20:00 / 08.01.2019
2 975

Эктор Купер: «Биз Осиё Кубогига тайёрмиз»

Эктор Купер: «Биз Осиё Кубогига тайёрмиз»
Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг 1-турига якун ясаб берувчи Ўзбекистон – Уммон учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида Ўзбекистон термаси бош мураббийи Эктор Купер ва жамоа сардори Одил Аҳмедов иштирок этди.

«Айтишим мумкинки, биз фақатгина Уммон билан ўйинга эмас, бутун Осиё Кубогига диққат қаратган ҳолда тайёргарлик кўриб келдик. Юқори темпда машғулотлар олиб бордик. Тайёргарлигимизга баҳо бериш учун эртанги ўйинга қараганимиз маъқул», – деди Купер анжуманнинг кириш қисмида.

«Ҳаммани Осиё чемпионати бошлангани билан табриклайман. Эртага икки жамоани ҳам жуда қизиқарли ўйин кутиб турибди. Эртага биз учун ижобий кун бўлишини ва ғалаба қозонишни хоҳлардик», – дея ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди Одил Аҳмедов.

– Уммон Форс кўрфази чемпиони бўлди. Бу терма жамоага қандай баҳо берасиз, уни қай даражада ўрганиб чиқдингиз?
– Уммонни яхши терма жамоа дейиш учун унинг кучини майдонда кўришимиз керак. Улар муҳим мусобақа – Форс кўрфази кубогида ғалаба қозонишди, аммо улар буни эртага ҳам майдонда кўрсата олишлари керак. Биз барча рақибларимизни ҳурмат қиламиз, шулар қаторида Уммонни ҳам; аммо улардан ҳеч қачон қўрқмаймиз.
Осиё Кубогида ҳар қандай сюрпризлар кузатилиши мумкин. Ҳар қандай жамоа қанчалик кучли эканини майдонда исботлаши керак.

– (Савол Одил Аҳмедовга) Уммон терма жамоасининг асосий дарвозабони Ал Ҳабси Осиё Кубогида иштирок этмаяпти. Бу жамоангизга қанчалик қўл келади, деб ўйлайсиз?
– Бу Уммон терма жамоаси учун ҳақиқатан ҳам катта йўқотиш бўлди. Бу дарвозабонни яхши биламан, у – кучли дарвозабон. Агар бу йўқотиш бизга қўл келса, бундан хурсанд бўлардим.

– Жанубий Корея билан ўртоқлик ўйинидан кейин деярли 50 кун ўтди, бу вақт мобайнида бирорта ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказмади. Бу ҳолат сизни хавотирга солмаяптими?
– Чемпионат олдидан ўртоқлик ўйини ўтказмаслик қарорини мен қабул қилдим ва бундан хавотирга тушаётганим йўқ. Бу борада муаммо йўқ. Мен Осиё Кубогида иштирок этадиган терма жамоалар билан ўртоқлик учрашуви ўтказишга йўқ демаган бўлардим, аммо бу турнирда қатнашмаётган жамоаларга қарши ўйнашни маъқул топмадим. Шу билан бирга, жароҳатларнинг олдини олиш учун ҳам шундай йўл тутдик.

– Терма жамоани қабул қилиб олганингизда бир ойдан сўнг жамоа ҳақида умумий тасаввур ҳосил қиласизлар, дегандингиз. Ўтган вақт давомида ўзингиз истагандек жамоа ва ўйинни шакллантира олдингизми?
– Етарлича вақт бирга иш олиб бордик. Тайёргарлик вақтида кўп нарсаларни ўзгартирдик. Ҳеч қайси мураббий биз эртага майдонга чиқиб, ўзгача ва кутилмаган услубда тўп сурамиз, деб кафолат бера олмайди. Айтиб ўтганимдек, кўп жиҳатларда ўзгаришларга қўл урдик, буни эртанги ўйин кўрсатиб беради. Эртага томошабоп футбол намойиш этамиз, бу ҳамма мухлисларга ёқади.

– (савол Одил Аҳмедовга) Терманинг жисмоний ҳолати доимий равишда танқид қилиб келинади. Жамоанинг физик тайёргарлиги қай даражада бўлди?
– Машғулотларимизда жисмоний тайёргарликка қаратилган. Бу жиҳатга кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Майдонда 90 дақиқа югуриш керак. Ўйлайманки, жисмоний тайёргарлик юзасидан муаммо бўлмаслиги керак.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 9 январь куни «А» гуруҳида биринчи тур ўйинлари ўтказилади. Тошкент вақти билан соат 16:00 да Япония–Туркманистон, 18:30 да Ўзбекистон–Уммон ўйини бошланади. Дастлабки ўйин Абу-Дабида, Ўзбекистон термаси иштирокидаги баҳс Шаржа шаҳрида бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купер: «Биз Осиё Кубогига тайёрмиз»