07:01 / 28.10.2018
2 135

"Финалда кўп омиллар АГМКга қарши" - Бахтиёр Ашурматов иштирокидаги қизиқарли матбуот анжумани

"Финалда кўп омиллар АГМКга қарши" - Бахтиёр Ашурматов иштирокидаги қизиқарли матбуот анжумани
Ўзбекистон кубоги финалидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида АГМК вакиллари иштирок этишди.
- "АГМК эртага йил ўйинида майдонга тушади. Мазкур финал биз учун йил ўйинига тенг. Жамоамиз катта меҳнати орқали финалга қадар етиб келди. Финалда сюрпризлар бўлиб туради. АГМКда ҳаяжон бор, аммо қўрқув йўқ. Афсуски охирги иккита ўйинда мағлубиятга учрадик. Финалдаги ғалаба орқали ушбу нохуш серияга чек қўйишни истаймиз. АГМК тарихида янги саҳифа очиш имкониятига эгамиз. Буни йигитлар жуда яхши тушуниб туришибди. "Пахтакор" жуда кучли футболчиларга эга жиддий рақиб.

Тўғри, эртанги финал ҳар иккала мураббий учун илк финал. Футболчи сифатида жуда кўплаб финалларда ўйнаганман. Аммо мураббий сифатида бу дастлабкиси бўлади. Бу ерда тафовут жуда катта. Футболчи сифатида ўйнаш осонроқ. Мураббий эса бутун жамоа натижасига жавобгар шахс. Бу ердаги масъулият ниҳоятда катта эканлигин ҳис этиб турибман.

Финалда ғалаба қозонишимиз учун футболчилар эртага фаолиятларидаги энг яхши ўйинларини кўрсатишлари лозим. Муҳими, ғалаба бўлган ишонч юқори бўлмоғи зарур. Шундагина биз ўзимиз учун керакли натижани қўлга киритишимиз мумкин бўлади.

Тан олиш керак, маҳорат бобида "Пахтакор" устунроқ. Биз эса юқори иштиёқ ва ғалабага бўлган чанқоқликни кўрсатмоғимиз керак. Кўп нарса эртага биз "Пахтакор"га қанчалик жанговор кураш тақдим этишимизга боғлиқ бўлади. Шунингдек, муҳим омил, омад деган тушунча биз тарафда бўлиши энг катта кўмакчига айланиши мумкин.

Сюрприз? Албатта, биз айнан ўша сюрпризни эртага тақдим этиш учун курашамиз. Финалга ниҳоятда жиддий тайёргарлик кўрдик. Эртага кўп омиллар бизга қарши ишлайди. Биринчи навбатда қаршимизда жиддий рақиб. Шунингдек, "Навбаҳор" ва "Бунёдкор" жамоалари мухлислари ҳам "Пахтакор" ютишидан манфаатдор бўлишади. Чунки ўшанда чемпионатдаги учинчи ўрин соҳиби ОЧЛга йўлланма беради. Аммо шуни унутмаслик керакки, бизда ҳам ОЧЛга чиқиш учун финал ажойиб имконият мавжуд. АГМК сюрприз тақдим этишга қодир. Чемпионатдаги мағлубиятлар кубок ўйинига таъсири йўқ. Бу умуман бошқа-бошқа турнирлар. Кетма-кет иккита мағлубиятдан сўнг жамоамиз қўшимча куч топишига ишонаман. Агар кубокни биз олсак, бу ҳамма учун ўзига хос сюрпризга айланади. Чунки финалдан олдин барча кубокни "Пахтакор"га "топшириб" қўймоқда. АГМК эртага раҳбарият ва мухлисларни ишончини оқлашга ва кўпчиликни чин маънода ҳайрон қолдиришга ҳаракат қилади.

Битта ўқ билан иккита қуённи уриш? Тўғри, кубок олиш орқали клуб тарихидаги янги саҳифа очилади. Қўшимчасига бу ОЧЛ йўлланмасини ҳам тақдим этади. Ҳозирча раҳбарият билан учрашув бўлгани йўқ. Эртага финалдан олдин биз раҳбарият билан учрашамиз ва ўшанда финалдаги муваффақият учун қўшимча бонус ва мукофотлар ҳақида маълум қилишади. Раҳбарият бизга ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишиз учун максимал кучни сарфлашни вазифа қилиб белгилаган. Финал куни клуб раҳбарият Фарғонага етиб келади ва эртага ўйиндан олдин жамоа билан учрашув белгиланган. Айнан раҳбариятнинг ишонч ва уларнинг далдаси йигитларга қўшимча куч беради, деб ўйлайман.

"Пахтакор"нинг энг хавфли нуқтаси? Рақибнинг ҳар бир нуқтасида маҳоратли футболчилар жамланишган. Безерра жуда меҳнаткаш ва голга чанқоқ футболчи. Черанниг беназир паслари ҳимояни кесиб қўяди. Машарипов яккама-якка ҳолатда хавфли футболчи. Фарруҳ Сайфиевнинг самарадорлиги борасида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Ёки Акмал Шораҳмедовнинг бой тажрибаси. Азим Аҳмедовнинг узоқдан берадиган зарбалари ниҳоятда яхши чиқмоқда. Умуман, ҳар бир футболчи борасида илиқ фикрларни айтиш мумкин. Шу боисдан ҳам ҳеч кимни ёки аниқ бир нуқтани эмас, балки бутун жамоани эътироф этган бўлардим.

Шота Арвеладзе жуда кучли мутахассис эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Мен озгина бўлсада "Пахтакор" мураббийлар штабининг ишлаш услубидан танишман. Шуни айтишим мумкинки, бу умуман бошқа даража. Ўзбек жамоаларининг барчаси интилиши керак бўлган даража. Озиқ-овқат тарафлама, диетолог, футболчиларни жисмоний тарафлама назорат қилиб бориш ва ҳоказо. Умуман барча тарафлама янгича даражада ишлайдиган штаб. Шота Арвеладзе эса жуда теран фикрлайдиган ва ўз ғояларига эга мутахассис. Арвеладзе ўз ғояларини, тажриба ва билимларини ҳамкасблари билан бўлишадиган кам сонли мураббийлардан бири. Кўпчилик одатда ўз ғоялари билан бошқа мутахассисларга тавсия ёки маслаҳат беришни истамайди. Арвеладзе эса аксинча, ундан маслаҳат сўраганда доимо очиқ. Шота Арвеладзе ўзбек футболида ёрқин из қолдирмоқчи. Арвеладзе "Пахтакор"ни буткул янги поғона ва даражага кўтармоқда. Айни пайтда "Пахтакор" қолган жамоалардан ҳар жабҳада устунлиги ҳақиқат.

Ўйлашимча, эртага стадионда "Пахтакор"га нисбатан АГМКнинг қўллаб-қувватловчилари кўпроқ бўлади. Чунки мен ўзим водий фарзанди, яъни қўқонликман. Қўқондан ҳам кўплаб мухлислар мени ва АГМКни қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюришади. Шунингдек, АГМКка ишонаётган мухлислар ҳам йўқ эмас. Биз эса уларни ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Намангандан ҳам кўплаб мухлислар қўнғироқ қилиб, менга далда беришмоқда. Гарчи "Навбаҳор" учун "Пахтакор"нинг ғалабаси яхшироқ бўлсада, Намангандаги фаолиятим орқали мен билан дўст бўлган мухлислар ўз далдасини ҳозирдан билдиришди. Бизга ишонаётган ва қўллаб-қувватламоқчи бўлаётган ишқибозларга олдиндан раҳмат айтмоқчиман", - деди Бахтиёр Ашурматов.

Матбуот анжуманида АГМК устозига ҳамрохлик қилган Владислав Касминин ҳам финал олдидан ўз фикрларини билдирди.

- "Жуда катта иштиёқ билан финалга тараддуд кўряпмиз. Финалда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши тушамиз. "Пахтакор"га жиддий қаршилик тақдим этамиз. Қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз. Кубок мусобақаси кутилмаган сюрпризларга эга бўлади. Биз эртага айнан шу ишни амалда кўрсатишга ҳаракат қиламиз", - деди Владислав Касминин.

Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » "Финалда кўп омиллар АГМКга қарши" - Бахтиёр Ашурматов иштирокидаги қизиқарли матбуот анжумани