11:55 / 23.12.2018
5 345

Руслан Нуриддинов допинг сабабли оғир атлетикадан четлаштирилди

Руслан Нуриддинов допинг сабабли оғир атлетикадан четлаштирилди
2012 йилги Лондон Олимпиадасида иштирок этган беш нафар оғир атлетикачидан олинган таҳлиллар Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан қайта ўтказилган допинг текширувида ижобий натижа берган. Бу ҳақда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) матбуот хизматига таяниб, Kun.uz хабар қилди.

Қайд этилишича, допинг тестига ижобий реакция берган намуналардан бири ўша мусобақада 105 кг вазн тоифасида тўртинчи ўринни олган ўзбекистонлик Руслан Нуриддиновга тегишли. Ундан ташқари, 2012 йилги олимпия ўйинларининг -105 кг вазн тоифасидаги чемпиони украиналик Алексей Торохтий, -56 кг.да бронза медали соҳиби озарбайжонлик Валентин Христов, шунингдек мос равишда 8- ва 14-ўринни эгаллаган белоруслик Николай Новичков ва арманистонлик Мелин Далузян ҳам рўйхатда бор.

Халқаро оғир атлетика федерацияси ушбу беш спортчини вақтинчалик фаолиятдан четлаштирган.

Маълумот учун, Нуриддинов орадан тўрт йил ўтиб, 2016 йили Риода олимпия ўйинлари рекордини ўрнатган ҳолда олтин медалга сазовор бўлган эди. У 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида ҳам турнир рекордини янгилаб, тенгсиз бўлди.

Руслан 2013 йилда жаҳон чемпионлигига эришган, Осиё чемпионатларида ҳам икки маротаба ғолиб чиққан. У 2014 йилда тиззасидан жиддий жароҳат олгани туфайли операция столига ётган эди, аммо жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз ўтгач, бир йил реабилитация босқичини ўтишга мажбур бўлди. 2015 йилда Нуриддинов яна бир марта операция қилингач, қайта тикланиб спортга қайтиши учун 10 ой вақт талаб қилинганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Руслан Нуриддинов допинг сабабли оғир атлетикадан четлаштирилди