07:30 / 07.02.2018
4 342

Андрей Сидоров: Осиё чемпиони бўлганимизга ҳали ҳам ишонолмаяпман

Андрей Сидоров: Осиё чемпиони бўлганимизга ҳали ҳам ишонолмаяпман
Хитой мезбонлик қилган 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўзбекистонлик футбол иҳлосмандларини, борингки, юртимизниниг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча аҳолисининг қалбини ифтихорга тўлдирди. Нега дейсизми? Чунки унда Ўзбекистон ёшлари чемпионликни қўлга киритишди.

Бутун Ўзбекистон интиқлик билан Вьетнам жамоасига қарши финал баҳсининг якунини кутди. Жадвалдаги ҳисоб эса ўзгаргиси келмаётгандек бепарвогина турибди — 1:1. Ҳамма нарса лотереядаги каби омадга боғлиқ бўлган пенальтилар сериясига руҳий тайёргарлик аллақачон бошланган. Бироқ...захирадаги Андрей Сидоров майдонга тушгандан кейинги бир дақиқа нафақат бу ўйинни, балки Ўзбек футболи тарихини мутлақо ўзгартириб юборди. 22 ёшли Андрей киритган гол туфайли мамлакатимиз илк маротаба U-23 Осиё чемпиони бўлишга муваффақ бўлди.

Бугунги қаҳрамонимиз футболдаги фаолиятини тўққиз ёшдан бошлаган. Илк машғулотга отаси етаклаб келганини футболчининг ўзи энтикиб эслайди. Кўпчилик тўққиз ёшли бола тўп тепишга кечикади, деб ўйлайди. Лекин ўша пайтда болалар айнан шу ёшда футбол машғулотларига қабул қилинган. МХСК унинг учун дастлабки мактаб вазифасини ўтади. У ерда уни илиқ кутиб олишди. Кейинчалик “Олимпик”, “Тошкуч” болалар жамоаларида ўз иқтидорини намоён этди. Андрейнинг футболчи сифатида шаклланишида мураббий Арслонов Юрий Ильёсовичнинг меҳнатлари беқиёс бўлди. Андрейнинг “Пахтакор” академияси жамоасига келиб қолишига ҳам айнан шу инсон сабабчи бўлди.

Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ.
Барча соҳаларда бўлгани каби, спортчи ҳам бир қатор машаққатларга рўбарў бўлади. Андрей ҳам бундан мустасно эмас. Аксарият ҳолларда Андрей захирадаги ўйинчи сифатида ўриндиқда сабр-тоқат билан “суҳбатлашиб” ўтиришга мажбур бўларди. Болаликда-ку майли, бироқ вақт ўтгани сари бу ҳолат унга руҳий босим кўрсата бошлади. Аммо футболга бўлган муҳаббати сабабли у барчасига чидади. Бунинг учун ота-онаси ва барча яқинларидан чексиз миннатдор. Ким билади, балки ҳамммасига қўл силтаб кетганида Ўзбекистонга чемпионлик совға қилган Хитойдаги ўша гол амалга ошмасмиди?!

“Пахтакор” билан хайрлашишга нима ундади?
Андрей Сидоров узоқ вақт давомида пойтахтнинг “Пахтакор” жамоаси таркибида бўлди. Бироқ амалий тажрибанинг камлиги боис “Қўқон-1912” клубига ўтишига тўғри келди. Бу кулбда майдонда ўзини яққолроқ кўрсатиш имконига эга бўлди. Қаҳрамонимиз 2013 йилда ёшлар терма жамоасига таклиф қилинади, бу пайтда жамоа БААдаги халқаро турнирда иштирок этаётган эди.


Нега айнан ҳужумчи?
Қизиқ, нима учун Андрей айнан форвардлик вазифасини бўйнига олди? Ўзининг айтишига қараганда, бу танловни у амалга оширмаган, балки вазият ҳаммасини ўз жой-жойига қўйган. Беш ёшлигидан бошлаб болалар билан кўчада тўп тепишганда ҳам гол уришни маромига етказиб бажарганини эслайди. Рақиб дарвозасини маҳв этиш истаги аввалдан тинчлик бермаган, шекилли.

Яқинлари ҳақида
Андрей оддий, аммо файзли оилада ўсиб-улғайди. Отаси — ишчи, онаси эса рақс машғулотларидан дарс берган. Тўнғич акаси ҳар доим, ҳар қандай ишда ота-онасига тиргак бўлган. Оилавий муносабатлар Андрейнинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Айнан оиласининг қўллаб-қуватлашлари билан футболчи бўлиб шаклланганини тан олади. Руҳий инқорозлар пайтида ота-онасининг сўзлари ва маслаҳатлари баилан ўзини тиклаб олади, машаққатларни енгиб ўтади. Ота-онаси Андрейнинг барча ўйинларига келиб, у билан бевосита бирга бўлишган, машғулотларга қунт қилиши учун керакли барча шароитларни яратиб берган.

Андрей узоқ масофада туриб ҳам уни қўллаб-қувватловчи, далда бўлувчи қайлиғининг ҳаётидаги ролини ҳам эътироф этади. Шунингдек, унинг ҳозирги даражага эришишида “Пахтакор”даги мураббийлари Шуҳрат Раҳмонқулов, Мурод Исмоилов, Мурод Розиевларнинг хизматлари ҳам беқиёс бўлди.

— Қатарга бой берилган ўйиндан кейин жамоа қай аҳволга тушди, чемпионликни қўлга киритишга бўлган ишонч йўқолмадими?
— Аслида, Қатар билан бўлган тўқнашувдаги муваффақиятсизликдан кейин жамоамиз тушкунликка тушмади. Аксинча, янада шиддатлироқ ўйнашга, ўзимизни кўрсатиб қўйишга ундади. Турнирда мағлуб бўлиш ҳақидаги бемаъни хаёллар бир лаҳзага ҳам бизни чалғитгани йўқ. Сўнгги дақиқагача ғолиб бўлишимизга бўлган ишонч бизга куч бағишлади.

— Жамоанинг Осиё чемпионатидаги ғалабаси сири нимада деб ўйлайсиз?
— Жамоа муваффақиятининг калити — аҳиллигимизда. Биз ҳар доим ҳамжиҳатликда иш кўрдик, бир-биримизга далда бўлдик. Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиш масъулияти бизни бир мақсад сари бирлаштирди.

— Жамоанинг ҳозирги таркибида етакчилик кимнинг қўлида деб айтишимиз мумкин?
— Биласизми, жамоадан кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатиш ноўрин. Ғалабада ҳар бир футболчининиг ўз ҳиссаси бор. Майдонга тушган ҳар бир футболчи ўз вазифасини қойилмақом қилиб бажарди, ўзига билдирилган ишончни оқлашга жон-жаҳди билан тиришди. Бу айнан бир спортчининг эмас, балки жамоанинг, бутун Ўзбекистонининг ютуғи деб биламан.

— Ғолиблик голини киритганингизда нималарни ҳис қилдингиз? Бу гол жамоага нималар олиб келишини ўша ондаёқ сездингизми?
— Мен тепган тўп рақиб дарвозасига кирганда бутун вужудимни қувонч ва ҳаяжон қамраб олди. Буни сўз билан изҳор қилиш мушкул. Ҳалигача мен киритган гол бундай муваффақиятга сабаб бўлганига ишонолмаяпман. Ҳамма мени қаҳрамон сифатида кўрсатяпти. Лекин мен жамоамизнинг ҳар бир аъзоси қилиши мумкин бўлган ишни амлга оширдим холос. Менинг омадим — керакли сонияда, керакли жойда бўлганимда.

— Финаль учрашувидаги об-ҳаво жамоаларга қандай таъсир кўрсатди?
— Менимча, об-ҳаво бизга ўз ҳукмини ўтказа олмади. Футболчилар турли шароит ва об-ҳавода машғулот олиб боришади, чунки ҳеч бир турнир ёмон об-ҳаводан суғурталанмаган. Футболчи ёмон об-ҳавода ўйнашга ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр бўлиши керак. Ғалаба иштиёқига қор ҳам халал бера олмади.

— Жамоанинг муваффақиятида бош мураббийнинг ролини қандай баҳолайсиз?
— Авваламбор, бош мураббий Равшан Ҳайдаровга барчаси учун жамоамиз номидан миннатдорлик билдираман. Турли қийинчиликларга қарамай, у бизга далда бўлди, бизни илҳомлантирди, ҳар биримиз билан шуғулланди, бор имкониятларини ишга солди. Чемпионлик мақомига эришишимиздаги меҳнатлари учун унга чуқур таъзим қиламан. У терма жамоага ва чемпионликка ҳар томонлама лойиқ мураббий.

— Агар сиз гол киритмаганингизда, жамоанинг кейинги тақдири қандай бўлар эди?
— Бу гол бўлмаганида, биз Вьетнамни пенальтилар сериясида мағлуб қилган бўлардик.

— Ёшлар терма жамоасининг олдида энди қандай мақсад ва вазифалар турибди?
— Бизнинг навбатдаги вазифамиз — Токиодаги Олимпия ўйинлари. У ерда биз ўз чемпионлик мақомимизни оқлаймиз.

— Суҳбатингиз учун раҳмат. Фаолиятингизда муваффақият ёр бўлсин.

Андрей Сидоров ҳақида қисқа сатрларда:

Хобби: Ҳар соҳадан бир шингил деганларидек, турли машғулотлар билан оз-оздан шуғулланишни яхши кўраман. Аммо мен учун вақт ўтказишнинг энг яхши усули — оила даврасида бўлиш.

Футболдаги кумири: Буюк футболчи Андрей Шевченконинг ўйинлари болаликданоқ хаёлимни ўғирлаганди. Унинг ҳар бир ўйини, голини битта қолдирмай кузатиб борардим. Ютуқ ва муваффақиятсизликларини бирдек ҳис қилардим.

Севимли клуби: Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клубининг ашаддий мухлисиман. Бу клубга бўлган ихлос менга отамдан “юққан”, отам ҳам клубнинг ҳақиқий ишқибози. МЮнинг барча ўйинларини кузатиб боришга ҳаракат қиламан.

Севимли таоми:
Меҳр билан тайёрланган ҳар қандай мазали овқат ошқозонимга ҳам, юрагимга ҳам бехато йўл топиб боради.

Севимли қўшиқчиси: Россиялик реппер ST1Mнинг ижодини қизиқиш билан кузатиб бораман. Осиё чемпионати арафасида ҳам унинг қўшиқларини, айниқса “Шанс” номли қўшиғини тинглаб дам олардим. Бу мен учун “илҳом париси” вазифасини ўтади десам ҳам бўлади.

Ёқтирган кинофильми: Биласиз, жангари фильмларни томоша қилиш барча йигитларга “теккан касал”. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. “Перевозчик” фильмини қайта-қайта кўришдан чарчамайман.

Эътиқоди: Ирим-сиримларга ишонмайман. Лекин ҳар бир ўйиндан аввал Парвардигордан мени қўллаб-қувватлашини сўраб, дуо қиламан.
Земфира Яблокова cуҳбатлашди
Саодат Абдураҳмонова таржимаси

Манба: sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Андрей Сидоров: Осиё чемпиони бўлганимизга ҳали ҳам ишонолмаяпман