14:38 / 19.02.2018
5 227

Темур Кападзе: "Миллий терма жамоада устувор вазифа - таркибни ёшартириш"

Темур Кападзе: "Миллий терма жамоада устувор вазифа - таркибни ёшартириш"
Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасига Темур Кападзе вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди. Биз собиқ футболчи, эндиликда терма жамоа устозига айланган Темур Кападзени Миллий олимпия қўмитасига таклиф қилиб, у билан суҳбат уюштирдик. Эътиборингизга ушбу интервьюни тақдим этамиз.

-Темур, аввало Ўзбекистон терма жамоасига вақтинчалик бўлсада бош мураббий этиб тайинланганингиз билан табриклаймиз. Устозлик соҳасидаги илк қадамларингизни ташлаётганингизда сизга миллий терма жамоа бошқарувининг ишониб топшириши, сиз учун мураббийлик маҳоратингиз, қолаверса футболчилик фаолиятингизда орттирган тажрибаларингизни амалиётга тадбиқ этиш йўлида катта имконият бўлади десак хато бўлмайди. Шаҳсан ўзингиз бу хабарни қандай қабул қилдингиз?

-Табрик учун раҳмат. Аввалига қўнғироқ қилиб федерацияга чақиришди. Ҳайрон бўлдим. Нима учунлигини билмай, у ерга бордим. Шундан сўнг ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов қабулига киришимни айтишди. Фақатгина Умид Маҳамаджоновични олдиларига кирганимдан сўнг у кишидан барчасини эшитдим. ЎФА биринчи вице-президенти "Терма жамоа бош мураббийлиги учун сизнинг номзодингизни кўриб чиқдик. Яқин вақт ичида ишни бошлайсиз" деган гапни эшитдим. Аввалига ҳайрон қолдим. Қайси терма жамоа? Ёшлар деб ўйладим. У киши эса йўқ, миллий терма жамоа деди. Ёрдамчи бўлибми деб сўрадим. Кейин эса Умид Аҳмаджонов миллий терма жамоа бош мураббийлигига менинг номзодим маъқул келгани ҳақида гапирди. Вақтинчалик бош мураббийлик учун айни пайтда Суперлигада фаолият кўрсатаётган мураббийлардан кимнидир жалб этиш нотўғри бўлишини, бу мураббийга клубдаги ишида ҳалал беришини айтди. Шунингдек, Умид Маҳаммаджонович кейинчалик чет элдан келадиган мураббийга муҳитни таништириб, ёрдам беришимни тушунтирдилар. Бу мен учун жуда кутилмаган хабар бўлди. Шундай ишончга лойиқ кўрилаётганимдан жуда хурсанд бўлдим. Бу зиммамга жуда катта масъулият юклашини тушуниб турибман. Бош мураббий лавозимида қўлимдан келганича ҳаракат қилиб, ишончни оқлайман. Йигитларни яхши биламан, шу томонлама менга бироз осон бўлиши мумкин. Ўйлайманки, олдинда турган иккита муҳим учрашувдан терма жамоа манфаатлари учун максимал даражада фойдаланамиз. Ўз ўрнида бундай юксак ишонч учун ЎФА раҳбарияти ва шаҳсан Умид Аҳмаджоновга миннатдорчилик билдириб қоламан.

- Миллий терма жамоамиз март ойида жаҳон чемпионатининг икки иштирокчиси Сенегал ва Марокаш термаларига қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Айнан мазкур беллашувларга терма жамоа таркибини танлашда энг аввало нималарга эътибор қаратдингиз? Футболчиларни қайси принципларга асосланиб йиғинга таклиф этдингиз?

-Биринчи навбатда Равшан Ҳайдаров билан гаплашдим. Мен табиийки миллий терма жамоа таркибига яқиндагина Осиё чемпионлигини қўлга киритган футболчилардан кўпчиликни жалб этишни ва келажакни ўйлаб мамлакатимиз бош жамоаси асосини айнан улардан тузишни мақсад қилгандим. Аммо март ойида Олимпия терма жамоамизнинг ҳам ўйинлари бор. Хабарингиз бор, 21 ва 25 март кунлари Олимпия терма жамоамиз Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик доирасида Саудия Арабистони термасига қарши иккита назорат учрашуви ўтказади. Шу боисдан бу томонини ҳам Равшан Акмалович билан келишиб, битта ҳулосага келдик. Шундай бўлсада тўрт-беш нафар ёш футболчиларни йиғинга жалб этдик. Таркибда легионерларимиз ҳам, миллий чемпионатимизда яхши ўйин намойиш этаётган футболчиларимиз ҳам бор. Кенгайтирилган таркибдан 30 нафар футболчи жой олган бўлса, Марокашга уларнинг 23 нафари йўл олади. Чунки, унгача ОЧЛ, Суперлига ўйинлари бор. Кутилмаган жароҳатлар бўлиши мумкин. Қолаверса, ўша пайтга бориб кимнингдир жисмоний ва функционал ҳолатида пасайиш кузатилиши мумкин. Бир сўз билан айтганда таркиб танлашда барча жиҳат эътиборга олинди. Сафар олдидан ҳар бир футболчи билан алоҳида гаплашиб, кейин Касабланка шаҳрига йўл оламиз.

-Таркибга назар ташласак, кўпчилик яқиндагина сиз билан бирга майдонда елкама-елка ҳаракат қилган футболчилар эканлиги ойдинлашади. Яъни уларни яхши биласиз. Мураббийлик эса мутлақо ўзгача вазифа. Сўрамоқчи бўлганим энди уларни бевосита мураббий сифатида бошқариш Сиз учун қандайдир қийинчилик ёки ноқулайликлар туғдирмайдими?


-Биласизми, масалан терма жамоага жалб этилган "Локомотив" футболчиларининг 6-7 нафари билан бирга майдонда сардор сифатида тўп тепганман. Сўнгги икки йил ичида "С", "B" мураббийлик курсларига ҳам ўқидим. Маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият олиб бордим. Улар мени ҳурмат қилишади. Керакли пайтда доимо ўз маслаҳатларимни аямайман. Айтмоқчиманки, яқиндагина футболни тугатиб, мураббийликни бошлаётганим йўқ. Бунга икки йил давомида рухий томонлама тайёргарлик кўрганман. Шунинг учун, энди бош мураббий сифатида улар билан тезда тил топишиб кета оламиз деб ўйлайман. Барчамизнинг олдимизда битта вазифа турибди, у ҳам бўлса миллий терма жамоани кучайтириб, барчасини йўлга қўйиб олиш. Буни йигитларга тўғри тушунтира оламан. Ўйлайманки, тушунмовчиликлар юзага келмайди.

-Сиз эълон қилган таркибда ҳам ҳаётда, ҳам футбол майдонида энг яқин дўстингиз Сервер Жепаровни кўрмадик. Бу унинг терма жамоадаги футболчилик фаолиятини якунлаганидан далолатми ёки бошқа сабаблар ҳам борми?

-Бу энг аввало келажак учун қилинаётган иш. Чунки, ёшларимиз сафида ҳам кучли футболчилар бор. Олдимиздаги илк вазифа таркибни ёшартириб, уларни тайёрлаб бориш. Осиё ўйинлари, қитъа чемпионати, Токио-2020 Олимпия ўйинлари ва албатта жаҳон чемпионати турибди. Келишилган ҳолда таркибга Сервер Жепаровни ҳам, Азиз Ҳайдаровни ҳам чақирмадик. Таркиб ёшартирилаётгани сабаб ушбу йиғинга уларни бекорга овора қилиб чақириб ўтиришни истамадим. Қолаверса футболда авлодлар алмашинуви табиий ҳолат. Буни барча профессионал футболчилар тушунишлари, тўғри қабул қилишлари лозим.

-Бу борада Сервернинг ўзи қандай муносабат билдирди?

-Унга барчасини тушунтирдим. У ҳам қарорни тўғри қабул қилди. Жепаров 35 ёшда. Балки, чет эллик мураббий келиб уни яна миллий терма жамоага чақирар. Уни нималарга қодир эканлигини барчамиз билишимизни, ҳозир тўп сураётган клубидан безовта қилмоқчи эмаслигимизни тушунтирдим. Унинг қандай ёрдами тегиши мумкинлигини барчамиз биламиз. Шунчаки, ҳозир ёшларнинг имкониятларини синовдан ўтказмоқчимиз. Шунингдек, Азизнинг ҳам имкониятини ҳамма билади. Унга ҳам барчасини тушунтирдим. Улар тўғри қабул қилишди. Чунки, бундан буёғига хоҳлаймизми йўқми миллий терма жамоамиз асосини ёшларимиз ташкил қилади. Уларни ҳозирдан тайёрлаб борсак тўғри бўлади.

-Жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳисобланган Сенегал ва Марокашга қарши кечадиган ўйинлар бизга нима беради?

-Албатта, бундай савиядаги рақибларга қарши ўйинлар руҳий томонлама, шунингдек, тажриба жиҳатидан катта ёрдам беради. Чунки, улар оддий жамоалар эмас. Биринчи навбатда улар жаҳон чемпионати иштирокчилари. Шу ҳолатнинг ўзиёқ Сенегал ва Марокашнинг кучини кўрсатиб турибди. Шу тарафлама бу биз учун қизиқ бўлади. Чунки, бундай терма жамоаларга қарши ҳали ўйнамаганмиз. Бизнинг ҳам улардан кам жойимиз йўқ. Бу ёш футболчилар учун яхшигина тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Ўйинга яхши тайёргарлик кўриб, Ўзбекистонни нимага қодир эканлигини кўрсата оламиз деган умиддаман. Фурсатдан фойдаланиб, миллий терма жамоага ана шундай кучли спарринг рақиблар топиб бераётган ЎФА раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман.

-ЎФА биринчи вице-президентининг эътироф этишича, миллий терма жамоа учун бош мураббий масаласи ҳал этилган. Хорижлик кучли мутахассис ўз ассисентлари билан Ўзбекистонга келган тақдирда ҳам ўзбекистонлик мутахассис сифатида мураббийлар штабидан сиз жой оласиз. Бу сиз учун маҳорат ва тажрибангизни ошириб боришда беқиёс аҳамият касб этади. Шундай эмасми?

-Албатта. Тўғри таъкидлаб ўтдингиз. Чет элдан келган мутахассисга ички муҳитни ҳис қилиш, футболчилар имкониятини билиш ниҳоятда муҳим. Бунинг энг тўғри йўли эса маҳаллий мутахассислардан бирортасини унга ассисент сифатида бириктириш эди. Менимча, Умид Аҳмаджонов бу томонлама жуда тўғри қарорга келди. Бош мураббий келгунга қадар жамоани яхши тайёрлаб, кейин унга топшираман. Шунда унга ҳам осон бўлади. Ўзим ҳам қолиб, унинг иш тажрибасини ўрганаман. Бу мен учун ҳам катта мактаб бўлади. Мураббий сифатида шаклланишимга, ўсишимга имконият яратади. Шунинг учун ҳам раҳбариятга раҳмат айтмоқчиман.

-Фаолиятингиз давомида кўплаб мураббийлар қўл остида ишлагансиз. Бугун миллий терма жамоани бошқаришдек шарафли вазифани зиммангизга олиб турибсиз. Сиз билан ишлаган қайси мураббийларни алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардингиз?

-Биласизми, фаолиятим давомида бундай саволлар жуда кўп учраган. Иш фаолиятимда кучли мураббийлар кўп бўлган. Уларнинг бирини бошқасидан ажратишни эса ҳеч қачон хоҳламаганман. Ҳар биридан нимадир олганман. Бугун уларнинг ҳар бирига раҳмат айтаман. Мураббийларим ҳаётимда ўзига яраша из қолдирганлар. Биринчи мураббийим отам бўлганлар. Кейин "Нефтчи"да тўрт йил давомида Юрий Саркисян қўл остида ўйнаб, катта тажриба орттирганман. "Пахтакор"да Тачмурат Агамурадов қўл остида ишлаганман. Кейинчалик клубда Равшан Ҳайдаров, Валерий Непомняший каби мутахассислар фаолият кўрсатишди. Терма жамоада эса Рауф Инелеев, Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов, Юрген Гёде, Боб Хоутон... Улар билан ишлаш мен учун катта тажриба бўлган. Ҳар бирининг ўз услуби бўлган. Шу даражага етиб келишимда уларнинг ҳиссаси катта.

-Дунё футболида ўз терма жамоаси сафида 100 тадан ортиқ ўйинда майдонга тушган ўйинчилар у қадар кўп эмас. Жуда камчиликни ташкил этади. Чунки, бундай шараф ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу бахт сизга насиб қилган. Мамлакат бош жамоаси таркибида 119 та ўйин ўтказгансиз. Сервер Жепаровга қадар МТЖда энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи ҳам бўлгансиз. Шахсан ўзингиз бу кўрсаткич билан фахрланасизми?

-Албатта, ҳар бир футболчи бундай кўрсаткич билан фахрланса керак. Чунки, бу миллий терма жамоа, миллатнинг юзи. Терма жамоадан чақирув олганимда жуда хурсанд бўлардим. Мамлакатимизнинг бош жамоаси мен учун доим биринчи ўринда турган. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишни барча истайди. Яна бир муҳим жиҳати 119 та ўйинни биргина мураббий қўл остида ўтказмаганман. Ушбу ўйинларда турли мураббийлар терма жамоани бошқаришган. Шуни ҳам катта натижа деб ҳисоблайман. Бунинг учун доимо шукр қиламан. Шунча ўйинда миллий терма жамоа лисобини кийганимдан фахрланаман.

- Мураббийлар штабини шакллантириб олдингизми? Қайси мутахассислар билан ишлашни мақсад қилгансиз.
- Ҳа албатта, мураббийлар штабига Андрей Федоров ва Петр Гизимчукни таклиф этдим. Федоровга ортиқча таъриф бериб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Уни футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам тажрибаси катта ва бунга доимо ҳурмат билан муносабатда бўлганман. Миллий терма жамоа мураббийлар штабида ҳам Андрей Федоровнинг фойдаси тегишига ишонаман. Петр Гизимчук эса дарвозабонлар билан ишлайди. Ўзбек футболи тарихидаги энг машҳур дарвозабонлардан бири саналган Гизимчукнинг тажрибасидан ҳам фойдаланишимиз керак.

-Темур, самимий суҳбат учун ташаккур. Футболчи сифатида армон бўлиб қолган жаҳон чемпионатига сизга мураббий сифатида бориш насиб қилсин. Биз Миллий олимпия қўмитаси номидан ушбу янги лавозим билан табриклаймиз. Кейинги фаолиятингизда улкан омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

-Катта раҳмат. Ўз навбатида раҳбариятни ва албатта мухлисларни юзини ерга қаратмай, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг обрўсини кўтариб, орзусини амалга оширишга қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимизда спорт, хусусан футболни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратаётган, соҳани бевосита ўз назоратида ушлаб турган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёвга ва мени шундай шарафли лавозимга лойиқ кўрган ЎФА раҳбариятига миннаторчилик изҳор этаман.
Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Темур Кападзе: "Миллий терма жамоада устувор вазифа - таркибни ёшартириш"