14:30 / 01.11.2018
3 565

Тўхтамирзаев “Навбаҳор”даги ўзгаришлар, Канчельскис ва Мўминжонов ҳақида (видео)

Тўхтамирзаев “Навбаҳор”даги ўзгаришлар, Канчельскис ва Мўминжонов ҳақида (видео)
“Навбаҳор” клуби жамоани Суперлига етакчилари сафига олиб чиққан Илҳом Мўинжонов ўрнига, ҳозирга қадар мураббий сифатида бирорта сезиларли ғалабага эришмаган Андрей Канчельскисни таклиф этди. Янги мураббий “лочинлар”ни чемпионлик сари етаклай оладими?

- Наманганликлар футболни севиш нуқтаи назаридан олиб қараладиган бўлса Ўзбекистонда тенгги йўқ. Бу нарса азал азалдан барчамизга маълум. Яна бир ўзига хос анъана, Наманганда ишлайдиган мураббий узоққа бормаслигига ҳам кўникиб кетгандик. Илҳом Мўминжонов сал кам икки йил “Навбаҳор”га бошчилик қилди ва клуб Суперлига пешқадамлари сафидан жой олди. Ҳаттоки, иккинчи босқични етакчи сифатида бошлади.

Мураббийлар жамоа билан хайрлашиши одатий бир хол. Лекин янги келган мураббий ишқибозларни ўйлантирган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади. Назаримда Илҳом Мўминжонов мавсумни охирига етказиб қўйгани мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо клуб раҳбарияти етакчини алмаштириш керак деган қарорга келди. Демак, бунга қандайдир ўзига хос жиддий сабаблар бўлган.

Энди Андрей Канчельскис ҳақида. Ажойиб футболчи. Ўйинларидан жуда кўп маротаба баҳраманд бўлганмиз. Кўплаб нуфузли мусобақаларда зафар қучган ва шуҳсупага кўтарилган. Ўзининг жуда кўплаб мухлисларига эга. Лекин бу ҳаммаси биз билган футболчи Андрей Канчельскис.

Мураббий Андрей Канчелькис қаерда ва қандай йирик зафарларга эришди деган савол ҳозирча очиқ қоляпти. Яхши ният билан наманганликлар уни водийга таклиф этишди. Балки, Андрей Канчельскис мураббийликдаги зафарларга айнан аввалига “Навбаҳор”да эришар. Фақат битта нарса шахсан мени ўйлантириб турибди. Россиялик ҳамкасбларимизга берган интервьюсида Андрей Канчельскис Хитойда ишлаш нияти борлигини эътироф этган. Демак “Навбаҳор” унинг учун бир ўтгинчи оралиқ пункт.

Назаримда кўп йиллар мобайнида мана шу жойда ишлаб, обрў орттириб, клуб шани учун ишлашни хоҳлаган мураббий келгани яхшироқ бўларди. Андрей Канчеслькисгача “Навбаҳор” уйда ғалаба қозонарди. Сафарда зафар қучишга қийналарди. Ҳозирда кузатганларимиз, уйда ва меҳмондаги биттадан учрашувда аввалги анъана сақланиб қолди. Жамоа уйда ғалаба қозонди, пойтахтда “Локомотив”га имкониятни бой берди.

Нима бўлганда ҳам Андрей Канчельскис “Навбаҳор” билан бирга Ўзбекистон Суперлигаси шоҳсупасига кўтарилса, ушба мавсумга қўйилган вазифа, келинг очиғини тан олайлик амалда уддаланган деб ҳисоблаш мумкин. “Навбаҳор” чемпион бўлишини хоҳловчилар жуда кўп. Аммо ҳозирча чемпионлик эмас, медаллар ҳақида ўйлаган ҳақиқатга тик боққан билан тенг бўлса керак.

Келгуси мавсум агар “Навбаҳор” Осиё чемпионлар лигасига йўлланма соҳибига айланса жиддий ўзгаришларни амалга ошириш зарур бўлади. Ўшанда биз Андрей Канчельскис ва унинг “Навбаҳор”и нималарга қодир эканлигини кўрамиз. Ҳар қандай шароитда “Навбаҳор”га омад ва ғалабалар ёр бўлишини тилаймиз. Россиялик мураббий бунга ҳиссасини қўшса яна ҳам яхши бўларди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тўхтамирзаев “Навбаҳор”даги ўзгаришлар, Канчельскис ва Мўминжонов ҳақида (видео)