09:02 / 28.08.2018
5 468

Республиканинг ҳар бир маҳалласида камида битта футбол майдони бўлади

Республиканинг ҳар бир маҳалласида камида битта футбол майдони бўлади
Маҳаллаларда футбол майдонларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер участкалари ажратилади ҳамда маҳалла аҳолиси куннинг маълум вақтида футбол майдонидан бепул фойдаланиши мумкин бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар йиғинларида спортнинг футбол турини янада ривожлантириш ҳамда фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларни моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида кўзда тутилмоқда.

Қарорга мувофиқ, маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида замонавий футбол майдонларини ташкил этиш бўйича “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури амалга оширилади.

Туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар масалалари бўйича ўринбосарлари маҳаллалардаги футбол майдонларини сақлаш ҳамда ёшлар ўртасида футбол ва бошқа оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштирадилар.

Қарорга берилган иловага кўра, футбол майдонлари ва уларнинг мавжуд ҳолати ялпи хатловдан ўтказилади. Ўтказилган хатлов натижаларига кўра туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қаровсиз ётган давлат мулки бўлган футбол майдонларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорларга берилиши таъминланади.

Маҳаллаларда футбол майдонлари қурилишини ташкил этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, барча маҳаллаларда футбол майдони қуриш истагида бўлган тадбиркорлар бириктирилади.

2018-2022 йилларда барча маҳаллалардаги футбол майдонлари замонавий қиёфага келтирилади, улар спорт ва ўйин қурилмалари билан жиҳозланади. Республиканинг ҳар бир маҳалласида камида битта футбол майдони бўлишига эришилади.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг фаолиятини баҳолаш ва моддий рағбатлантириш бўйича ҳар бир туман (шаҳарда) комиссия шакллантирилади.

Моддий рағбатлантириладиган маслаҳатчилар комиссия томонидан ташкил этиладиган танлов асосида аниқланади.

Танловда ҳар бир туман ва шаҳардан уч нафардан ғолиб бўлган маслаҳатчиларга олти ой давомида энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида моддий рағбатлантириш пули тўлаб борилади.

Танлов ғолиблари ёшлар ўртасида футбол, оммавий спорт мусобақалари ташкил этилганлиги, маҳаллаларда ёшлар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга қаратилган тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари ташкил этилганлиги, туман (шаҳар) ва ҳудудий миқёсда ташкил этилган спорт мусобақалари, кўрик-танловларда маҳалла ёшларининг иштироки таъминланганлиги ҳамда уларнинг эришган ютуқларига кўра аниқланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Республиканинг ҳар бир маҳалласида камида битта футбол майдони бўлади