10:25 / 14.09.2018
3 103

Етакчи футболчиларимиз ва Инилиеев Эктор Купернинг дебюти ҳақида

Етакчи футболчиларимиз ва Инилиеев Эктор Купернинг дебюти ҳақида
Ўзбекистон - Сурия (1:1) учрашувидан сўнг терма жамоамизнинг етакчи футболчилари ҳамда тажрибали мураббий Рауф Инилеев таассуротлари билан ўртоқлашишди. Хўш, ким қандай фикрда?

Отабек Шукуров: «Ҳаммаси янгича усулда»

- Учрашув ҳам мураббийлар штаби, ҳам биз - футболчилар учун муҳим эди. Эктор Купер жамоамиз бош мураббийи сифатидаги илк ўйинини ўтказди. Биз эса мухлислар кўз ўнгида имтиҳон топширдик. Ўйиннинг осон кечмаслигини олдиндан билгандик. Одатда янги мураббий қўл остидаги биринчи баҳс оғир ўтади.

Мураббийлар майдонга тушишдан олдин асосий эътиборни ҳимояга қаратишимизни уқтиришгани рост. Лекин орқа чизиққа бутунлай ёпишиб олмай, вазият юзага келиши ҳамоно ҳужумга ўтишимизни таъкидлашди. Терма жамоа ихтиёрига етиб келганимга 3 кун бўлди.

Муҳими, шу қисқа фурсат ичида Купердан кўп нарса ўргандим. Машғулотлар, ўйинга мутлақо янгича ёндашув. Ўйлайманки, вақт ўтгани сайин кучайиб борамиз ва кейинги учрашувларда мухлисларни ғалабалар билан қувонтирамиз.

Элдор Шомуродов: «Бизга ишонишда давом этинг!»

- Эктор Купернинг машғулот олиб бориш жараёни, ўйин учун танлаган тактикаси, умуман, футбол фалсафаси бошқача. Табиийки, бу янгиликларга тўлиқ мослашиш учун маълум вақт керак. 1-2та машғулот билан кўзланган мақсадга эришишнинг имкони йўқ. Ўйлайманки, мухлислар ҳам буни тўғри тушунишади ва терма жамоамизга охиригача ишонишади.

Ўз ўрнида, биз - футболчилар ҳам мураббий кўрсатмаларини имкон даражасида сифатли бажаришга ҳаракат қиламиз. Олдинда Осиё кубоги бор. Менимча, январь ойига қадар жамоамиз ўйини анча изга тушади. Муҳими, иштиёқни йўқотмасак, бас.

Сардор Рашидов: «Форслар билан умуман бошқача ўйнаймиз»

- Сурия термасига қарши учрашув биз учун осон кечмаслиги кундек равшан эди. Зеро, ҳар икки жамоада янги мураббийлар иш бошлашди. Демакки, ўйин нафақат футболчилар, балки мураббийлар учун ҳам ўзига хос илк имтиҳон бўлди. Қайд этилган дуранг натижага келсак, менимча, ўртоқлик ўйинлари ҳисоби катта аҳамиятга эга эмас.

Ҳар ҳолда, натижани биринчи ўринга қўйиш ноўрин. Мана, мураббийлар ўз тактикаларини синовдан ўтказиб олдилар. Дейлик, бир қатор янги футболчиларга ҳам имконият берилди. Қолаверса, сурияликларга паст назар билан қараш ноўрин. Яхши шаклланган жамоа. Умуман олганда, ўйин икки томон учун ҳам фойдали бўлди.

Муҳими, Эктор Купер тактикасига тезроқ мослашишимиз керак. Унинг ўйин услуби шахсан менга маъқул келди. Қолаверса, Жанубий Корея ва Эрон терма жамоалари ўйинига ҳам мослашяпмиз. Менимча, жамоамизда ўсиш кузатилади. Кўрдинглар, учрашувда ҳужумчи ортида ҳаракатландим.

Анчадан буён бу позицияда тўп сурмагандим. Бош мураббий ишонч билдирганидан хурсандман, албатта. Энди Эрон терма жамоасига қарши «ўртоқлик»да мазмунлироқ футбол кўрсатамиз. Ишончим комил, форслар билан умуман бошқача ўйнаймиз.

Марат Бикмаев: «Ҳамма ҳам идеал спорт формасида эмасди»

- Суперлигада юзага келган танаффус учрашувга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ҳамма ҳам идеал спорт формасида эмасди. Боз устига, терма жамоада янги мураббийлар иш бошлашди. Табиийки, талаблар ва ўйин услуби ҳам ўзгарган.

Кўпчилик пенальти тепилган вазиятга эътибор қаратди. Йўқ, жарима зарбасини амалга ошириш масаласида Сардор Рашидов билан баҳслашмадик. Ўзи «Локомотив»да ҳам галма-гал пенальти тепамиз. Менимча, бу нормал ва одатий ҳолат. Тўпни қизғаниш одатим йўқ.

Рауф Инилеев: «Куперни қўллаб-қувватлаш керак»

- Мураббий сифатида ўйиндан ўзим учун керакли жиҳатларни олдим. Ўзига хос янги жиҳатлар йўқ эмас. Футболчилар ҳам ўзгача иштиёқ билан тўп суришди. Шахсан менга Сардор Рашидовнинг ҳаракати ёқди. Аксарият хавфли ҳужумлар айнан у орқали ривожлантирилди.

Ўзи гол уриши ҳам мумкин эди. Яна бир томони, футболчилар стандарт вазиятларни яхши бажаришди. Гол ҳам шундай вазият самараси бўлди. Ҳимоячилардан Анзур Исмоиловни алоҳида таъкидлашни истайман.

Шунингдек, Игнатий Нестеров юбилей учрашувига мос ҳаракатланди. Шу ўринда барчадан Эктор Куперни қўллаб-қувватлашни сўраган бўлардим. Ахир у бизга ёрдам бериш учун келган...
К.АЛИМОВ ёзиб олди

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Етакчи футболчиларимиз ва Инилиеев Эктор Купернинг дебюти ҳақида