10:00 / 23.12.2018
3 471

Келиб-кетдилар

Келиб-кетдилар
(терма жамоамизда чорак аср мобайнида 20 нафарга яқин бош мураббий ишлагани ажабланарли ҳол...)

Термамизни ишин ўнглай деб,
Не-не зотлар келиб-кетдилар.
Умидлар гулин сўлдириб,
Таниш, ётлар келиб-кетдилар.

Бош мураббий зўрини излаб,
Топмоқ учун ўйнадик пойга.
Олам кезиб чиқдик неча бор,
Фақат, қадам етмади Ойга.

Рауф билан Биродар Ҳасан,
Номига шеър, достон тўқидик.
Сал ўтмайин Оғамуродни,
Ётсан дея роса «чўқидик».

Непомoшни чорладик дарҳол,
Лекин, ишлаб ҳурмат топмади.
Ишқибозлар ёниқ дил билан,
Унга зарли чопон ёпмади.

Тажрибали Сальков, Садирин,
Бир йилдаёқ ишлаб «толдилар».
«Бу қандайин футбол» деганча,
Ер чизишиб, ўйлаб қолдилар.

Келган эди Юрген Геде ҳам,
Орзулари бир жаҳон бўлиб.
Тушунолмай турли «фармон»ни,
Ном чиқарди «хом, ёмон» бўлиб.

Да Сильвадек номдор мураббий,
«Эски дард»га излади чора.
Аммо кўнгил косаси синиб,
Ўз юртига кетди бечора.

Хоугтонга раҳмим келади,
Гоҳо тушса ёдимга шўрлик.
Умрим ўтди тилмоч бўлолмай,
Қуриб кетсин мендаги ғўрлик.

Вадим Абрам ажойиб инсон,
Қут-барака бордир ишида.
Футболдаги илми, уйғотар,
Тотли ҳавас ҳар бир кишида.

Миржалолни даҳо ҳисоблаб,
Мақтовларга кўмиб ташладик.
Кеч бўлса-да англаб хатони,
Билинтирмай бошни қашладик.

Самвелжондан туну-кун кутдик,
Мундиал йўлланмасин,
Жамоага «янги қон қуйиш»,
Номин олган қўлланмасин.

Навбат келди Эктор Куперга,
Қатар томон тикамиз кўзни.
Ёмон ўйлар кетсин узлатга,
Ул, албатта, оқлайди тузни.

Ишонч, ихлос беғубор дилни,
Безаб турар ҳамиша, ҳардам.
Яхши ният қилса ҳамроҳлик,
Дадил қадам ташлайди одам...

Биз мухлислар, тангри бандаси,
Қўл чўзамиз доим Қуёшга.
Илтижомиз бўлса ижобат,
Тўзим берар сабру-бардошга.
Баҳром СИДДИҚОВ,Жиззах шаҳри.

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Келиб-кетдилар