15:22 / 03.08.2018
3 659

«Олтин жадвал»: «Бунёдкор» ва «Қўқон 1912» ўйини натижаси «Пахтакор»ни пастга қулатиши мумкин

«Олтин жадвал»: «Бунёдкор» ва «Қўқон 1912» ўйини натижаси «Пахтакор»ни пастга қулатиши мумкин
Кеча, 2 август куни Суперлигада 20-тур ўйинларига якун ясалди. «Бухоро»нинг «Металлург» устидан ғалаба қозониши ва «Қўқон 1912»нинг Тошкентдаги ғалабаси турнир жадвалидаги кучли олтиликка ўзгартириш киритди.

Бундан ташқари, шу турдан сўнг «Қизилқум»нинг кучли олтиликка кириш имконияти бутунлай йўққа чиққан.

«Металлург» билан очколарини тенглаштириб олган қўқонликлар жамоаси эса тўплар нисбатига кўра, 6-ўринга кўтарилиб олишди. Аммо кейинги икки турда ҳам тенглик сақланиб қолса, «Металлург» кучли олтиликда бўлади. Сабаби, мусобақа регламентининг 12.1 бандига кўра, агар жамоалар очкоси тенг бўлса, энг аввало ўзаро ўйинларга қаралади. Қўқонда мезбонлар 2:1 енгишган, Бекободдаги ўйинда «Металлург» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. «Металлург» сафарда гол ургани учун «Қўқон»дан устун ҳисобланиб, жадвалда юқорироққа жойлашади.

Кучли олтилик таркибидаги ўзгариш гўёки, турнир жадвалининг юқори қисмига, айтайлик, чемпионлик курашига таъсири йўқдек кўринса-да, янги форматда жуда катта таъсир ўтказиши мумкин. Агар якуний ҳолатда «Металлург» ва «Қўқон» мана шундай ўринларда қолишса, «Локомотив»нинг чемпионлик учун имконияти ошиб, «Пахтакор» пастга шўнғиб кетиши мумкин. Сабаби, айнан «Пахтакор» бекободликлардан энг кўп очко олган эди.

Қўйида эътиборингизга 20-турдан кейинги вазиятни ҳавола қиламиз.


21-22 ТУРЛАР

21 ТУР. «Насаф» – «Бунёдкор», «Локомотив» – «Нефтчи», «Сўғдиёна» – «ОТМК», «Металлург» – «Қизилқум», «Қўқон 1912» – «Пахтакор», «Навбаҳор» – «Бухоро»

22 ТУР. «Нефтчи» – «Қўқон 1912», «ОТМК» – «Металлург», «Пахтакор» – «Насаф», «Бухоро» – «Локомотив», «Бунёдкор» – «Сўғдиёна», «Қизилқум» – «Навбаҳор».

«БУХОРО» УЧУН СИНОВ

Агар олтилик юқоридаги каби бўлса, «Локомотив» иккинчи босқични 1-ўрин билан бошлаши аниқ. Чунки ҳеч бўлмаса тўплар нисбати бўйича тошкентликлар «Навбаҳор»дан олдинда бўлади. Сўнгги турларда «Локомотив» ҳам, «Навбаҳор» ҳам «Бухоро»га қарши ўйнашини таъкидлаш керак. Ўз навбатида, бухороликлар учун ҳам бу ўйинлар зарурдир. Биринчидан, жамоа ҳали кучли олтиликдаги ўрнини тўлиқ ҳал қилганича йўқ – кучли олтиликда қолиш учун «Бухоро» яна бир очко олиши шарт. Ана ўшанда жамоа ҳар қандай ҳолатда «Қўқон» ва «Насаф»дан олдинда бўлади. Иккинчидан, «Бухоро» кучли олтиликда қоладиган бўлгач, бу ўйинлар улар учун «олтин очко» ҳисобланади, яъни куйиб кетмайди. Демак бу икки ўйинда «Бухоро» ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушади. Ҳозирда кучли олтилик ичида энг кам «олтин очко»га эга бўлган бухороликлар бу борада ҳам вазиятни ўнглаб олишга уринишлари табиий.

ҚЎҚОНДА 5 ОЧКОЛИК ЎЙИН

Яна бир асосий интрига юқорида айтилганидек, олтинчи ўрин учун кураш бўлиб турибди. «Металлург» ва «Қўқон 1912» ўртасида.

«Металлург» кейинги турда ўз майдонида «Қизилқум» билан, сўнгги турни сафарда «ОТМК» билан ўтказади. «Қўқон 1912» эса, дастлаб ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилса, кейин сафарда Фарғона дербисида майдонга тушади. Бу ўйинларда кўп очко олган жамоа кучли олтиликка киради.

Кўриниб турибдики, Қўқонда бўлиб ўтадиган учрашув кейинги турнинг энг марказий ўйини бўлиши аниқ. Гап фақат олтилик учун курашда эмас, чемпионлик масаласига ҳам таъсир қиладиган ўйин бўлади. «Пахтакор» агар Қўқонда мағлубиятга учрайдиган бўлса, нафақат уч очкодан қуруқ қолади, балки, қўқонликларга олтиликда қолишга имконият яратиб, «Металлург»дан олинган олти очкодан ҳам маҳрум бўлиб қолиш хавфи остида қолади.

Ҳозирда етти очколик фарқ билан пешқадамлик қилаётган «Пахтакор» ҳал қилувчи босқични «Локомотив»дан 9, «Навбаҳор»дан 6 очкога пастда ва ҳатто «Қўқон»дан ҳам пастки ўринда бошлаши мумкин.

Чемпионат энди бошланаётгандек...
Қаҳрамон Асланов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Олтин жадвал»: «Бунёдкор» ва «Қўқон 1912» ўйини натижаси «Пахтакор»ни пастга қулатиши мумкин