08:31 / 02.09.2018
2 415

Амир Темур, Эктор Купер, Гари Линекер ва бошқалар хусусида

Амир Темур, Эктор Купер, Гари Линекер ва бошқалар хусусида
Тарихий асарларни кўп ўқийман, бундай китобларга жудаям қизиққаним боис, улардаги баъзи маълумотларни футболга татбиқ этганда ҳам биб-бинойидек хулосалар чиқишини кўраман.

XX аср бошларида ижод қилган франциялик тарихнавис ёзувчи Марсель Брион ўзининг Амир Темур ҳақидаги «Тамерлан» номли тарихий асарида буюк соҳиб­қирон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилган. Китобда барча жумлалар Мовароуннаҳр ҳукмдорининг ўз оғзидан ёзилади.

Асарда мени ўзига кўпроқ жалб қиладиган битта хусусият борки, у ҳам бўлса кўп урушлардан сўнг Амир Темур мазкур воқеаларга вақт ортидан туриб баҳо беради. Ва кўпроқ ўзи мағлуб этган мамлакат ҳукмдорининг ўша урушда йўл қўйган хатоларини таҳлил қилиб чиқади. Мана уларнинг биридан иқтибос:

«Нишопурга уруш бошлаган дастлабки кунимданоқ шуни билдимки, бу шаҳарнинг ҳукмдори ақлсиз, иқтидорсиз киши экан. У жанг жараёнларида қамал қилинган қалъа ҳимоячиларини бошқариш салоҳиятига эга эмаслигини кўрсатди. У менинг жангчиларимга қарши айтарли тузукроқ чора қўллай олмади.

Ақалли тошотар мосламалар ясаттириб, бошимизга тош ёғдирса - мазкур тадбирнинг ўзи ҳам бизга қанчалик катта ташвиш туғдириши аниқ эди. Қамал қилинган қалъаларда қўлланиладиган ҳимояланиш воситаларидан бири, бу - кўндаланг ҳолатда ҳалинчак каби тебранадиган улкан ёғоч бўлиб, у тортиб туриб қўйиб юборилса, девор бошига чиқиб улгурган аскарларимни ортга улоқтириб ташлаши мумкин эди.

Нишопурликлар, назаримда, шу оддий усулни ҳам билишмайдиганга ўхшайди. Улар ўқ-ёй, қилич ва найза билан ҳимояланмоқда эдилар. Ваҳоланки, менинг жанговар минораларимни фақат тошотар мосламалар билангина чилпарчин қилиш мумкин эди. Ҳеч бўлмаганда кераксиз латта-путталарни мойга белаб, уни ёқиб минораларимга отганларида ҳам бизнинг анчагина тинкамизни қуритган бўлишарди.

Аммо Нишопур ҳукмдори гарангсиб қолганиданми ёки бошқа бир сабабданми, жанг тақдирига таъсир кўрсатувчи бирор-бир чора қўллай олмади».

Мен бу жумлаларни ўқир эканман, Амир Темурни Жанубий Корея мураббийига, жангда мағлуб бўлган лашкарбошини эса Бабаянга ўхшатаман. Бу ерда биз ўрганишимиз муҳим бўлган, бизга қўл келадиган кўплаб жиҳатлар бор.

Шулардан энг зарури - ғолиб жамоа лашкарбошиси, яъни буюк Соҳибқирон айтаётгани каби мағлуб тарафнинг потенциали борлиги. Яъни, аслида ҳақиқатан ҳам чора бўлган. Ҳамма гап уни қўллай олмаганида. Энг қизиғи, Амир Темур буни кўриб турибди. Фақат айтмайди - чунки рақиб!

Худди шунга ўхшаш ҳолатни бугунги кунимизда ҳам кузатиш мумкин - шахсан ўзимнинг ҳаётимдан кичик маълумот келтираман. Деярли ҳар куни ишдан уйга чарчаб қайтгач, 8 яшар ўғлим олдимга шахмат кўтариб келади ва истар-истамас унга қарши дона сураман.

Мен унинг хатоларини кўриб тураман: қайси тошни қандай йўналишда юрганида, менинг аёвсиз ҳужумимга қарши чора қўллай олган бўларди. Лекин у ҳар гал, ҳар куни ютқазади. Шунга қарамай ўз устида ишлаши, менинг ўргатишларим натижасида билими ва савияси олдингидан анчагина юқорилаган.

Эътибор қилаяпсизми, фалсафа ҳар доим, ҳамма даврларда деярли бир хил бўлиб келган: потенциал ва имкониятлар доимо бор - фақатгина улардан керакли пайтда ва оқилона фойдалана билиш!

********

Амир Темурнинг мўғул ҳукмдори ҳақида улар билан қилган жангидан кейин айтган гапларига эътибор қаратамиз:

«Мен душман қўшинида уюшқоқлик йўқлигини англадим. Улар менинг қўшиним бурунлари остига келганида ҳам қароргоҳларини йиғиштириб улгурмаган экан. Шунда Бил Ургун деганлари ҳеч қандай саркардалик қобилиятига эга бўлмаган, катта қўшинни бошқаришга нолойиқ одам эканига ишонч ҳосил қилдим: бундай кишилар аслида жанговар қўшинни эмас, от уюри ёки қўй подасини бошқаришлари лозим, деган хулосага келдим.

Хуллас, мўғул ҳукмдори ўз қўшинини жанговар сафга тизиш у ёқда турсин, қароргоҳни ҳали йиғиштиришга улгурмаган эди. Биз ҳарбий қўшин устига эмас, балки чўпоннинг отарига кириб қолгандек ҳис қилгандик, ўзимизни. Айрим душман жангчилари ҳатто қиличларини қинидан суғуришга улгурмай қолишди.

Уларнинг айрим қисмларигина биз билан жангга киришга улгуришди. Қолганлари эса қуршовда қолиб, бу томонларга нима учун келганини ҳам унутиб, эсанкирай бошлаган - қассобнинг қошида жовдираб қолган қўйдан фарқланмай қолганди».

Эътибор қилаяпсизми, футболда ҳам шундай ҳолатлар кўплаб учрайди. Бир жамоа футболчилари ҳали майдонга мослашиб улгурмасиданоқ, иккинчи жамоанинг аёвсиз ҳужумлари ёмғири остида қолади ва якунда мағлубиятга учрайди. Албатта, бу ҳам тоза тактик мағлубият - бунинг ортида ҳам бош мураббий жавобгарлиги турибди.

Темурнинг Дашти қипчоқ ҳукм­дори билан бўлган жангидан кейинги битикларига қулоқ осамиз:

«Агар Тўхтамиш қўрқоқ бўлмаганида, агар қўшинини жангга тайёрлаш ва қуроллантиришга вақт ажратиб, етарли эътибор берганида эди, биз унинг қаршилигини енга олмаган бўлур эдик. Зеро, унинг жангчилари ўша жангда мардлик ва матонат кўрсатиб, менда шундай тасаввур уйғонишига сабаб бўлишди.

Кўраяпсизми, бир қўрқоқ лашкарбоши юз минг жангчининг жанговар аҳамиятини йўққа чиқариши мумкин экан! Ўша куни Тўхтамишнинг қочиши шунга мисол бўлди. Кеч тушганига, қуршовда қолганига қарамай, унинг жангчилари кескин қаршилик кўрсатишда давом этишарди...»

Эътибор бераяпсизми, Амир Темур бирон жойда рақибнинг жангчилари кучсиз экан демаяпти, ҳамма урғуни лашкарбошига қаратмоқда.

Шу нуқтаи назардан биз Корея, Япония ёки Эрон футболчилари билан функционал тайёргарлиги деярли яқин бўлган, индивидуал маҳорати улардан қолишмайдиган миллий терма жамоамиз аъзоларидан доимо юқори натижалар кутишга ҳақлимиз. Зеро, мазкур учта терма жамоа бизни доимо минимал устунлик билангина ютиб келишган.

Марсель Брион китобидаги гапларни ўқир эканман, ҳаёлимга ўтган 20 йилликдаги футболимиз тарихи, яъники жаҳон чемпионати йўлидаги бесамар уринишларимиз келаверади. Назаримда, Япония, Жанубий Корея ёҳуд Эрон мураббийлари доимо бизнинг устимиздан кулиб юришгандек.

Худди Амир Темур рақиблари хатоларини сезиб тургани каби, улар ҳам бизнинг хатоларимизни, албатта кўриб турган бўлишади. Ҳаттоки, ўйиндан кейин бир-бирлари билан гап қотишса ҳам керак - оддий усулларни ҳам билишмайди, бу ақлсиз ўзбеклар, деб (матбуот анжуманида фақат дипломатик гаплар гапирилади холос, буни яхши биласиз).

Ҳар не бўлганда ҳам Эктор Купер келганидан сўнг мамлакатимиз футбол оммаси учун яна бир бора умид учқунлари пайдо бўлмоқдаки, аргентиналик мутахассис ҳам худди Амир Темур каби кўп марта ғолиб жамоа лагерида туриб майдонга термулган шахслардан саналади.

Номи Эктор Купер ўлароқ ўзининг энг синалган тактикаларини амалда қўллаб, бизни юқори чўққиларга олиб чиқишига ҳаммамиз ишонгимиз келади.

80-йилларда дунё футболида порлаган англиялик голеадор Гари Линекернинг машҳур жумласини ёдга оламан: «Яшил майдонда 22 киши футбол ўйнайди ва унда доимо немислар ғолиб чиқади». Бугун мен бу гапларни бироз ўзгартириб айтмоқчиман: «Футбол 90, баъзида эса 120 дақиқа ўйналсада, унда алал-оқибат Жанубий Корея ғолиб чиқаверади».

Бу - Осиё қитъаси доирасида айтилган гаплар эканини тушуниб олгандирсиз. Ҳақиқат юзасидан олиб қарайдиган бўлсак, сўнгги жаҳон чемпионатларида узлуксиз қатнашаётган (эринмасдан айтаман: 1986, 90, 94, 98, 2002, 2006, 2010, 2014, 2018 - кетма-кет 9 марта!) Жанубий Корея қитъамизда ҳозирча энг кўп мундиалда ўйнаган терма жамоа бўлиб турибди.

Корейсларнинг бизнинг миллий термамиздан тортиб бошқа турли ёшдаги жамоаларимизни ҳам жуда кўп бора мағлуб этиб келаётгани, айнан шу мавзу ҳақида бош қотиришга, мазкур мавзуни яна ва яна муҳокама қилишга ундайверади.

23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида айнан шу терма жамоани йирик ҳисобда мағлуб этиб қўйганимиз менга худди 1994 йилги Осиё ўйинларидаги ғалаба каби кўринди.

Яъники, Индонезиядаги баҳсда такрорий ғалаба бизга барибир насиб этмади. Ўша Хиросима-94даги ғалабадан кейинги йилларда биз фақатгина мағлубият аламини татиб кўргандик, холос. Асосий вақтда ютолмаса - қўшимчада, асосий ўйинларда ютолмаса - сўнгги баҳсларда бизни мағлуб этиб кетаверишди, корейслар. Буларни эслаб, санаб олишга қурбимиз етмайди, эҳ-ҳее!

Аргентиналик Эктор Купер! Ҳамма умидимиз сиздан! Бутун Ўзбекистон футбол аҳли (уларнинг сони тахминимизча 6-8 миллионча чиқади) барча умидларини сизга боғлаган. Сизнинг билимингизга, тажрибангизга, салоҳиятингизга ва яна бир неча ...ингизга ишонишади улар!

Сизнинг олдингиздаги энг асосий вазифа - Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Эрон терма жамоаларининг ҳаммасини ютиш эмас, ЖЧ саралаш баҳс­ларида йигитларингиз (йигитларимиз) билан улардан лоақал иккитасини ортда қолдирсангиз бўлди! Албатта, бу осон иш эмас ва айни пайтда уддалаб бўлмайдиган иш ҳам эмас.

Худди юқорида тилга олинганидек, бу гал худди Амир Темур ўз рақиблари хатосини кўриб тургани қаби, энди сиз ўз рақибларингиз хатосини кўриб туришингизга ишонгимиз келади! Зеро футбол аренаси ҳам ўзига хос жанг майдонидир!

Ўйиндан кейин «Японлар фалон ва фалон ишни қилганларида бизни ютишлари аниқ эди, лекин бундай қилишмади. Жанубий Корея футболчилари мана бундоқ қилганларида биз ютқазардик, лекин мен бироз ажабландим, корейслар мураббийи шу оддий усулни қўлламади» қабилидаги гапларингизни биз орзу қиламиз.

Бу маънодаги гапларни бизга эшитдирмасдан айтсангиз ҳам, бизга барибир: қачонлардир қулоғимизга Эктор Купер ўйиндан кейин бир кишига шундай гап отган экан, деган маънодаги сўзлар етиб келиб қолса - шу ҳам бизга хурсандчилик!

...Бугун ўзбек футбол оммаси (бир оила улар!) томонидан юракдан чиқаётган гаплар тахминан шундай маъно-мазмунларда экан, уларни жаноб Куперга матбуот орқали янада тушунарлироқ қилиб етказишга азму-қарор қилдик. У ёғи миллий терма жамоа таржимонига ҳавола.

Ёқимсиз хабар: аксига олиб, Эктор Купердек юқори даражадаги мураббийга эга бўлган давримизда Осиё учун бериладиган йўлланмалар сони ҳам биттага қисқариши яқинда маълум бўлиши мумкин. Зеро, бу галги мусобақа Осиё қитъасида бўлиб ўтади ва шу муносабат билан ФИФА Осиё учун белгилаган 4.5 та ўринлари сонини 3.5 тага туширишга мажбур бўлади.

Бу дегани, энди биз Корея, Япония, Австралия ёки Эрондек гигантлардан бирини, эмас, иккитасини ортда қолдиришга мажбурмиз! Йўқса, бу гал ҳам ЖЧдан қуруқ қолиб кетамиз.
Беҳзод АҲМАДЖОНОВ

Манба: Interfutbol.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Амир Темур, Эктор Купер, Гари Линекер ва бошқалар хусусида