Купер услуби ўзбек футболига бегона

  • 25 январь 2019, 09:18
  • 2 384
  • Спорт
  • Купер услуби ўзбек футболига бегона
    Ўзбекистон терма жамоаси учун жуда эрта якунланган Осиё Кубоги ва Эктор Купернинг ишини таҳлил қилиб кўрамиз.
    Келинг, аввало бир нарсани эсга оламиз. Купер қўл остида ўртоқлик учрашувлари ўтказганимизда ва ундаги мазмунсиз футболдан кейин мураббийни кўп ҳам танқид қилмагандик. Чунки ўртоқлик учрашувлари мураббий учун хизмат қилиши кераклигини энг кўп таъкидлаган ўзим бўламан. Купернинг ишига ҳақиқий баҳони Осиё Кубогидан кейин беришимизни айтгандик. Кутилмаганда Осиё Кубоги вакилларимиз учун жуда эрта тугади. Ўзбекистон терма жамоаси Купер қўл остида минимум чўққимиз саналган чорак финалга қадар ҳам чиқишни уддалай олмади.

    Аввалроқ сайтимиз ходими, ҳамкасбим Хайрулла ака Холиқов Осиё Кубогидаги иштирокдан қониқиш хосил қилганини ва Куперда ишонишда давом этиш лозимлигини таъкидлади. Кечирасиз-у, мен бу фикрга умуман қўшилмайман. Нега?

    Келинг, дастлаб Купер услуби ҳақида тўхталамиз. Эктор Купер ўз услубига монанд равишда бизга ҳимоявий ўйин тактикасини сингдиришга уринди ва услубидан воз кечмади. Купер Ўзбекистон терма жамоасининг мавжуд потенциалидан фойдаланишдан кўра, ўз услубидан келиб чиққан ҳолда ўйнашни афзал кўрди. Бунда Куперни айблаш ҳам нотўғридек. Чунки мураббий фалсафаси шундай кўринишда ва ҳозирги замонавий футболга қараб ўз тушунча ва қарашларини ўзгартирадиган ёшдан ўтган. Яъни, Купер футболда мураббий сифатида ниманидир исботлайдиган жўшқин ёшдан ўтган. Кўп йиллар мобайнида тўплаган тажрибасига таянган ҳолда бир хил йўналишда ишлайдиган мураббий.

    Купернинг услуби бизнинг футболга бегона. Бизнинг футболчилар тўпсиз футбол ўйнашни хуш кўришмайди. Рақиб таклиф этадиган футболга кўниб ўйнаш, ўз кучидан фойдаланиш ўрнига бировнинг хатосини кутиб ўтириш мавжуд потенциалимизни юзага чиқаришни секинлаштирмоқда. Эътибор беринг, киритган голларимизнинг аксарияти айнан рақиб хатосидан сўнг юзага келган тезкор ҳужумлар орқали урилди. Позицион ҳужум ташкил этиш ва аввалдан ўйланган комбинацион футболни унутдик ҳисоби. Айнан шу Купернинг услуби. Ундан бу услубни ўзгартиришни талаб қилиш абсурд. Мураббий қатор йиллар давомида воз кечмаган услубидан энди чекинмайди. Куперда ҳеч қачон иккинчи режа бўлмаган.

    Хайрулла Холиқов тактик футбол кўрдик, ниҳоят бизда тактика пайдо бўлди, деб ёзганлар. Гап қайси тактика ҳақида кетмоқда? Австралиядан 120 дақиқа давомида ўтказилмаган гол Купернинг бизга татбиқ этаётган тактикаси хосили сифатида қаралмоқдами? Шундай бўш ва кучсиз Австралиядан гол ўтказмаганимизни қаҳрамонликка йўйишми бу? Агарда шундай бўлса, бу футболимизни ерга уриш билан баробар. Чунки ҳозирги Австралияга қарши футбол ўйнаса бўлади. Тўғри, ҳозирги жамоамиз буни қанчалик уддалайди ёки йўқ, мушкул савол. Аммо ўзбек футболининг устун жиҳатларидан фойдаланган ҳолда футбол ўйнасак, ҳозирги "кенгурулар"ни ютишимизга ишонаман. Аммо асло Купер услубидаги футбол орқали эмас.

    Узоққа кетмайман, яқинда вақтинча Кападзе бошқарган терма жамоамиз жаҳонда ўз номига эга бўлган Сенегал, Марокаш ва Уругвай билан қандай футбол ўйнади? Учта учрашув, уч хил таркиб ва барчасида сифатли ўйин. Муҳими, ўшанда номдор ва кучли ижрочиларга бой жамоаларга қарши бемалол футбол ўйнагандик. Чуқур ҳимояга асосланган қўрқоқ ўйин эмас, ҳимоя чизиғимиз ҳам марказга юқори жойлашган ҳолда тўп билан қандай ўйнай олишимизни исботлаганди. Айнан Кападзе Купер келишидан аввал ўзбек футболининг мавжуд потенциалини бизга кўз-кўз қилиб қўйгани учун ҳам раҳмат!

    Тактик ўйин деганда аввало жамоа ўзидан кучли рақибга қарши наф чиқара оладиган ўйинни тушунаман. Яъни, жамоа кучли рақибга қарши тактик ўйин орқали ёндошиб, унинг кучли жиҳатларини зарарсизлантира олиши тактик футбол ҳисобланади. Бу иш натижа келтирсагина тактик тўғри ёндошув бўлганини таъкидласак арзийди. Купер татбиқ этаётган услуб бизга на натижа ва ўйин келтирди. Купер яқинда матбуот анжуманида бутун мусобақани алоҳида ўйинларга ажратиб чиқиш нотўғрилигини айтди. Қўшиламан! Шу боисдан ҳам Австралияга қарши 120 дақиқа гол ўтказмаганимизни қаҳрамонликка йўйишдан кўра, бутун Осиё Кубогида нимага эришганимизни таҳлил қилиш яхшироқ.

    Нимага эришдик? Ҳеч нарсага! Нимчорак финал бизнинг минимумиздан ҳам паст кўрсаткич! Купер одатда бундай мусобақаларда финалга қадар боради, биз эса чорак финал бекатини яхши кўрамиз. Лекин аргентиналик мутахассис Осиё футболида ўзининг ҳам, бизнинг ҳам минимум манзилимизга боришга қурби етмади. Нимчорак финалда Австралияга дуч келганимиз орқали буни оқлаш абсурд. Биринчидан, биз учинчи тур олдидан нечанчи ўринни олсак эҳтимолий рақиблармизни билган ҳолда майдонга тушдик. Купер эса ўзи танлаган йўлдан юрди. Иккинчидан, хорижлик мураббий бизга аслида шундай оғир вазндаги жамоаларни ютиш учун олиб келинган. Ҳозирча уларнинг барчаси билан ўйнадик ва ҳаммасида якунда рақибларимиз ғолиб бўлишмоқда. Ҳеч қайси жиҳатдан терма жамоамизга Купер эффекти сезилмаяпти. Умуман кўринмаяпти. Барча жойда натижага жавобгар шахс мураббий. Айниқса у хорижлик мутахассис бўлса. Ҳар ҳолда Купер чакана маошга ишламайди.

    Уммонга қарши ўйиндан кейин муҳими натижа дедик. Тўғри. Австралия билан ўйиндан кейин ҳам натижани унутиб қўймайлик! Мен ёзган жиҳатлар, услуб ва бошқа нарсалар ҳақида бемалол баҳслашса бўлади. Аммо бир фактни унутмаслик керак: натижа! Осиё Кубогида қўлимиздан келгани омад ва индивидуал маҳорат эвазига Уммон мағлуб этилгани ва даража ўз сўзини айтган баҳсда Туркманистон тор-мор келтирилгани. Қолган баҳсларда, айниқса айнан мураббий, Купер имзосига эҳтиёж сезилган учрашувларда нимага эришдик?

    Купердан нега натижа талаб қиляпман? Кимдир учун 6 ой муддат кам. Ким учундир кўп. Купер келганидан сўнг жами тўртта йиғин ташкил қилинди. Айниқса биринчи йиғин исталган мураббий учун етарли бўладиган муддат, 2 ҳафтадан кўпроқ кечди. Купер Осиё Кубогида жамоани етарлича тайёрлаши учун унга имконият берилди. Мураббий эса мусобақа давомида терма жамоанинг асосий таркибини аниқлашда қийналди. Уммонга қарши туширилган таркибдан тўрттаси кейин захирага олинди. Бу мураббий Осиё Кубогига қадар ҳали бошланғич таркиб ҳақидаги тасаввурга ҳам тўлиқ эга бўлмаганини англатади. Мусобақа олдидан эса ўртоқлик учрашуви ташкил этилмаганини Купер истаги билан қилингани айтилди. Демак мураббий бу борада баҳона қилишга ҳаққи йўқ. Мусобақа олдидан эса чемпионлик вазифасини бажариш учун кетаётганини таъкидлашдан чарчамади.

    Осиё Кубогига Купер терма жамоамизнинг қитъа чемпионатида ўйнайдиган энг қария таркибини йиғди. Кўпчилик тахмин қилган ва Купер қўл остида янада чархланишини кутган Осиё чемпионларидан атиги тўрттаси БААга опкетилди. Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида энг яхши футболчи дея тан олинган Ҳамробеков ва ҳимоя қурғони вакили Достон Турсунов мусобақани захира ўриндиғидаги мухлис сифатида кузатди. Купер олиб келган таркиб ҳамда у танлаган йўл фақат ва фақат натижага қаратилганди. Яъни, Купер ҳозир ЖЧ-2022 саралашини ўйлади деб топилувчилар бўлса, улар қаттиқ адашишади. Чунки кўп жиҳатдан БААга келган таркибдаги Нестеров, Шораҳмедов, Исмоилов, Аҳмедов, Бикмаев каби футболчилар ЖЧ саралашида терма жамоа аъзолари сафидан чиқишлари катта эҳтимол. Купер ёшларга ишонч ҳам билдирмади ва уларга таянмаслигини амалда кўрсатди. Яқин келажакда терма жамоамиз ўзаги бўлиши кутилаётган Акром Комилов, Рустам Ашурматов, Бобир Абдихолиқов каби пишган ниҳоллар бутунлай эътибордан четда қолди. Купер тажрибали бўлган Виталий Денисов хизматидан фойдаланишни очиқчасига инкор қилди.

    Купер Осиё Кубогига олиб кетмаган таркибдан ҳам яхшигина бир жамоа тузса бўлади аслида.

    Эктор Купер Осиё Кубогига Ўзбекистон терма жамоасини муносиб тайёрлай олмаганини кўриш мумкин. Мусобақада айнан Купер бизнинг энг кучсиз тарафимизга айланди. Жамоамиз жисмоний жиҳатдан ҳам етарли тайёргарлик кўра олмагани Австралияга қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида яққол кўринди. Куперда жамоани Осиё Кубогиги тайёрлаш учун 6 ой вақт бўлди. Шу ўтган вақт давомида ўзини ҳақиқий жамоасини туза олмаган мураббий ЖЧ саралаш пайтида буни уддалашига ишониш қийин. Айниқса бизга бегона бўлган услубдан фойдаланган ҳолда. Буёғига терма жамоамиз 2 ҳафталаб йиғинлар орқали ЖЧ саралашига тайёргарлик кўра олмайди. Фақатгина ФИФА кунлари жамоа тўлиқ таркибда йиғилади ва 2-3 кун ичида ўйинга тайёр бўлиши талаб этилади. Камига Купер ЖЧ саралаш босқичида ҳам янгитдан жамоа тузишга киришиши керак. Жаноб мураббий буни қанчалик уддалай олишини эса кўрдик.

    Эктор Купер билан дастлабки ташкил этилган матбуот анжуманида мураббийга бир савол билан юзлангандим: "Жаноб мураббий, сиз қўл остингиздаги футболчилардан келиб чиқиб тактика белгилайсизми ёки услубингизга қараб футболчиларни танлайсизми?". Ўшанда Купер аниқ бир жавобни бермаганди. Энди келдим, бу ҳақда гапиришга эрта дегандек. Нега буни сўраганман? Чунки мен учун мураббий икки хил тоифага бўлинади: Мавжуд футболчиларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тактика танлайдиган. Ёки ўз услубига содиқ қолган ҳолда қўл остидаги футболчиларни ўша фалсафа асосида ўйнатадиган мураббий. Менга кўпроқ биринчи тоифадаги мураббийлар ёқади. Яъни, тактик кучли ва билимдон. Тактик мураббий деганда ҳимояда ётиб олишни эплайдиган мураббийни эмас, вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўйинга тактика белгилаш ва бундан наф чиқарадиган мутахассисни тушунаман. Ўшандагина мураббийни тактик билимдон дейиш мумкин. Бизга айнан қўл остида йиғиладиган футболчиларнинг имкониятидан келиб чиқиб тактика танлайдиган ва услубни исталган пайт ўзгартира оладиган мураббий керак! Кучли ошпаз мавжуд масаллиғдан ҳам ширин таом тайёрлай олишни билгандек гап бу.

    ЎФА раҳбарияти мураббийлар кенгаши тузиб чиқиб, мутахассислар фикри билан қизиқиши лозим. Етакчи мутахассислар терма жамоамиз ўйинини ва Купер танлаётган услубни обдон таҳлил қилиб, холисона хулоса беришлари ва шундан сўнг Купернинг фаолияти қайта кўриб чиқилиши лозим. Мен Куперни истеъфога чиқариш керак демайман. Буни ўз ишининг усталарига қолдириш керак деган фикрни илгари сураман. Ҳар ҳолда Осиё Кубогидаги натижамиз мутлақо қониқарсиз! Ўйинимиз эса ҳаминқадар. Бунга шунчаки кўз юмиш кейин қимматга тушиши мумкин.

    Аввал ҳам айтганимдек, Купер услуби ўзбек футболига бегона.
    Shahboz Beg'amov

    Манба: championat.asia

    » » Купер услуби ўзбек футболига бегона