14:10 / 17.11.2018
2 322

«Арсенал»нинг «очилмаган кашфиёти» Россиянинг буюк футболчиси!

«Арсенал»нинг «очилмаган кашфиёти» Россиянинг буюк футболчиси!
«Тўпчилар»нинг собиқ плеймейкери Андрей Аршавин 37 ёшида бутсасини михга осишга қарор қилди. Лондонликларнинг собиқ вакили профессионал футболчилик фаолиятига якун ясади.

Андрей Аршавин Россиянинг энг буюк ва жумбоқли юлдузларидан бири. Бир вақтлар қисқа муддат юқори футбол намойиш қилган 37 ёшли футболчининг сўнгги клуби Қозоғистоннинг «Қайрат»и бўлди. Футболчи 24 ноябрда бўлиб ўтадиган Қозоғистон Кубоги финали у учун сўнггиси бўлишини маълум қилди.

Аршавин футбол билан шуғулланишни етти ёшида ўзи туғилган жойи Ленинградда бошлади. Ўша вақтда ҳам тенгдошларидан жуссаси кичиклиги билан ажралиб турган Аршавинни клуб мураббийлари менсишмасди. Шунга қарамай ёш болакайдаги табиий иқтидор туфайли унинг ҳаваскор футбол билан шуғулланган отаси маҳаллий «Зенит» клубига боласини етаклаб борди.

У «Зенит»даги дебют ўйинини 2000-йилда ўтказди. Аршавин Интертото Кубогида «Брэдфорд»га қарши учрашувда захирадан туширилди. Тез орада ёш футболчи асосий таркибда ўзини ёрқин тарафдан кўрсата олди. Бунга унинг ярим ҳимоянинг исталган нуқтасида ўйнай олиш қобилияти сабаб бўлди. Боз устига у ҳужумчи ортида ҳам ажойиб тарзда ҳаракат қила олишини кўрсатиб қўйди.

Иқтидорига қарамай, унинг ўйинига бўлган шубҳалар ҳеч аримасди. «У ҳеч қачон шуҳратпараст бўлмаган», - дейди россиялик футбол журналисти Артур Петросян Sky Sports га берган интервьюсида – «бу кўплаб россиялик футболчиларнинг муаммоси аслида. Бу уларнинг рухиятидаги муаммо. Улар муваффақиятга эришса ва озгина пул топса, ривожланишдан тўхташади. Бу ҳолат Аршавин билан ҳам юз берди.»

«Зенит» билан ўтказилган саккиз йиллик фаолиятидан кейин 2007-08-йилги мавсум Аршавин учун анча омадли ва эсда қоларли йил бўлганди. 1984-йилдан бери биринчи марта ички чемпионатдаги ғолиблик ва УЕФА Кубоги соврини, бундан ташқари терма жамоа билан Евро-2008 даги иштирок мақоламиз қаҳрамони учун ёдда қоларли мавсум бўлди.

Андоррага қарши плей-офф ўйинида қизил карточа олгани сабабли Аршавни гуруҳдаги дастлабки икки турни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Учинчи турда у Швецияга қарши учрашувда Россиянинг иккинчи голига муаллифлик қилди ва термасини чорак финалга олиб чиқди. У ерда русларни кимсан Голландия кутиб турарди.

Ушбу ўйин русларнинг байрамига айланиб кетди. Қўшимча таймларда 3-1 ҳисобида ғалабани илиб кетган Россия Аршавинга раҳмат айтиши керак. Аршавин юқори спорт формасини намойиш қилди ва «Арсенал» мураббийи Арсен Венгернинг назарига тушди.

У «тўпчилар» сафида 90 дан ортиқ ўйинларда иштирок этди. Аммо унинг Лондондаги фаолиятида диққатга сазовор лаҳзалар жуда кам бўлди. Энг ёдда қоларлиси Пеп Гвардиоланинг «Барса»сини «туманли Альбион»да енгган учрашувда Аршавин ўзини кўрсата олганди.

Бироқ кейинги ўйинларда Венгер кутган дунё савиясидаги тўпурар эмаслигини тушуниб етди.

Кенгроқ қилиб айтганда Аршавин инглиз футболига мослаша олмади. Унинг кичик жуссаси ва ўйинга бўлган фалсафаси – унга тўп келишини кутиш эди. 90 дақиқа югуриб юриш унинг жисмоний кўрсаткичларига тўғри келмасди.

Бундан ташқари у Лондондаги ҳаётга ҳам мослаша олмади. У шаҳарда автомобил ҳайдашни ёмон кўриб қолди, кийиниш хонасидаги маданиятни эса кўнгилни айнитадиган деб топди, рафиқаси Юлия эса бутун Англияни ёқтирмади ва у ерни «зерикарли» деб атади.

Клубдаги формаси тушиб кетгач ўз-ўзидан термадаги ишлари ҳам чаппасига кета бошлади. Камига мухлислар билан ҳам ораларидаги муносабатлар совуқлашди. Бунга Россия Евро-2012 га чиқа олмаганидан кейин унинг манзили томон йўналтирилган танқидлардан кейин йўллаган видео-жавоби бўлди. У мухлисларга қарата, «агарда биз сизнинг умидларингизни рўёбга чиқара олмаган бўлсак, бу сизнинг муаммонгиз» дея кескин жавоб қайтарди.

2013-йилда Аршавин «Зенит»га эркин агент сифатида қайтди. У жамоатчиликка «Зенит» либосини қайта кийишидан жуда бахтиёр» эканлигини айтди. Бироқ икки мавсум ичида 30 дан ортиқ учрашув ўтказган футболчи атиги 3 гол урди ва 2015-йилда «Кубан» сафига бориб қўшилди.

«Кубан»да у асосий таркибга киришда муаммоларга учради. 8 ўйинда бирорта ҳам гол ура олмаган ҳужумчи мавсум якунида шартномаси узайтирилмаганидан кейин футболчилик фаолиятига якун ясаши мумкинлигини айтди. Бироқ орадан кўп ўтмай, 2016-йил мартида «Қайрат» сафини тўлдирди.

Кичик аквариумдаги катта балиқ сингари Андрей Қозоғистон чемпионатида ўзини кўрсата олди. У мавсум якунида «Йилнинг энг яхши футболчиси» совринини қўлга киритди. Янги жамоаси учун 76 ўйин ўтказган россиялик футболчи 24 гол уришга эришди. Клубдаги уч йиллик фаолияти ортидан «Арсенал»нинг собиқ вакили фаолиятини юқори нотада якунлашга яқин турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » «Арсенал»нинг «очилмаган кашфиёти» Россиянинг буюк футболчиси!