12:30 / 22.08.2018
2 743

Рустам Акрамов: "Ҳаммаси Куперга эмас, футболчиларимизга боғлиқ"

Рустам Акрамов: "Ҳаммаси Куперга эмас, футболчиларимизга боғлиқ"
Айни пайтда Индонезияда Осиё ўйинлари мусобақаси бўлиб ўтаётганидан хабарингиз бор. Унда кўплаб спорт турлари қаторида футболчиларимиз ҳам иштирок этишаётганини биласиз, албатта. Аслида ҳам бошқа спорт турларига қараганда доимгидек футбол мусобақасига бўлган қизиқиш катта. Қишда U-22 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Равшан Ҳайдаров жамоаси эндиликда Индонезиядаги Осиё ўйинларида қатнашмоқда. Шу боисдан ҳам халқимизнинг ушбу жамоамиздан яна бир бор умиди катта.

Чунки Хитойдадаги мусобақада чемпион бўлиб қайтган жамоамиз энди Осиё ўйинларида ҳам жавлон уриб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Бу мусобақанинг биз учун яна бир эътиборли томони шундаки, 1994 йили Рустам Акрамов бош мураббийлигидаги терма жамоамиз Япониянинг Хиросима шаҳрида Осиё ўйинлари ғолиби бўлгани барчамизнинг ёдимизда. Шундан бери терма жамоамизнинг халқаро миқёсидаги ғалабасини соғиниб келяпмиз.

Тўғри, ўз вақтида ўсмирлар терма жамоамиз Осиё чемпиони бўлишди. Қолаверса, шу йилнинг январь ойида олимпиячиларимиз Осиё чемпионатида чемпион бўлиб қайтишди. Аммо Осиё ўйинлари мусобақасида ҳали Акрамов жамоасининг қайд этган натижаси такрорланганича йўқ. Лекин катта эҳтимол билан айнан ҳозирги Ҳайдаров жамоаси 1994 йилги чемпионликни такрорлаши мумкинлиги кўп гапирилмоқда. Чунки бу жамоамизда ҳар қачонгидан кўра мотивация кучли.

“Ҳаммаси Ҳайдаровга боғлиқ”

Футболимиз профессори Рустам Акрамовни юқорида бежизга эслаб ўтмадик. Ўзбек футболи учун биринчи тарихий ғалабани келтиришда жуда катта ҳиссасини қўшган. Лекин ҳозиргача бирор-бир мураббий унинг натижасини такрорлай олгани йўқ. Акрамов ҳам Индонезиядаги ўйинларни диққат билан кузатиб боряпти ва терма жамоамизнинг чемпион бўлишига умид қиляпти.

- Терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни кўряпман. Ҳа, улар яхши ўйинлар кўрсатишяпти, - деб гап бошлади, Акрамов. - Рақиблар ҳақида тўхталадиган бўлсам, масалан Бангладеш термаси бизнинг савиямиздаги рақиб эмас. Лекин Қатарни терма жамоасини кўриб ҳайрон бўлдим. Албатта, йигитларимизнинг йирик 6:0 ҳисобидаги ғалабасидан хурсанд бўлдим. Бироқ тан олиш лозимки, айнан Қатар устидан мана шундай ўта йирик ҳисоб билан ютишимизни кутмаганим рост. Таиланд билан учрашувда ҳам жамоамиз ғалабага эришиб, гуруҳда 100 фоизли натижа кўрсата олди.

Бунгача кейинги босқичда Ўзбекистоннинг қайси рақиб билан тўқнаш келиши ҳаммани қизиқтираётганди ва бу қайсидир маънода биз учун муҳим ҳам эди. Энди навбатдаги босқичда Гонконг билан ўйнаймиз. Шуни унутмаслик керакки, бу 20 кун давом этадиган мусобақа. Футболчиларимиз кейинчалик чарчаб қолишмайдими, руҳий томондан тўла тайёрми? Бу борада ҳамма нарса терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаровга боғлиқ десам янглишмайман. Лекин терма жамоамиз яхши томонлама таассурот қолдиряпти. Чунки жамоамизда иқтидорли ўйинчилар кўп. Ҳар қандай ҳолатда ҳам вакилларимиздан яна бир бор ижобий натижаларни кутамиз. Шу боис яхши ният қиламиз.

“Халқимиз ҳам, мен ҳам ғолибликни хоҳлаяпмиз”

Терма жамоамиз гуруҳда 100 фоизли натижа кўрсатиб, яна бир бор катта имкониятларга эга эканини кўрсатмоқда. Осиё чемпионлигидан кейин энди Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритишга бўлган чанқоқлик ҳаммамизда кучли. Бу борада Рустам Акрамов шундай деди:

- Терма жамоамизнинг Осиё ўйинлари ғолиби бўлишини ҳаммамиз хоҳлаяпмиз. Агар шундай юксак натижани кўрсатишса бундан бутун халқимиз хурсанд бўлади ва шу жумладан мен ҳам. Бунинг учун бизда яхши имконият бор. Равшан Ҳайдаров эса менинг дўстим ва шогирдим. У илгари менинг қўл остимда ўйнаган. Ҳозирда халқимиз терма жамоамизнинг ушбу Осиё ўйинларида чемпион бўлишига муҳтож. Чунки бундай муваффақиятни анчадан бери кутяпмиз.

“Натижа талаб қилишнинг ёмон жиҳати йўқ”

Яна бир гап: терма жамоамиз учун натижа устивор вазифага айлангани ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Мақсад аниқ: фақат чемпионлик! Бу эса футболчиларимизга қўшимча масъулият юклаши тайин. Ўзига яраша босим ҳам бўлиши мумкин. Лекин жамоамизда ўзига яраша тажриба ҳам борлигини унутмаслик керак.

- Ҳар бир натижа жамоага куч беради. Шундай экан, йигитларимиздан натижани талаб қилиш фазилатида ҳеч қандай ёмон нарса йўқ. Аксинча, бу фойдали бўлади. Футболчиларимизга қўшимча иштиёқ ва куч беради. Руҳини кўтаради, - дейди Акрамов.

“Купер тажрибали мутахассис”

Шу ўринда Ўзбекистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий этиб тайинланган аргентиналик Эктор Купер ҳақида ҳар ким ўз фикрини билдирмоқда. Шу жумладан бу борада Акрамов қандай муносабатда эканлигини билиш ҳам биз учун қизиқ эди.

- Эктор Купер? Билмадим. Тўғриси, ҳаммаси Куперга эмас, балки футболчиларимизга боғлиқ. Агарда терма жамоамиз учун муносиб бўлган ўйинчиларимиз кўп бўлса, бу Куперга ҳам яхши бўлади. Мабодо, иқтидорли футболчиларимиз кам бўлса, у ҳолда Купер бўладими ёки бошқасими, яхши натижа кутиш амримаҳол. Лекин тан олиш керакки, Эктор Купер жуда тажрибали мутахассис. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

“Ҳозирги формат билан узоқ яшаб бўлмайди”

Бу йилдан эътиборан янги форматда ўтаётган Ўзбекистон Суперлигаси чемпионатида ўсиш кузатилаётгандек эди. Аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Хўш, бу формат Рустам Акрамовичга ёқяптими? Буни ўзидан эшитамиз.

- Ҳозирча чемпионатимиз яхши, ёмон эмас. Суперлигада нисбатан сифат сезиляпти. Муросасиз, курашувчан ўйинлар бўляпти. Лекин асосий баҳсларни асосан олтита шаҳарда кўришяпти-да. Агар Англияни оладиган бўлсак, у ерда 80 та жамоа бор. Тўртта лигада 20 тадан клуби қатнашади. Майли, бир-икки йил мана шундай тизимда ўйинларимиз ўтаверсин. Аммо яқин келажакда бизга барибир тўлақонли чемпионат керак. Яъни, чемпионатимизда 16-18 та қатнашадиган жамоалар зарур. Ҳозирги формат билан эса узоқ қолиб бўлмайди. Бу ҳолатни вақтинчалик деб қабул қилсак яхши бўларди.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рустам Акрамов: "Ҳаммаси Куперга эмас, футболчиларимизга боғлиқ"