09:50 / 20.12.2018
3 255

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги турнирига тайёрми?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги турнирига тайёрми?
Тунов куни футболга қизиқувчи бир акахонимиз: «Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё кубогида гуруҳдан чиқишига ва муваффақиятли иштирок этишига ишонасанми?», деб сўраб қолди. Мен бироз иккиланиб «Ҳа» деб жавоб бердим. Термамизнинг сўнгги пайтларда кўрсатаётган ўйини ва айни дамдаги ҳолати яхши бўлмасада, тақдирнинг бизга кулиб боқишидан умидворман. Шу ишончни йўқотмаган ҳолда, бош жамоамизнинг айни дамдаги ҳолатига назар ташладим. Бу мавзу кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Эктор Купер қўл остидаги йигитлар термамиз келажагини ҳал қилишлари лозим. Ё яна аввалгидек, бир-икки тажрибали футболчиларимизга боғланиб қоламиз ёки ёш иқтидорлар билан келажакни қурамиз. Улар учун келажак жорий Осиё кубогидан бошланади. Хўш, термамиз қитъанинг йирик мусобақасига тайёрми? Таркиб қай даражада ўзини оқлайди? Ўтган ҳафта Эктор Купер шу ой Туркияда ўтказиладиган йиғинда қатнашадиган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Натижада, термамизнинг ҳар бир чизиқдаги имкониятларини яна бир бор чамалаб кўриш имконияти туғилди.

Куз ойида ўтказилган ўртоқлик ўйинлари кўрсатдики, муаммолар етарлича. Ва бу ҳар бир чизиқда кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, мазкур учрашувлар жамоада ўйинни бошқарувчи - диспетчер йўқлигини исботлаб берди. Эктор Купер Одил Аҳмедовнинг ўрнини боса оладиган, етакчиликни қўлга оладиган футболчини тополмади. Олдинда муҳим ўйинлар кутиб турибди. Хўш, Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этишга термамиз аъзолари тайёрми?

Дарвозабон

Бу борада кўнглимизни тўқ қилсак бўлади. Игнатий Нестеровнинг тажрибаси ва маҳоратига шубҳамиз йўқ. Элдор Суюнов ва Ўткир Юсупов (Туркия йиғинига Санжар Қувватов ва Жавоҳир Илёсов ҳам чақирилишди) Нестеровга рақобат қилишади. Купер эса ҳозирча дарвоза чизиғида асосан тажрибали посбонга ишонч билдирмоқда. Шундай экан, асосий ўйинлар пайти бу позицияда жиддий янгилик кўрмасак керак.

Ҳимоя

Австралияда ўтказилган йиғин ҳимоя қай даражада бўш эканини, бундай мудофаа чизиғи билан Осиё кубогида қийналиб қолишимиз мумкинлигини кўрсатди. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоя чизиғида деярли ўзгариш кузатилаётгани йўқ. Марказда Исмоилов ва Кримец, қанотларда эса Зотеев, Ҳошимов. Уларга захира варианти сифатида Тўхтахўжаев, Турсунов, Шораҳмедов, Козак ҳаракат қилишди. Лекин «яшил қитъа»да бўлиб ўтган йиғин шуни кўрсатдики, терма жамоада Виталий Денисовга эҳтиёж борлиги сезилмоқда. Шунингдек, мудофаа марказида ҳам баъзи ўзгаришларни амалга ошириш зарур, яъни икки хил услубдаги ҳимоя-чилардан фойдаланиш керак. Масалан, Анзур ҳужумга ўтганида, унинг зонасини ёпиб турадиган ўйинчи даркор. Эсингизда бўлса, Абрамов ва Қосимов даврида мана шундай услуб қўлланилган. Шавкат Муллажонов ва Анзур Исмоиловдан иборат ажойиб жуфтликнинг ўйинларига гувоҳ бўлганмиз. Афтидан, Купер расмий ўйинларда ҳам Исмоилов - Кримец жуфтлигидан воз кечмайдиган кўринади.

Ҳа, ҳимоямизда муаммолар етарли, уларни тўғрилаш учун эса вақт оз. Осиё кубоги бошланишига ҳам ҳеч қанча вақт қолмади. Муҳими, Купер ихтиёридаги футболчилардан метин ҳимоя қўрғонини қура олса, бас.

Ярим ҳимоя

Ўзбекистон миллий жамоаси яқин тарихда Осиёдаги энг кучли ярим ҳимоя чизиғига эга эди. Буни нафақат биз, балки хорижлик мутахассислар ҳам эътироф этишарди. Ҳозирги кунда термамиз ярим ҳимоясида тўп сураётган футболчиларни танқид остига олишга шошмайлик. Улар ҳам нима қилишсин, ахир ҳарбий хизматдаги аскар ҳам бошлиғининг буйруғига бўйсунади. Футболчиларимизни аскар деб олсак, уларнинг бошлиғи - Эктор Купер.

Эътибор қаратинг, Одил Ҳамробеков, Отабек Шукуров, Жавоҳир Сиддиқов, Икром Алибоев. Аксарияти ҳужум ташкил қилувчи футболчилар. Улар Купернинг ҳимоявий услубида тўп суришга қийналишмоқда. Буни очиқ айтишимиз мумкин. Ливан ва Жанубий Кореяга қарши учрашувларда майдонда Одил Аҳмедовнинг ўрни қай даражада билинди? У чизиқлар орасида занжир вазифасини бажаради, ўйинни бошқаради. Октябрь ойида бўлиб ўтган ўртоқлик баҳсларида Одил майдонда дарвозада туришдан бошқа ҳамма ишни қилди: гол урди, пас берди, ҳимояланди. Лекин, айтинг-чи, қачонгача фақат бир футболчига боғланиб қоламиз? Авваллари Қосимов, Шацких, Жепаров, Гейнрих... Энди эса Аҳмедов! Бу термамизнинг давомий касаллиги.

Миллий жамоа бошига Эктор Купер келганидан сўнг ўйин фалсафаси ҳам ўзгарди - гол ўтказиб юбормасдан, тўпсиз ўйнаш ва имкон туғилиши ҳамоно ҳужумга ўтиш. Ҳозирча бу услуб ўзини оқлайдими, йўқми, буни Осиё кубогида билиб оламиз.

Ҳужум

Эктор Купер шу кунгача Игорь Сергеев, Иван Нагаев, Марат Бикмаев каби ҳужумчиларни синовдан ўтказди ва улар орасида фақат Бикмаев ўзини оқламоқда. Игорь яхши формада эмас, Иван Нагаевда барқарорлик ва сермаҳсуллик йўқолган. Тан олиб айтиш керакки, Бикмаев айни дамда ажойиб спорт формасида. Ундан бошқа номзодни кўра олмаяпман. Элдор Шомуродов баъзи ўйинларда ҳужумчи сифатида майдонда ҳаракат қилди, лекин у соф форвард эмас, вингер. Вазиятларни яратиши мумкин, аммо ҳужумга нуқта қўйишни шерикларига қўйиб беради. Албатта, бир ҳужумчи билан Осиё кубогида ҳаракат қилиш мушкул. Эктор Купер лоақал Иван Нагаевни захира варианти сифатида олиб кетиши тарафдориман. Дарвоқе, Туркия йиғинида қатнашадиган футболчилар рўйхатининг ҳужумчиларга аталган қисмидан «Локомотив» вакили Сардор Рашидов ҳам ўрин олди. Афтидан, Купер тезкор вингерни ҳужум чизиғида синаб кўришга аҳд қилган кўринади. Ишончимиз комилки, Рашидов бу вазифани ҳам уддалайди.

Хуллас, тақдир бизга кулиб боқса, ўйлайманки, Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этамиз. Бунинг учун терма жамоамиз аъзоларидан меҳнат, биздан эса фақат қўллаб-қувватлаш талаб этилади.
Абдулазиз ЮСУПОВ

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги турнирига тайёрми?
ePN