20:25 / 01.09.2018
4 032

Умид Аҳмаджонов Шавкат Мирзиёевга ташаккурнома йўллади

Умид Аҳмаджонов Шавкат Мирзиёевга ташаккурнома йўллади
Ўзбекистон делегацияси 2 ҳафтадан буён давом этаётган турнирда 21 олтин, 24 кумуш ва 25 бронза, жами 70 медал олди ва умумий рейтингда бешинчи ўринни банд этди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Осиё ўйинларидаги юқори натижалардан кейин мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга ташаккурнома йўллади.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида Осиё ўйинлари ниҳоясига етиб бормоқда. Ушбу мусобақа Ўзбекистон спорти учун ҳар томонлама муваффақиятли ўтди. Биз барча жабҳаларда рекордларни янгиладик. Медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам ўзбек спорти тарихидаги энг яхши Осиё ўйинлари бўлди. Қолаверса, мусобақа давомида сизнинг фарзандларингиз Осиё ўйинлари рекордларини ҳам янгилашди. Светлана Радзивил баландликка сакраш бўйича уч карра Осиё ўйинлари ғолибига айланиш билан бир қаторда, 2010 йилда ўзи ўрнатган рекордни янгилай олди. Шунингдек, Руслан Нурутдинов оғир атлетика бўйича Осиё ўйинларининг янги рекордчисига айланди. Қолаверса, Вадим Меньков байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича тўрт карра Осиё ўйинлари ғолибига айланди. Бу борада Вадим ўзбекистонлик спортчилар ичида ушбу натижага эришган биринчи спортчи бўлди.

Жакарта ва Палембанг шаҳарларида фарзандларингиз шарафига 21 маротаба Она ватанимиз мадҳияси янграб, байроғимиз сарбаланд кўтарилди. Осиё ўйинлари давомида 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий ҳисобда 70та медалга эга чиқдик ва Осиё ўйинлари тарихида ўзбек спорти учун янги саҳифа очдик.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ушбу ютуқлар замирида Сизнинг спортчиларга бўлган ғамхўрлигингиз, яратиб берган шароитингиз, биз спорт аҳлига кўрсатган юксак эътиборингиз ётибди. Биз бундан жуда ҳам миннатдормиз. Жакарта ва Палембангда ватан шаъни учун курашга чиққан ҳар бир фарзандингиз қалбида чуқур ифтихор туйғуларини ҳис қилган ҳолда жангга киришди ва якунда Ўзбекистон Осиё ўйинларидаги энг яхши натижасини қайд этди. Шу орқали ўзбек спортчилари Энг улуғ, Энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тантаналарига халқимиз ва шахсан Сиз учун ажойиб совға тайёрлашди.

Куни кеча байрам нутқида спортчи ёшларимиз ва уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари томонига йўллаган илиқ ва самимий фикрларингиз спортчиларимизни шу қадар руҳлантирдики, улар мусобақанинг сўнгги кунида матонат ва мардлик намунасини намойиш этиб, бир кунда 6та олтин, 5та кумуш ва 2та бронза медалига эга чиқа олишди ва медалларимиз сонини умумий ҳисобда 70тага етказишди. Бу натижа орқали биз ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очдик.

Фурсатдан фойдаланиб, Осиё ўйинларида иштирок этган барча фарзандларингиз, бутун мамлакатимиз спорт оиласи, Олимпия ҳаракати иштирокчилари номидан Сизга чуқур миннатдорчилик изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Бизга кўрсатилган юксак эътибор, яратиб берилган шароитлардан беҳад миннатдормиз. Бу ютуқлар энг аввало Сизники, халқимизники, ҳар бир юртдошимизники! Биз буни жуда ҳам қадрлаймиз ва ҳурмат қиламиз. Насиб қилса, Токио 2020 Олимпия ўйинларида ҳам қаддимизни баланд тутишга, миллионлаб юртдошларимизни олтин ва кумуш медаллар билан хурсанд қилишга, жонажон диёримизни бутун дунёга янада машҳурроқ қилишга сўз берамиз. Барчаси учун раҳмат Сизга, Шавкат Миромонович!
Ҳурмат билан,
Умид Аҳмаджонов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Умид Аҳмаджонов Шавкат Мирзиёевга ташаккурнома йўллади