18:48 / 23.08.2018
5 822

Алишер Усмонов «Пахтакор» ҳомийсига айланди, Тошкентда 100 млн долларлик янги стадион қурилади (видео)

Алишер Усмонов «Пахтакор» ҳомийсига айланди, Тошкентда 100 млн долларлик янги стадион қурилади (видео)
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов «Пахтакор» клубини васийлигига олди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида намойиш этилган ҳужжатли фильмда маълум қилинган.

Фильмда таъкидланишича, айни пайтда «Пахтакор» клуби низом жамғармасининг 80 фоизи асли ўзбекистонлик бизнесменга тегишли. Ҳозиргача клубни ривожлантиришга 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритилган.

«У футболга жуда катта умид бахш этди. Охирги бир ярим йил давомида «Пахтакор»да кўп нарса ўзгарди. Алишер Бурхановичнинг шарофати билан деярли барча нарса – менежмент, мураббийлар, жамоа фалсафаси ўзгарди. Ҳозир бизда буларнинг барчаси мавжуд», - дейди фильмда иштирок этган «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе.

Маълум қилинишича, 1959 йилда қурилган «Пахтакор» стадиони ўрнида янги арена қурилиши мўлжалланмоқда. Барча қулайликларга эга, ФИФА талаблари асосида буёд этиладиган замонавий стадионнинг лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этиши режалаштирилган. «Мухлисларнинг қизиқишини ушлаб туриш учун режалар тўлиқ ошкор этилмайди», - дейилади фильмда.

Ҳужжатли фильмда Алишер Усмоновнинг фикрлари интервьюси ҳам келтириб ўтилган. «Ўзбек эканимдан ғурурланаман. Бу менинг она юртим эканидан фахрланаман. Ўзбекистонга қандай фойдам тегиши мумкин бўлса, мен барчасини қилишга доим ва исталган дақиқада тайёрман. Ўзбекистон, ўзбек халқи ва унинг президентига улкан муваффақиятлар тилайман», - дея таъкидлаган 64 ёшли бизнесмен.

«Пахтакор»нинг собиқ ҳужумчиси Биродар Абдураимов инвесторнинг клубга қизиқишини қуйидагича изоҳлаган: «Алишер Бурхоновичнинг ўзи ҳам спортчи бўлган. Шу боисдан ҳам у «Пахтакор»га шахсан ёрдам бермоқда. Қолаверса, у бу жамоани жуда яхши кўради», деган фахрий спорт устаси.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Усмонов Лондоннинг «Арсенал» клубидаги ўзига тегишли 30 фоиз акцияларни 550 миллион фунтга сотиб юборган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Алишер Усмонов «Пахтакор» ҳомийсига айланди, Тошкентда 100 млн долларлик янги стадион қурилади (видео)