19:28 / 01.09.2018
3 159

Исроил Мадримов: «Менга аниқ вазифа топширилганди - олтин медаль»

Исроил Мадримов: «Менга аниқ вазифа топширилганди - олтин медаль»
Осиё ўйинларида эркаклар ўртасидаги бокс бўйича мусобақаларда -75 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Исроил Мадримов тақдирлаш маросимидан сўнг қисқача интервью берди.

«Таассуротлар жуда яхши, сабаби чемпионлик шоҳсупасига кўтарилдик. Бу ғалаба фақат меники эмас, балки бутун Ўзбекистоннинг ғалабасидир. Шу ғалаба билан барча мухлисларни табриклайман. Муваффақиятга эришиш осон бўлмади, бунинг тагида жуда катта меҳнат ётибди. Бу битта менинг эмас, балки мураббийларимизнинг, Ўзбекистон Бокс федерацисининг меҳнати, президентимизнинг бизга ишончи ва яратиб берилган шароитлари маҳсули деб биламан. Олтин медалимни Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллик байрамига бағишлайман.

Мусобақадан олдин масъулият жуда кучли эди. Икки ҳафта давомида нималар бўлиши, жанглар қандай ўтиши ҳақида ўйлагандим. Чунки менга аниқ вазифа топширилганди - олтин медаль. Худога шукр, бунга эришдим. Ўтган Осиё ўйинларида кумуш олгандим, бу олтин шунга жавоб бўлди, деб ўйлайман.

Менга жуда ноқулайлик туғдирган рақиб ярим финалда бўлди, ўзимда ҳам бироз ҳаяжон бўлди. Бироқ, барчаси яхши якун топди. Энди келаси йили Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларига лицензия олиш керак. Профессионал бўйича ҳали аниқ эмас, чунки Олимпиада кутяпти. Аммо, ўзимда ўтиш ниятим бор», - дея айтиб ўтди Исроил Мадримов Kun.uz мухбирига.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Исроил Мадримов: «Менга аниқ вазифа топширилганди - олтин медаль»