date
views 3 317

Эронга қарши ўйин бизга нима берди?

Эронга қарши ўйин бизга нима берди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши кечган ўртоқлик ўйинида мағлубиятга учради. Аммо ким нима деса десину, лекин бу учрашувнинг ўзбек футболи учун фойдаси анча катта бўлди.

Чунки айнан шу таркиб икки ойдан сўнг Осиё ўйинлари ва насиб қилса икки йилдан сўнг Олимпиада ўйинларида иштирок этиши лозим.

Балки ҳаммаси эмасдир, аммо Теҳронда майдонга тушган футболчиларнинг аксарияти Олимпия терма жамоаси аъзолари ҳисобланади. Ва улар Эронга қарши кечган баҳсда жуда қимматли тажрибага эга бўлишди. Тажрибаки, келажакда насиб қилса олтинга менгзалади.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Эронга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида яна бир қимматли жиҳат бор. Яъни, форсларни Россиядаги жаҳон чемпионатига олиб борадиган Карлуш Кейруш Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқаришга номзодлардан бўлиб турибди. Балки бу гаплар ҳозирча шунчаки миш-миш даражасидадир. Аммо португалиялик мураббий ростан ҳам юртимизга келадиган бўлса, кечаги ўйин унинг учун ҳам катта фойда келтириши шубҳасиз. Зеро энди у яқин келажакда Ўзбекистон миллий терма жамоаси асоси бўлиши кутилаётган футболчиларнинг имкониятини ўз кўзи билан кўрди ва ким билади, дейсиз, балки тегишли хулосаларни чиқариб ҳам улгургандир.

Тўғрисини айтсам, шахсан ўзим Кейруш икки ойдан сўнг Ўзбекистон МТЖ бошқарувига тайинланишига ишонмоқдаман. Нимага? Чунки мундиалда иштирок этиши кутилаётган Эрон терма жамоаси кутилмаганда ёшлар билан келиши деярли аниқ бўлган Ўзбекистонга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушишга рози бўлганига нима дейсиз? Балки португалиялик мураббий кимлар билан ишлашини ҳозирдан кўришни истагандир?

Нима бўлган тақдирда ҳам Эронга қарши кечган ўйин биз учун фойдали бўлди. Ундаги мағлубиятга эса эътибор берманг. Зеро мана шундай ўйинлар орқали Ҳамробеков, Ғаниев, Сидиқов, Ашурматов ва Комиловлар тажриба тўплайди. Энди келажак уларнинг қўлида...
Абдуллоҳ

Манба: www.uff.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эронга қарши ўйин бизга нима берди?