Сардор Рашидов: “Араб клубига ўтишим эҳтимоли 50га 50”

  • 5-12-2018, 11:55
  • 888
  • Спорт
  • Сардор Рашидов: “Араб клубига ўтишим эҳтимоли 50га 50”
    Pepsi Суперлига жорий мавсуми якунига бир тур қолганда чемпионликни расмийлаштирган «Локомотив» клуби аъзоларини «Пахтакор»га қарши кечган учрашувда қўлга киритилган ғалаба шукуҳи ҳали тарк этмаганига шубҳа йўқ. Чемпионат ғолиблиги принципиал рақиб билан учрашувда нишонлангани эса хурсандчиликни икки карра ошириши турган гап. «Темирйўлчилар» сафида олтин медалларни қўлга киритганлар орасида миллий жамоамизга номзод футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Шулардан бири - Сардор Рашидов. Биз «Пахтакор»га қарши кечган чемпионлик ўйинидан сўнг «Локомотив»нинг етакчи ярим ҳимоячиларидан бирини суҳбатга тортдик.

    - Сардор, аввало, чемпионлик муборак бўлсин. Лекин назаримда, мавсум сизлар учун анча мураккаб келди. Шундай эмасми?

    - Ҳа, албатта. Биринчи галда чемпионатимизнинг янги форматда ўтказилгани нафақат бизга, балки бошқа клубларга ҳам ўзига яраша қийинчиликларни туғдирди. Олий лиганинг номи Суперлигага ўзгартирилди. Чемпионат ўйинлари тўрт даврали тизимда ўтказилди. Биринчи бос-қичдан сўнг кучли олтиликдан жой олган жамоаларнинг қуйи олтиликдаги клублар билан ўйинлардаги очколари нолга тенглаштирилди. Кейин молиявий томонини билмадим-у, лекин жамоалар бу йилги мавсумда ўйин жиҳатидан сезиларли даражада кучайишган. Фикримни ўтказилган учрашувлар ҳам тасдиқлайди. Мавсум бошини қўя туринг, унинг охирларида ким ҳам ўйлабди дейсиз, АГМКнинг Ўзбекистон кубогини қўлга киритишини? Ҳатто, олмалиқлик футболчиларнинг ўзлари ҳам бундай бўлишини кутишмаганди. Ҳа, хоҳиш-истак ҳар доим, ҳамма жамоада ҳам бўлган. Лекин жамоаларнинг реал имкониятларини таққослаганда, барибир, гранд клубларнинг ғалабаларига ишониб келганмиз. Бироқ АГМК бунинг иложи борлигини амалда исботлаб қўйди. Қолаверса, «Пахтакор», «Бунёдкор» жамоаларида ҳам ўсиш кўзга ташланяпти.

    - Мана шу ўзгаришларга муносабатингиз қандай? Футболимиз ривожига хизмат қиладими?

    - Бу нарсага ҳамма ҳар хил қараяпти. Масалан, «Пахтакор» биринчи босқични пешқадам сифатида якунлади. Лекин очколар қайта ҳисобланганидан кейин иккинчи босқични пастроқ ўринда бошлади. Аксинча, «Навбаҳор» биринчи ўринга чиқиб олди. Табиийки, бу ўша жамоа мухлислари ва футболчиларининг ўзига ҳам ёқмайди. Бундай янгиликка кўникиш ҳам қийин бўлди. Менимча, ҳозир бир нарса дейиш қийин. Ҳар қандай ўзгаришга камида 2-3 йилдан сўнг баҳо бериш тўғри бўлса керак. Қатар ва БАА чемпионатларида ўйнаганман, лекин у ерда бундай формат йўқ. Адашмасам, араб чемпионатларининг ҳеч бирида икки босқичли тизимга дуч келмайсиз.

    - Бу йил «Пахтакор» билан чемпионатнинг ўзида тўрт маротаба тўқнаш келдинглар. Айниқса, иккинчи босқичнинг ҳар иккала ўйинида рақибдан яққол устунликка эришдинглар. Бу «Локомотив»нинг айни пайтда «Пахтакор»дан кучли эканлигини билдирадими?

    - Ҳар иккала жамоа кучли таркибга эга. «Пахтакор» ҳам, «Локомотив» ҳам ўз олдига чемпионлик вазифасини қўйганди. Агар сиз айтган икки ўйин бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, биз бу учрашувларда юзага келтирилган вазиятлардан оқилона фойдалана олдик. Мазкур ўйинларда урилган олтита гол имкониятлардан фойдаланиш маҳсули, десам тўғрироқ бўлади. Чемпионлик тақдирини ҳал қилган баҳсга келсак, бу учрашувда «Пахтакор» ҳужум қилиши тайин эди. Шуни инобатга олиб, асосан иккинчи рақам остида ҳаракат қилдик. Қарши ҳужумларга таяндик ва гувоҳи бўлганингиздек, бу тактика ўз мевасини берди.

    - Бу йилги мавсум ҳисобидан «Локомотив» учун қайси ўйин энг асабий ва қийини бўлди?

    - Чемпионатнинг учинчи турида «Навбаҳор» меҳмони бўлиб, 0:2 ҳисобида ютқазгандик. Ўша ўйин стадион тўла мухлислар гувоҳлигида ўтганди. Жуда асабий руҳда кечган учрашувда имкониятни бой бергандик. Энг қийини сифатида «Навбаҳор» билан баҳсни айтган бўлардим. Ўзи аслида Наманганда ўйнаш ҳар бир меҳмон жамоа учун осон кечмайди. Адашмасам, бу йил «Навбаҳор» ўз мухлислари кўз ўнгида ютқазмади. Бундан ташқари, «Металлург», сафарда «Бухоро» жамоасига қарши кечган ўйинларда ҳам бизга осон бўлгани йўқ.

    - Мавсум деярли якунига етди. Адашмасам, «Локомотив» билан бир йилга шартнома имзолаган эдингиз. Эндиги режаларингиз қандай?

    - Ҳа, 31 декабрь куни шартномам якунланади. Унгача ҳали бир ойча вақт бор. Бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Бор эътиборим «Локомотив» билан мавсумни юқори кайфиятда якунлашга қаратилганди. Мана, чемпион ҳам бўлиб олдик.

    - Бошқа клублардан, хусусан, хориж жамоаларидан таклифлар бўляптими?

    - Таклифлар йўқ, десам ёлғон бўлар. Араб давлатларидан қизиқишлар бўлиб турибди.

    - Демак, таклифлар орасидан энг мақбулини танлашингиз мумкин?

    - Насиб қилса, шундай режа йўқ эмас.

    - Хориж чемпионатига йўл олишингизни фоиз ҳисобида оладиган бўлсак, уни қанчага баҳолайсиз?

    - Элликка-эллик деган бўлардим, балки олтмишга қирқдир.

    - Араб клублари деганда, ўзингиз тўп сурган Қатар ва БАА чемпионати иштирокчиларини назарда тутдингизми?

    - Қатардан эканлиги аниқ. Шунингдек, БААдан ҳам қизиқишлар бор.

    - Сизга Франциянинг «Ренн» клубидан таклиф бўлаётгани айтилганди. Лекин ке-йинчалик «Локомотив» вариантини танлагандингиз. Ўшандан кейин фаранглар билан бошқа гаплашмадингизми?

    - Мураббийим билан алоқага чиқдим. Ҳалиям «Ренн»ни бошқаряпти. Хабарингиз бор, Лямуши билан Қатарда бирга ишлаганман. Айнан шу мутахассис мени «Ренн»га таклиф қилганди. Очиғини айтсам, ҳозир бу француз клубининг молиявий аҳволи яхши эмас экан.

    - Бу йил жароҳатлар ҳам сизни қийнаб қўйди. Бунинг натижасида ҳамма ўйинларда ҳам майдонга тушмадингиз. Балки шу томондан ва терма жамоа манфаати йўлида ҳам янги таклифларни ўйлаб кўрарсиз?

    - Албатта, миллий жамоа манфаати биринчи ўринда туради. Агар термамиздан таклиф олсам, майдонда боримни беришга тайёрман. Олдинда Осиё кубоги кутмоқда. Бу мусобақада иштирок этишни жуда хоҳлайман.

    - Терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер қўл остидаги машғулотда иштирок этдингиз. Ҳимоявий услубни хуш кўрувчи бу аргентиналик мутахассис ҳақида сизнинг шахсий фикрингиз қандай?

    - Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша ўйин услуби бўлади. Купер ҳимояда мустаҳкам ўйнаб, тезкор ҳужумга ўтиш тактикасини илгари суради. Мен биринчи йиғинда иштирок этдим. Кейингисида жароҳат сабаб қатнаша олмадим. Шунга қарамай, биринчи йиғиндан яхши таассурот олдим. Барибир, хорижлик мураббий эканлиги билиниб турибди. Ёрдамчилари ҳам ўзига яраша кучли мутахассислар экан.

    - Осиё кубогидаги рақиблар ҳақида қандай фикрдасиз? Гуруҳдан чиқа оламизми?

    - Буни уддаламасак уят бўлар. Мухлислар олдида ҳам изза бўлиб қоламиз. Насиб қилса, қитъа чемпионатида узоқроққа боришимиз керак. Табиийки, асосий рақиб - бу Япония терма жамоаси бўлади. Гуруҳ ғолиблиги учун кураш биз ва «кунчиқар юрт» жамоаси ўртасида кечади. Шахсий фикрим, гуруҳдан чиқишимиз Уммон билан ўйинда ҳал бўлса керак. Туркманистон терма жамоасига ҳурматни сақлаган ҳолда шуни айтишим керакки, Уммон иккинчи йўлланма учун кураш олиб боради.

    - «Локомотив» Ўзбекистон чемпиони сифатида тўғридан-тўғри ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашади. Ҳозирча квартетдаги икки рақиб жамоанинг номи маълум. «Плей-офф» ўйинлари орқали қўшиладиган тўртинчи клубни ҳам тахмин қилиш мумкин. Эрон ёки Қатар вакили «Локомотив» жой олган «В» тўртлигини тўлдириб беради. Рақиблар ҳақида нима дея оласиз? Гуруҳдан чиқа оласизларми?

    - Яна «Ал-Ваҳда» жамоаси билан бир гуруҳга тушиб қолдик. «Ал-Иттиҳод» ҳақида ҳам тасаввурга эгамиз. Ўзимнинг жамоадошим ҳам ҳозир Жидда клуби шарафини ҳимоя қиляпти. «Ал-Иттиҳод» Саудия Арабистони чемпионатида сўнгги 16-ўринни эгаллаб турибди. Шу кунгача ўтказилган ўнта ўйиннинг саккизтасида мағлубиятга учраган. Иккита учрашувда дуранг қайд этилган ва ҳали бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган. Ўз дарвозасидан энг кўп - 24та тўп ўтказиб юборган. Жиддаликлар ҳозирча сўнггиси бўлиб турган 10-турни ўз майдонларида ўтказишларига қарамай, «Ал-Аҳли» клубига 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйишди.

    Очиғини айтсам, бу йил араб клублари унчалик ҳам кучли кўринмаяпти. «Ал-Ваҳда» ҳам охирги турда ўз уйида «Ал-Жазира»га ютқазди. Собиқ жамоам бир киши кам бўлиб ҳаракат қилса-да, якунда «Ал-Ваҳда» майдонидан уч очко билан қайтди. Бу жамоа БАА чемпионатида олтинчи ўринни эгаллаб турибди. Ўнта ўйиндан учтасида ғалаба қозонган. Тўртта учрашувда ютқазган, ўз дарвозасидан 22 марта тўп олиб чиққан. Ҳар битта ўйинда ўртача иккитадан гол ўтказиб юбораётган экан, демак бу жамоанинг ҳимоя чизиғида муаммолари бор. Адашмасам, яқинда бош мураббийи ҳам истеъфога чиқди. Чемпион бўлганимиздан кейин эринмасдан гуруҳдаги рақибларимизнинг чемпионатларидаги ҳозирги ҳолатлари билан танишиб чиқдим. Хулоса қилиш мумкинки, бу араб клублари билан бемалол ўйнасак бўлади.

    Тахминимча, гуруҳимиздаги тўртинчи жамоа катта эҳтимол билан «Ар-Райян» бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз ўз ўйинимизни намо-йиш этишимиз керак. Бунинг учун шунга яраша кучли тайёргарлик олиб боришимиз лозим. Ҳали Суперлигада яна битта ўйинимиз бор. Наманганда «Навбаҳор» жамоаси меҳмони бўламиз. Гарчи чемпионлик масаласини ҳал қилиб қўйган бўлсакда, бу учрашув биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Биринчи даврада икки тўп фарқи билан мағлубиятга учраганмиз. Бир нарса аниқки, мазкур баҳсдан биринчи галда мухлислар ютишади. Чунки иккала жамоада ҳам босим бўлмайди. Биз чемпионликка эришган бўлсак, «Навбаҳор» бронза медалини қўлга киритди. Ўйин натижаси турнир жадвалига ҳеч қандай ўзгартириш киритмайди. Бундай ҳолатда жамоалар очиқ, ҳужумкор футбол намойиш этишади. Бу эса мухлисларга ёқади.

    Манба: interfutbol.uz

    » » Сардор Рашидов: “Араб клубига ўтишим эҳтимоли 50га 50”