20:53 / 27.05.2018
3 513

«Реал» энг зўр жамоами? ЕЧЛ финалидан кейинги ўйлар (фото)

«Реал» энг зўр жамоами? ЕЧЛ финалидан кейинги ўйлар (фото)
Жозе Моуриньонинг бир гапи бор. «Мен дунёда энг яхши мураббий эмасман, аммо мендан яхшироқ мураббий йўқ». Қизиқ, сендан яхшироқ мураббий йўқ бўлса, демак сен энг яхши мураббий экансан-да? Мантиқан тўғрими?

Биласизми, Моуриньо бу гапни ҳазиллашиб айтганми ёки жуда чуқур фалсафани жойлаганми, билмадим, лекин кечаги ўйиндан кейин шу иборани эсладим. Ана энди тўлиқ тушунгандек, фарқни англагандек бўлдим. Бу мавзуга мақола охирида яна қайтамиз.

«Ливерпуль»нинг илк дақиқалари

Фото: twitter.com/@ChampionsLeague
«Ливерпуль»нинг илк дақиқаларда кўрсатган ўйини шубҳасиз жуда кучли чиқди. Рост. «Реал»га қарши финалда бу даражага ҳар қандай жамоа ҳам чиқмаган, қўшиламан. Лекин айнан ниманинг ҳисобига шундай фаол ўйин ва хавфли вазиятлар юзага келганига эътибор берилса, ҳаммаси вақтинчалик бўлганини сезиш қийин эмас.

«Ливерпуль» «Реал»ни ютиши учун кўпроқ югуриши, жуда кўп югуриши керак эди. Дастлабки дақиқаларда бунинг иложи бор. Кўп жисмоний куч захирасига эга бўлган футболчилар ўйиндаги фаолликни, ҳар бир қарич зона учун курашни, майдоннинг ҳар бир ерида сон жиҳатидан устунликни таъминлашлари мумкин. Аммо бу вақтинча бўлади. Чунки бутун ўйин давомида шундай ҳаракатланишга ҳеч бир футболчи қодир эмас. Натижада нима бўлади?

Қачонки, «Реал» ва «Ливерпуль» жисмоний тарафдан тенг куч сарфлай бошласа, иккала жамоа тенг югура бошласа, албатта, «Реал» ютади. «Реал»да маҳоратлироқ, тажрибалироқ ижрочилар жамланган. «Ливерпуль» «Реал» билан тенг куч сарфлаб туриб, «Реал»ни енга олмасди. Балки, илк дақиқаларда гол урганида, вазифа енгиллашар, ўйинни, ҳужумни эмас, тўпни имкон қадар ўз жарима майдонидан узоқлаштиришни ташкиллаштириш бирмунча осон бўларди. Аммо бундай бўлмади.

Шу нуқтаи назардан, кечаги «Ливерпуль»ни чорак финалдаги «Ювентус»га таққослаш қийин. Аллегри ўйинга ғирт тактик томондан тайёрланган, мақсад «Реал»га қарши ўйнаш эмас, имкон қадар «Реал»га ўйнашга имкон бермаслик бўлган. Фаолроқ бўлиш, кўпроқ югуришдан кўра, имкон қадар тўғри ўйнаш, кучларни тенг сарфлаш бўлган. Шунинг учун ҳам уларнинг имконияти каттароқ бўлган.

Клопп ундай мураббий эмас. У рақибга қарши ЎЙНАШни ихтиёр этади доим. Бу ҳар доим чиройли кўринади. «Ливерпуль» ютса, гап йўқ, зўр ўйнашди, юта олмаса, гап йўқ, зўр ўйнашди, лекин ютқазишди. Шу. Аслида Клопп бошқа тактик қарорлар ёки режалар орқали кечаги ўйиндан яхшироқ натижа чиқариши мумкин эдими? Бу ҳақида ҳеч ким ҳеч қачон ўйлаб ҳам ўтирмайди. Клопп ўзидан мана шу иллюзияни яратган, тамом. Клопп «Бавария» ёки «Манчестер Юнайтед» эмас, «Боруссия» ва «Ливерпуль»ни бошқариши, айнан шу жамоаларга кўпроқ мос экани ҳам шундандир, балки.

Иккинчидан, шунчаки, таркибларнинг мутаносиб эмаслиги. «Реал»да захирадан майдонга тушадиган кучлар орқали, ўша савияни сақлаб қолиш имкони бир неча баробар катта эди. Гарет Бэйл ва Лаллананинг фарқидек, масалан.

Салоҳ ёки Салоҳсиз


Фото: twitter.com/@ChampionsLeague
Кўпчилик Салоҳнинг майдонни тарк этиши учрашувнинг бурилиш нуқтаси бўлганини айтмоқда, ва ҳатто Рамосни атайлаб бу ишни қилганликда айблаяпти. Қўшилмайман, сиз бир футбол мухлиси сифатида рақиб футболчисининг жароҳат олишини истаб ўтиришингиз мумкин, аммо футболчи ўзига ўхшаган бошқа бир футболчини атайлаб жароҳатлаш учун ҳаракат қилмайди. Рамос атайлаб жароҳат етказмоқчи бўлганига, умуман буни истаганига ишонмайман, тамом.

Энди бурилиш нуқта ҳақида. Бурилиш нуқта Салоҳнинг чиқиб кетиши эмас, «Ливерпуль»нинг югуриб-югуриб чарчаб қолиши эди ва бу ҳолат Салоҳ майдонда бўлганида ҳам, албатта содир бўларди.

Мавсум давомида Салоҳ ва Месси жуда кўп бор таққосланиб келди. Аммо жуда кўп мутахассисларнинг таъкидлашича, бу икки футболчининг жамоаси ўйини таъсирини тенглаштириш қийин. Месси майдоннинг ҳам, ўйиннинг ҳам жуда кўп қисмида ҳаракат қилади, ҳужумларни ташкил қилади, «Барселона» ҳужумлари айнан Месси орқали амалга оширилади. Салоҳ эса, кўпроқ якунловчи ва ижрочи. «Ливерпуль»нинг ҳужум ташкил қилиши ва кўрсатадиган ўйин савияси Салоҳнинг бор ёки йўқлигига боғлиқ эмас, Салоҳнинг майдонда бор ёки йўқлиги «Ливерпуль» ўйинини ўзгартирмайди.

Салоҳ жамоаси ўйинига эмас, натижага таъсир кўрсатадиган фигурадир. Яъни, унинг ҳужум якунлашдаги ижроси, самарадорлиги ёрдамида «Ливерпуль» кўрсатаётган яхши ўйин голга айланади. Салоҳ вазият яратмайди, Салоҳ вазиятларни голга, яъни натижага айлантиради.

Хўш, энди шу ўлчовни кечаги ўйинга қўлласак. Агар «Ливерпуль» иккинчи бўлимда жуда кўп вазият ва ҳужумлар ташкил этиб, реализация борасида оқсаганида, Салоҳнинг майдонда бўлмагани натижага таъсир қилди, деб айтишимиз мумкин эди. Аммо «Ливерпуль» бу борада яхши ўйин кўрсата олмади, Маненинг голи ва айнан Маненинг бир хавфли зарбасидан ташқари, «Ливерпуль»нинг ҳақиқий босимини ва ҳужумкор ўйинини кўрмадик. Демак, катта эҳтимол билан Салоҳ ҳам ўйин картинасини ўзгартира олмасди.

Ҳа, бир жиҳатни тан олиш керак. Салоҳнинг кетиши «Ливерпуль»ни кучсизлантиришдан кўра, «Реал»ни кучайтиргани бор гап. Сабаби, рақибнинг энг хавфли ҳужумчисининг кетиши «Реал»даги ҳимояланувчи футболчиларга, айниқса, Марселога ишонч бағишлади. У энди олдингидан фарқли равишда, қўрқмасдан олдинга бора бошлади, «Реал» ўз ортидаги катта зоналардан камроқ хавфсирай бошлади.

«Ливерпуль»нинг ҳимояси қачон тузалади?


Фото: twitter.com/@ChampionsLeague
Кариуснинг хатолари, шубҳасиз, ўйин тақдирини ҳал қиладиган даражада қўпол чиқди, қўшиламан. Бу ҳақида алоҳида тўхталиш ҳам шарт эмасдир балки. Аммо биласизми, Кариус кеча «Ливерпуль»ни, Клоппни, футболчиларни, умуман ҳаммани қутқариб қолди, назаримда. Чунки инглизлар барибир ютқазишлари мумкин эди, эҳтимоли катта эди. Қутқарди, деяётганимнинг сабаби, бундай ўйинлар, бундай хулосалар аввал ҳам, қаердадир, жуда кўп айтилганидадир.

«Ливерпуль»нинг дарвозабони чатоқ! «Ливерпуль» ҳужумда зўр ўйнайди, лекин нуқул ҳимояда қовун туширади! Агар «Ливерпуль» яхши ҳимоячиларни сотиб олса, уларни тўхтатиб бўлмай қолади!

Кўп эшитганмиз-а? Ростан ҳам шундайми? Нима деб ўйлайсиз, агар «Ливерпуль» тўртта топ ҳимоячини сотиб олса, камроқ гол ўтказишни бошлайдими? Барча масала, Ловреннинг савиясиз эканидами? Менимча, йўқ.

Ҳар қандай жамоани ҳужумчилар ва ҳимоячилар деб бўлмаслик керак. Жамоада ҳимояланиш бўлади, ҳужумни ташкил қилиш бўлади ва бу жараёнда бутун таркиб иштирок этади.

Клоппнинг ғояси юқори прессингга, кўпчилик бўлиб ҳужум ташкил қилишга асосланган. Юқори прессинг деганда, охирги ҳимоячи ўз дарвозасидан жуда узоқда жойлашиши назарда тутилади. Бундай ўйнаш орқали, жамоа жуда кўп вазият яратади, кўп гол уради, кўп ҳужум қилади, лекин бу вазиятлар қайсидир жиҳатдан ҳимоядаги хатолар эвазига содир бўлади. Агар сиз юқори прессингда ўйнашни танлар экансиз, ҳимоядаги хатолар, футболчининг ўз ўрнига ўз вақтида етиб келмаслиги, рақибда вазият яратиш учун кўпроқ зона бераётганингизни биласиз ва шуни қабул қиласиз, тамом. Ҳам ҳимояда ишончли ўйнаб, ҳам «Ливерпуль» каби ҳужумкор бўлиш имконсиз.

Масалан, Моуриньо бошқа тоифа. У ғалабанинг омили сифатида камроқ хато қилишни тушунади ва «тўп бизда бўлмаса, хато қилмаймиз» деган тамойилни илгари суради. У рақиб тўпни эгаллаган пайтда, ҳамма футболчиларини тўпнинг нариги томонида бўлишини, очиқ зоналар бўлмаслигини талаб қилади. Погба билан зиддиятлар ҳам шунда, франциялик ярим ҳимоячи кўп ҳолларда, тўп йўқотилганда ўз зонасини ёпишга улгурмаслигидир. Бу Погбанинг камчилиги эмас, Погба бошқа клубда худди шу хусусиятлари билан фойдалироқ бўлиши мумкин, аммо айнан Моуриньо системасида агар бир футболчи айтилганидек ҳимояланмаса, тизим бузилади, очиқ зоналар вужудга келади. Чунки «Ливерпуль» каби тезкор прессинг қилиб, ўз вақтида тўп олиб қўйилмагач, рақибни тўпни хотиржам бошқариб, позицион ҳужум ташкил қилинишига атайлаб йўл қўйилгач, энди зоналар ёпилиши шарт.

Энди бундай вазиятда, «МЮ» тўпни рақибдан олиб қўйган ҳолатда ҳам, бутун таркиб ўз жарима майдони яқинида бўлгани учун ҳужум ташкил этиш қийинлашиб кетади. Шунинг учун ҳам «МЮ» «Ливерпуль»дан камроқ гол уради. Шу билан бирга «Ливерпуль» «МЮ»дан кўпроқ гол ўтказиб юборади. Гап фақат Де Хеанинг маҳорати эмас, аслида Моуриньо таркибидаги ҳимоячиларнинг савияси ҳам «Ливерпуль»дан баланд эмас. Бу ерда фарқ мураббийларнинг ўйинга, ҳолатга, вазифага бутунлай фарқли тизимда ёндашишларидир.

Бир пайтлар, «Барселона» таркибида бўйи баланд, боши билан яхши ўйнайдиган ҳужумчилар етишмасди. Натижада, стандарт вазиятларда жамоанинг имконияти жуда паст бўларди. Айниқса, жамоа ўйини чиқмаётган, рақиб ҳимоясини ёриб ўта олмаётган пайтларда, кўпчилик, бўйи баланд бирор ҳужумчи билан План-Б га ўтиш, тўзпни давомли тарзда юқорилатиб рақиб жарима майдонига етказиш усулини маслаҳат берарди. Айнан шу нарса етишмагани учун «Барселона» ютолмади, дейишарди.

Лекин бу гаплар Гвардиолага «таъсир қилмаган». У бўйи баланд ҳужумчи сотиб олмаган, бурчак тўпларини юқорилатиб оширмасдан, қисқа пас билан давом эттираверган. Сабаби, бошқа футбол ўйнаш, жамоа мукаммал тарзда ўрганиб олган жорий услубнинг самарасини тушириш орқали бўларди. Ё униси, ё буниси, ёки иккала услубдан аралаш фойдаланиш – бу ҳолда икки услуб ҳам пасаяди, бир жамоа ҳам «тики-така»да, ҳам узун пасларда бирдек мукаммал бўла олмайди.

Яъни, «Ливерпуль»нинг ҳимояда бўш ўйнаши эртага тузаладиган муаммо эмас. Тузалиши керак бўлган ҳолат ҳам эмас. Бу умуман муаммо ҳам эмас, Клопп тактикасининг «пабочний эффекти»дир. «Ливерпуль»нинг ўта ҳужумкор жамоа экани ҳақидаги мақтовлар қачонгача давом этса, унинг ҳимояси ҳам ўша пайтгача танқид қилинади. Бошқа йўл йўқ, чидайсизлар.

«Реал» эталонми?

Бу савол берилаверади, берилаверади. Йўқ, дейиш учун «Реал»нинг сўнгги беш йилда тўрт марта тенгсиз бўлгани халақит беради. Ҳа, дейиш учун эса, жамоа ўйинида, айтайлик, бошқа топ жамоаларда бўлмаган, ҳамма интилиши керак бўлган алоҳида жиҳатларни пайқамайсиз.

Бошқача айтиш мумкин лекин. «Реал» эталон эмас. «Реал» Европа футболининг чўққиси эмас. Аслида, бугунги кундаги ҳақиқий чўққи «Реал»ни ютиш, «Реал»дан кучлироқ бўлишдир.

Ўша чўққи ҳозир бўш...

Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Реал» энг зўр жамоами? ЕЧЛ финалидан кейинги ўйлар (фото)