19:18 / 16.01.2019
2 683

Анонс: Бугун Осиёнинг энг қайноқ дербиси

Анонс: Бугун Осиёнинг энг қайноқ дербиси
Бугун Тошкент вақти билан соат 21:00да Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг энг қайноқ ўйинларидан бири бошланади. Бу баҳсни гуруҳ босқичининг финали десак ҳам «ҳаққимиз кетмайди». «D» гуруҳида плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритган Эрон ва Ироқ гуруҳ ғолиби аниқланадиган ўйинда майдонга тушишади. Кескин курашларга бой кечиши кутилаётган баҳсга ОФК кутилганидек қитъанинг энг яхши ҳаками Равшан Эрматовни тайинлади. Нега бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар ўта кескин ўтади? Нега бу баҳс қитъанинг супердербиси номини олган?

«Қонли дерби»
1 599 километр умумий чегарага эга бу давлатлар ўртасидаги муносабат ўта мураккаб. Улар ўртасидаги сиёсий низонинг кучайишига кўпчилик Саддам Ҳусайнни айблайди. Айнан унинг Эрондаги нефть конларига қилган ҳужуми икки мамлакат ўртасида нақд 8 йил давом этган уруш бошланишига сабаб бўлади. Бу урушдан Саддам ҳеч нарсага эриша олмайди ва Ироқ иқтисодиётини оғир аҳволга келтиради. Турли маълумотларга кўра бу урушда икки томондан жами 400 мингдан 700 минггача киши ҳалок бўлган. 1,5 миллиондан ортиқ киши яраланган. Жангларда болалар ҳам қатнашган. Узоқ тарихга эга икки давлат ўртасидаги можаро спортга ҳам кўчган ва Эрон – Ироқ ўйини доимо ўта принципиал характерга эга бўлиб келади.

Эрон ва Ироқ ўзаро 22 марта тўқнаш келишган. Устунлик шубҳасиз Эрон томонида - 12-5-5. Лекин жамоаларнинг охирги ўйинида Ироқнинг қўли баланд келган. 2017 йил 18 март куни Теҳронда ўтказилган ўйинда Ироқ 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Ўшанда хавфсизлик сабаб мухлислар стадионга қўйилмаган, жамоалар бўм-бўш «Озодий»да ўйин ўтказишганди.

Осиё Кубокларида ҳам жамоалар тез-тез тўқнаш келишади. Бугунги ўйин жамоаларнинг қитъа чемпионатидаги 7-тўқнашуви бўлади. Бу турнир миқёсидаги устунлик ҳозирча Эрон томонида – 4:2. Эрон ва Ироқ кетма-кет учинчи марта Осиё Кубогида тўқнаш келаётганларини ҳам таъкидлаш керак. 2011 йил Эрон гуруҳ босқичида амалдаги чемпион Ироқни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, ўтган Осиё Кубогида жамоалар мусобақанинг энг зўр ўйинини ўтказиб беришганди.

Канберрадаги «триллер»
2015 йили Осиё Кубогида ҳам Эрон ғолиблик учун асосий даъвогарлардан деб қаралаётганди. Чунки Кейруш жамоаси мусобақага 3 йил давом этган мағлубиятсиз серия билан боради. Эронни Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 2012 йил ноябрда Теҳронда мағлуб этгани ёдингизда бўлса керак. Ўша мағлубият Эрон учун 2015 йилги Осиё Кубоги чорак финалигача охиргиси бўлиб туради. Гуруҳ босқичида форслар БАА, Қатар ва Баҳрайн қатнашган «ўлим гуруҳи»да катта устунлик билан биринчи бўлади. Ироқ эса Япония қатнашган гуруҳда иккинчи бўлиб чорак финалга чиқади.

Чорак финал доирасидаги Эрон – Ироқ ўйини Австралия пойтахти Канберрада ўтказилади. Учрашув олис «Яшил қитъа»да ўтказилганига қарамай, стадион мухлислар билан тўлади. Ўйинда ҳисобни Сардор Азмун очади. Ёш ҳужумчи ўнг қанотдан Вория Ғофури узатган тўпни бош билан дарвозага йўллаб жамоасини олдинга олиб чиқади – 1:0. 43-дақиқада эса ўйинда бурилиш ясаган воқеалардан бири содир бўлади. Рақиб жарима майдончаси ичида ўзини тута олмаган эронлик Меҳрдод Пўлади Ироқ дарвозабони Жалол Ҳасанни (у бугун ҳам асосий таркибда ўйнаса керак) тепиб юборади. Маҳаллий ҳакам Бенжамин Жо Уильямс эса Пўладига иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб майдондан четлатади.

Эроннинг бир киши кам бўлиб қолгани иккинчи бўлим аввалидаёқ ўз сўзини айтади. Кейруш бўшаб қолган чап қанотни тўлдириш учун яримҳимоядан Маъсуд Шожаийни олади ва унинг ўрнига Воҳид Амирини туширади. Ироқ эса 56-дақиқада айнан Амирининг қанотидан ҳужум уюштириб, Аҳмад Ёсиннинг голи эвазига ҳисобни тенглаштиради. Бироқ Эрон бир киши кам бўлишига қарамай, асосий вақтда 1:1 ҳисобини сақлаб қолади.

Ҳақиқий «жанг» эса қўшимча бўлимларда бошланади. 93-дақиқада нафақат Ироқнинг, балки бутун Осиё футболининг афсонаси Юнус Маҳмуд қанотдан узатилган тўпни ажойиб тарзда бош билан дарвозага йўллайди ва жамоасини олдинга олиб чиқади – 1:2. Бироқ эронликлар бир киши кам бўлишларига қарамай 103-дақиқада ҳисобни тенглаштиришади. Муртазо Пуралиганжи бурчакдан узатилган тўпни бош билан дарвозага жойлаб қўяди – 2:2.

Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Ироқ 116-дақиқада пенальтидан гол уриб олдинга чиқиб олади ва байрамни бошлаб юборади. Бироқ Эрон қанчалик иродали эканини яна бир бор исботлайди. 119-дақиқада форслар яна бурчак тўпи тепишади. Бу вазиятда дарвозабон Алиризо Хагиги ҳам Ироқ жарима майдончасига етиб келади. Бурчакдан узатилган тўпни Жавод Некунам дарвозага йўллайди. Тўп устунга тегиб қайтади. Қайтган тўпни Жалол Ҳусайни зарб билан дарвозага йўллайди, бу гал тўп дарвоза тўсинига тегади, учинчи уринишда эса Ризо Гучаннажот бош билан тўпни дарвозага йўллайди – 3:3. Бу голдан кейин стадион «портлайди». Эрон бир амаллаб ўйинни пенальтилар сериясига олиб боради, лекин серияда ироқликларнинг омади келиб ғолиб бўлишади. Бу ўйин ўтган Осиё Кубогининг энг қизиқарли баҳси бўлиб ёдда қолганди.

Эрматов учун иккинчи дерби
Бугунги ўйинни Равшан Эрматов бошқаришини айтдик. Осиёнинг охирги 10 йилликдаги энг зўр ҳаками иккинчи марта Эрон ва Ироқ ўртасидаги расмий ўйинни бошқаради. Ўзбекистонлик ҳакам жамоаларнинг 2011 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган баҳсини ҳам бошқарган. Ўшанда унчалик кучли бўлмаган Эрон гуруҳ босқичидаги Ироқ устидан қозонилган ғалабани қандай байрам қилгани ёдингиздадир. Биз эса ўша баҳсдаги бошқа жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Эрматов ўта асабий кечган ўйинни жуда зўр бошқарган ва бутун ўйин давомида атиги битта сариқ карточка кўрсатган. Балки ОФК шу сабаб бугунги ўйинга ҳам Эрматовни тайинлагандир.

«Биз хатони такрорламаслигимиз керак»
Бугунги ўйиндан олдин ҳозирча Осиё Кубогида майдонга тушмаган Алиризо Жаҳонбахш шундай деди: «Биз хатомизни такрорламаслигимиз керак». Эронлик барча футболчилар 2015 йилги мағлубиятни хато деб ҳисоблашади. Кейруш ҳам ўйиндан олдин ўтказилган матбуот анжуманида ўша баҳсни эслади: «2015 йилги ўйинни яхши эслайман. Жуда зўр ўйин бўлганди. Бундай баҳсларда кичик деталлар масалани ҳал қилади. Ўша ўйинни жаноб Бенжамин Уильямс бошқарганди. Унга салом йўллаган ҳолда айтишим керакки, яхшиям эртанги учрашувни у бошқармайди».

Эрон яққол фаворит
Ироққа қарши ўйинда Эронга ҳеч қачон осон бўлмаганини рад этмаган ҳолда айтишимиз мумкинки, бугунги ўйиннинг яққол фаворити Эрон. Кейруш жамоаси айниқса охирги 4 йилда жуда ўсди. Кейруш билан 2 марта жаҳон чемпионатида қатнашган Эрон айни дамда Осиёнинг энг кучли жамоаси. Бу жамоа жаҳон чемпионати баҳсларида қанчалик шиддат билан ҳаракат қилган бўлса, Осиё майдонларида шунчалик хотиржам ва совуққон ўйин кўрсатади. Ироқ эса ҳамон аниқ услубдан кўра шиддатга ва эҳтиросга таянадиган жамоа. Юнус Маҳмуд кетганидан сўнг футбол тили билан айтганда «Кийим алмаштириш хонасидаги етакчиликни» Али Аднан қўлга олгани кўринмоқда. А Серия вакили «Аталанта»да ўйновчи Али Вьетнам дарвозасига гол ургач кўрсатган хунук қилиғини инобатга олмаса, етакчиликни яхши уддаламоқда. Ундан ташқари, Муҳаннад Али ҳақида ҳам яхши гаплар айтилмоқда.

Эронда эса бирор футболчини ажратиб кўрсатиш қийин. Чунки бутун жамоа юлдуз футболчилардан ташкил топган. Ҳар ҳолда Осиё учун эронлик футболчиларнинг деярли барчаси юлдузлар. Англия Премьер-Лигасида ўйновчи, ўтган мавсум Нидерландия чемпионати тўпурари бўлган Алиризо Жаҳонбахш дастлабки икки ўйинда майдонга тушмаганининг ўзиёқ Кейруш жамоасида қандай рақобат юзага келганини кўрсатади. Хуллас, бу ўйинни ўтказиб юбормаслик учун сабаблар етарли. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади ва «Спорт» телеканалида жонли эфирда олиб берилади. Ўтказиб юборманг.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Анонс: Бугун Осиёнинг энг қайноқ дербиси