдан ҳолатимизга мос келадиган номзодлар ичидан мураббий қидириш яхшироқ.

Ўйин услуби ҳам муҳим. Клубларда янги келган мураббий ўз услуби билан келиши ва шу йўналишда керакли трансферларни амалга ошириш мумкин. Аммо терма жамоада, айниқса, юқори савиядаги футболчилар бармоқ билан санарли бўлган мамлакатларда бунинг иложи йўқ. Бош мураббий доим ҳам ўз услубига мос бўлган савияли футболчиларни топа олмаслиги мумкин. Бунинг устига, жисмоний, тезкор ва узун паслар билан жамоаси ўйинини қурадиган мураббийга – шу талабларга жавоб берадиган ижрочилар керак. Қайсидир мураббий эса, техникаси юқори ва тўпни назорат қилишга уста бўлган футболчиларга эҳтиёж сезади.

Бир миллатнинг жисмоний кўрсаткичлари ва миллий чемпионатдаги жамоалар кўрсатадиган ўйин барибир, бир-бирига яқин бўлади. Шу томондан, бизнинг футболимизга мос услубда муваффақият қозониши мумкин бўлган мураббийлар изланиши фойдалироқ бўларди. Худди бўйдор ва бақувват Австралия, тезкор ва абжир Жанубий Корея каби жамоалар мутлақо фарқли услубдаги мураббий прототипига эҳтиёж сезганидек.

3. Тайёргарлик учун шароит яратиш
Бу борадаги ишларни ҳам юқорироқ босқичга кўтариш шарт. Терма жамоа йиғинларини ташкил қилиш, бош мураббийни қўллаб-қувватлаш борасида анча нўноқ ҳаракат қиламиз. Шунча йиллик тарихимизда ҳали бирор марта Ғарбий Европа ёки Лотин Америкаси вакиллари билан ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмаганимизнинг ўзи кўп нарсани кўрсатиб турибди.

Бекор қилинадиган учрашувлар, муҳим синовлар олдидан умуман вазифага мос келмайдиган рақиблар, ёпиқ ўйинлар – буларнинг барчаси ҳали ҳам терма жамоамиз учун тайёргарликни ташкиллаштириш борасидаги нўноқликларимизни кўрсатади.

Мисол учун, Испания ёки Аргентина каби терма жамоалар билан ўйнашга қўрқамиз. Кўпинча, ушбу жамоалар билан ўйнаш учун катта пул керак бўлишини айтадилар. Лекин аслида, трансляция ҳуқуқларини сотиш, реклама агентликлари билан ҳамкорлик қилиш, чипталар орқали ўша маблағнинг катта қисмини бемалол чиқариб олиш мумкинлиги ҳақида илгари ҳам кўп ёзилган. Ҳатто рейтинг борасида биз қатори бўлган, савияли спарринг рақиблар билан музокара ўтказишни билмаймиз.

Терма жамоа муҳити доимо янги футболчиларни ўзига тортиши, илк бор бу ерга кириб келган ёш номзод бу бир бошқача туйғу эканини ҳис қилиши керак. Жамоага бўлган эътибор, ташкилий ишлар клублардагидан бир поғона юқори эканини, бу ердаги мақсад ростдан ҳам энг юқори – мундиалга чиқиш, у ерда муносиб иштирок этиш эканини, бу жамоа бутун мамлакат имижини ташкил этишини футболчи ҳис қилиши керак.

Одил Аҳмедов Хитойдаги интервьюсида бу ҳолатга жуда аниқ урғу берди – «бундай муносабат билан ғалаба қозониб бўлмайди». Жаҳон чемпионатига боришни истайдиган ҳар бир футболчи мана шу мақсад йўлидаги уйғунликни жамоа ичида сезиши – терма жамоа массажчисидан тортиб, энг катта раҳбаргача мана шу мақсад йўлида ёнаётганини ҳис қилиши шарт.

4. Жамоатчилик назорати
Бу жуда муҳим ва футболимизда оқсаётган жиҳатлардан биридир. Албатта, терма жамоа барчанинг кўз ўнгида, мухлис-у журналистлардан тортиб, ҳатто шоу бизнесгача тез-тез бу мавзуни марказга қўйишади. Аммо терма жамоадагиларнинг футбол жамоатчиликка бўлган муносабати қониқарли эмас.

Вадим Абрамов турли танқидлар шогирдларига салбий таъсир қилаётганидан нолиганди. Миржалол Қосимов бир неча журналистни «кампаниявозлик»да айблаб, ҳатто ўз матбуот котибини фитнада гумон қилишгача борди. Самвел Бабаян ўзича, илк кунларидаёқ журналистлар билан учрашувлар ташкил қилиб, биргаликда ишлаш ҳақида бонг урган бўлса-да, охирига келиб Пресс-клубдан ҳам, матбуот анжуманидан ҳам «қочиб кетди».

Яъни терма жамоамиз мутасаддилари четдан бўлаётган талабларни қабул қилишга тайёр эмас, бу босимни кўтара олишмаяпти. Зеро, бутун дунёдаги ҳар бир давлатда терма жамоа мана шундай тўғри-нотўғри, асосли-асоссиз танқидлар остида ишлайдилар. Шуни тушуниш керакки, агар терма жамоа ўз ўйини билан ижобий кайфият тарқата олса, ҳар қандай салбий фикрларнинг умри узун бўлмайди.

«Мижоз ҳамиша ҳақ» деган ибора бор. Футбол оламида футболчи мақомидан, кўрсатаётган ўйинидан, эътиборидан қатъи назар, ҳар қандай ҳолатда, жамоатчилик олдида қарздордек бўлиши керак. Бир футболчи концерт залига кирса, истеъмолчи сифатида қўшиқчига ҳуштак чалиши мумкин, худди ўша қўшиқчи стадионда айни ишни қилишга ҳаққи бор. Яъни, қайси соҳанинг ичида туришимизга қараб, жамоатчилик назорати ўрнатилиши керак.

Тўғри, журналист ёки мухлис мураббийдан ёки терма жамоа мутасаддиларидан кўра билимсизроқ бўлиши, кўп нарсани тушунмаслиги бор гап – аммо, бу уларни саволга жавоб бериш масъулиятидан соқит қилмайди.

Бир мисол айтай. Япония терма жамоасида иқтидорли футболчилар кўп. Агар фақат Европада, кучли бешликда тўп сураётган японларни йиғиб чиқилса ҳам бемалол битта терма жамоа бўлади. Яъни, аслида бош мураббий номзодлар борасида ортиқча бош қотиришга муҳтож эмас. Лекин...!

Воҳид Ҳалилҳожич терма жамоага бош мураббий бўлгач, тайёргарликнинг илк босқичлари ишонасизми, йўқми, 700 нафар номзодни кўздан кечирган. Тўғри, бунинг устида жуда катта гуруҳ иш олиб борган, аммо факт шуки, мана шунча футболчи ҳақидаги тўлиқ ҳисоботлар тайёрланган ва бош мураббий уларни кўриб чиққан.

Кейин эса, мураббий билан 3 соатга яқин давом этган матбуот анжумани ташкил этилди. Бунинг видеосини кўргандим. Ҳалилҳожич журналистларнинг ҳар бир саволига атрофлича жавоб беради, таркибга жалб қилинган ва қилинмаган футболчилар бўйича, уларнинг ҳар бирига изоҳ бериб ўтади. «Фалончи ҳали тайёр эмас, фалончини қайд этдим, келажакда фалон чизиқда ўйнатаман, фалончи яхши, лекин ҳозирда унинг позициясида фалончи устунроқ, фалончини ҳозир ўйнатмоқчи эмасман, лекин терма жамоа муҳитига ўргансин, деб жалб этдим» – мураббий ҳар бир футболчига эринмасдан шу шаклда тўхталиб ўтганди.

Савол бераётган журналист мураббийдан ақллими? Мураббий натижага жавобгар, кимни ўйнатса, ўзи билмайдими? Терма жамоа ишига шу қадар аралашиш керакми?

Йўқ, бу ерда жамоатчилик назоратининг тўғри йўлга қўйилгани билан изоҳланади. Журналист халқ номидан саволни беради ва жавоб ҳам халқ учун берилади, Нуқта.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бундай назоратни ўрнатиш ва энг тўғи шаклда ишлаши фақат федерация ёки терма жамоа мутасаддиларига боғлиқ эмас. Журналистларга ҳам боғлиқ. Жумладан, худди чет элдаги каби, футбол соҳасида ишлаган, ўз вақтида футболчилик қилган шахслар бу соҳада қанчалик кўпайса, қанчалик ўз фикрларини баён қилишса, назорат янада кучлироқ бўлади.

Тасаввур қилинг, бир журналист Бабаяндан 14 ўйиндан бери бирорта ҳам гол урмаган ҳужумчини нега майдонга тушираётганини сўрайди. Бабаян ўз ҳолича, унинг фойдали бўлаётганини, прессинг қилаётганини, энг яхши номзод эканини тушунтирмоқчи бўлади. Вазиятга қараганимизда, у мураббий, жамоанинг ичида, албатта, журналистдан кўп нарса билгандек тасаввур пайдо қилади. Шу ўринда, тажрибали футбол мутахассислари, собиқ футболчилар ҳам жон куйдиришса, Сергеевнинг қандай ўйнаётгани, умуман терма жамоа мураббийи қандай хатоларга йўл қўйгани ҳақида турли таҳлиллар билан ўртоқлашиб, ўз фикрларини айтишса, салмоғи оғирроқ бўларди, менимча. Андиша қилиб ёки ўша мураббий билан яқин бўлгани учун ҳақиқатни ёки ўз фикрларини баён қилишдан қочиш – терма жамоа манфаатидан, халқнинг талабидан ўз шахсий муносабатларини устун қўйиш демакдир.

Терма жамоани кучайтириш учун, мана шу йўналишларда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Акс ҳолда, 4 йил ўтиб, бундан 4 йил аввалги фикрларни гаплашиб ўтираверамиз.

Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш керак?